Сочида Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллиги нишонланди

0
324
марта кўрилган.

Сочига биринчи келишим. Табиати мафтункор, ҳавоси тоза. Кўкка бўй чўзган вуқорли  палмалар ва  турфа гулларга чўлғанган шаҳарнинг бир томони улуғвор тоғлар бир томони бепаён денгиз билан туташиб кетган. Гўзалликдан кўнглинг яйрайди.

Сочида яшаб, меҳнат қилаётган ўзбеклар кўп экан. Масалан, асли Сурхондарёлик бўлган Сабохон Кенжаева ўз оиласи билан йигирма йилдан буён шу ерда яшар экан.   Мавлуда Элмуродова эса эри билан Хабаровскда ҳарбий врач бўлиