​Ўзбекистоннинг виза сиёсати NHK нигоҳида

0
171
марта кўрилган.

Япониядаги NHK телерадиокомпаниясининг янгиликлар дастурларида ҳамда Кунчиқар мамлакат қатор электрон нашрларида Ўзбекистонда хорижлик сайёҳлар учун виза бериш тартиби соддалаштирилгани мавзусига тез-тез мурожаат қилинмоқда.

Хабар берилаётганидек, мамлакатимиз раҳбарияти, жумладан, хорижлик меҳмонлар учун виза бериш тартиботини соддалаштириш воситасида сайёҳликни янада юқори даражага кўтариш ниятидадир. 2018 йил 10 февралдан эътиборан республика ҳукумати 39 мамлакат фуқаролари учун саёҳлик визаси олиниши тартибини енгиллаштирди. Бундан ташқари, 7 мамлакат аҳолиси – Япония, Исроил, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Жанубий Корея фуқаролари визасиз 30 кун Ўзбекистонда бўлишлари мумкин.

Япон оммавий ахборот воситаларида қайд этилаётганидек, Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил охирида ўз вазифаси ижросига киришганидан буён изчиллик билан мамлакатнинг дунёга очиқлигини таъминлашга йўналтирилган фаол сиёсат олиб бормоқда. Бундай чора-тадбирлар миллий иқтисодиёт ривожланишида сайёҳлик жабҳасининг ҳиссасини салмоқли даражада оширишга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

“Инсоний капиталга — 32 миллиондан зиёд аҳолига эга бўлган Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг муҳим ва йирик мамлакат ҳисобланади. Унинг Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарлари ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган. Амалий ислоҳотлар натижасида 2017 йили Ўзбекистонга келган япон сайёҳларининг сони биринчи маротаба 9,5 минг кишини ташкил этди”.

Хабар-мақолаларда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозиловнинг интервьюси тафсилотларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбек дипломати визасиз режим йўлга қўйилгани муносабати билан янада кўплаб японлар ўзбек халқининг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишишларига умид билдиргани маълум қилинган. Шу билан бирга, Ўзбекистон элчиси бундай саъй-ҳаракатлар Тошкент ва Токио ўртасидаги стратегик шериклик ва иқтисодий ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланишига қўшимча омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлаган.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат  портали

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.