Самимий қутловлар

0
81
марта кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни қатор хорижий давлатлар етакчилари билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Жумладан, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан суҳбатлар бўлиб ўтди.

Улар давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва демократик янгиланишларнинг янги дастурини амалга оширишдаги муваффақиятлар, халқаро майдондан юртимиз нуфузи мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Ўтган ҳафта Тошкент шаҳрида муваффақиятли ўтказилган Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини ривожлантириш бўйича халқаро конференциянинг самарали натижалари юқори баҳоланди.

Икки томонлама ва халқаро кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Афғонистон бўйича юзага келаётган вазият муҳокама қилинди.

Россия Президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёев атоқли давлат арбоби, ўз мамлакатининг ҳақиқий етакчиси сифатида юртдошларининг ҳақли ҳурмат-эътирофига ва халқаро майдонда юксак обрўга сазовор бўлганини таъкидлади.

Президентимизнинг амлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, турли йўналишларда сермаҳсул икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси беқиёс экани қайд этилди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Россия-Ўзбекистон алоқаларининг бутун кўлами янада кенгайишига ишонч билдирилди.

Телефон мулоқоти чоғида Ўзбекистон-Россия стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал суръатлар билан ривожланаётгани, энг аввало, ўзаро товар айирбошлаш барқарор ортиб бораётгани, иқтисодиёт тармоқларида қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурлари муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватларни тез фурсатда ишга тушириш муҳим экани таъкидланди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан суҳбатда икки томонлама кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Президентимизнинг қатъий раҳбарлигида Ўзбекистон ўз минтақасида эришаётган пешқадамлик ролини тобора мустаҳкамлаб бораётганини Туркия катта мамнуният билан кузатиб бораётгани ва буни қўллаб-қувватлаши алоҳида таъкидланди.

Сиз, Жаноби олийлари билан орамиздаги самимий дўстликни мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик қардошлик ришталаридан куч олган яқинликнинг бир тимсоли деб биламан ва бундан қувонаман, деб қайд этди Туркия етакчиси.

Кейинги йилларда Ўзбекистон-Туркия кўп қиррали ҳамкорлигининг жадал ривожланишига хизмат қилаётган ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Пандемия оқибатларига қарамай, жорий йил бошидан товар айирбошлаш қарийб икка бараварга кўпайди, 230 дан ортиқ янги қўшма корхона ташкил этилди, муҳим маданий-гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбарлари бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқдилар ҳамда жорий йил якунига қадар мамлакатимизда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш муҳим эканини таъкидладилар.

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан мулоқотда Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва кенг кўламли ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Устувор йўналишларда қўшма лойиҳа ва дастурларнинг амалга оширилишини давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Элбоши мамлакатимиз етакчисининг машаққатли меҳнати ва катта сиёсий тажрибаси Ўзбекистоннинг янада равнақ топишига, унинг халқаро нуфузи юксалишига хизмат қилаётганини қайд этди.

Бугун Ўзбекистон ўз давлатчилигини жипслаштириш ва мустаҳкамлаш, ўз халқи фаровонлигини ошириш йўлида юксак чўққиларни забт этаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан Нурсултон Назарбоев юртимиз Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бундан буён ҳам шиддатли ривожланиши ва катта мақсадларга эришишда давом этишига ишонч билдирди.

Россия Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан суҳбатда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суришга хизмат қилаётган фаол парламентлараро алмашинувлар йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.

Парламентлараро иттифоқ ва МДҲ Парламентлараро ассамблеяси доирасидаги яқин ва конструктив мулоқотни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Матвиенко хоним Президентимиз Шавкат Мирзиёев қарорлар қабул қилишдаги вазмин ёндашуви ва самарали давлат сиёсатини амалга ошираётгани туфайли Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида ҳақли ҳурмат-эътибор қозонганини таъкидлади.

«Республиканинг энг янги тарихи Сизнинг номингиз билан чамбарчас боғланган. Сизнинг доно раҳбарлигингизда ижтимоий янгиланишлар йўлидан дадил борилмоқда, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим вазифалар ҳал қилинмоқда, қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Одамлар ва уларнинг келажагига доимий ғамхўрлигингиз билан “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади” деган тамойилнинг ҳақиқат эканини амалда исботлаяпсиз», — деб таъкидлади Россия Федерация Кенгаши Раиси.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.

Туркманистон етакчиси мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги муваффақиятлари, халқаро майдонда ортиб бораётган нуфузи билан эътироф қилинаётган Ўзбекистоннинг замонавий тарихи айнан Шавкат Мирзиёев номи билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади.

“Сиз жонажон халқингиз манфаатларини ҳимоя қилишга, умуммиллий мақсад ва дастурларни амалга оширишга ўзингизни бағишладингиз. Ватанга садоқатли хизматингиз юксак эътирофга муносиб”, — деб қайд этди Туркманистон Президенти.

Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, энг аввало, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олинди.

Президентлар жорий йил 6 август куни “Аваза” миллий туризм ҳудудида ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида тўхталдилар. Бўлажак тадбирнинг кун тартиби ва дастури юзасидан фикр алмашилди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан суҳбатда давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, энг аввало, уларни янги лойиҳа ва дастурлар билан бойитиш муҳим эканини таъкидладилар.

Президентимиз давлат ва халқ манфаатлари йўлидаги тинимсиз хизмати, сиёсий донишмандлиги ва иродаси билан юртдошларимиз орасида юксак обрўга ва халқаро ҳамжамиятда беқиёс ҳурматга сазовор бўлгани алоҳида қайд этилди.

Қозоғистон раҳбари Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев етакчилигида барқарор тараққиёт ва равнақни таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, Тошкентнинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар йўлини давом эттираётганини таъкидлади.

Шунингдек, бўлажак олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирларга, шу жумладан август ойининг бошида Туркманистонда ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан суҳбатда жорий йилнинг 10-11 июнь кунлари Тожикистон Республикасига расмий ташриф якунлари бўйича қабул қилинган битим ва келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Президент Эмомали Раҳмон давлатимиз раҳбари биродар Ўзбекистон Президентидек юксак лавозимда юртимиз барқарор сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини таъминлашга беқиёс ҳисса қўшаётгани ва Ватан равнақи йўлидаги олий мақсадларга фидокорона хизмат қилишнинг ёрқин намунасини кўрсатаётганини таъкидлади.

“Мамлакатингизда кейинги йилларда рўй бераётган кенг кўламли янгиланишлар Сизнинг номингиз билан боғлиқ. Тожикистон-Ўзбекистон дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшяпсиз, — деб қайд этди Эмомали Раҳмон.

Келгуси ойнинг бошида Туркманистонда минтақа давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини ҳамда жорий йилнинг сентябрь ойида Тожикистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитини ўтказишга тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди.

Президент Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва чуқур ўйланган раҳбарлиги туфайли Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг турмуш даражаси юксалгани, мамлакат иқтисодиёти янада тараққий этаётганини таъкидлади.

Мамлакатимиз етакчисининг тинимсиз фаолияти натижасида Ўзбекистон халқаро даражадаги нуфузини мустаҳкамлаётгани, яқин ҳамкорликни кучайтиришга кўмаклашаётгани қайд этилди.

Қирғизистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига қўшаётган шахсий ҳиссасини юксак баҳолади.

Жорий йилнинг 11-12 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон саммити давомида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим экани қайд этилди. Энергетика, траснпорт, машинасозлик, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни жадал илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

* * *

Президент Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва парламентлар раҳбарлари, таниқли давлат ва жамоат арбобларидан қутловлар келган.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўз табрикномасида кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жадаллашаётгани ва Хитой бундан чин дилдан хурсанд эканини таъкидлаган.

Хитой етакчиси Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини ва уларни икки мамлакат ва халқ фаровонлиги йўлида янада юксак даражага олиб чиқиш учун Президентимиз билан биргаликда қатъий ишлашга тайёр эканини қайд этди.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ўз мактубида ўтган йил январб ойидаги онлайн саммит натижасида эришилган келишувлар оғишмай амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этди.

“Мамлакатларимиз алоҳида стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришда давом этмоқда ҳамдахалқаро ҳамжамиятнинг инклюзив яшил тикланиш ва углерод нейтралликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларга биргаликда қўшилмоқда”, дейилади жумладан мактубда.

Қуйидагилар ҳам самимий табриклар йўллашган:

Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко

Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши Раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев

Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазири Мансур бин Зоид Ол Наҳаён

Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Сайф бин Зоид Ол Наҳаён

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлики Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев

Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдод Амреев.

Қутловлар келиши давом этмоқда.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.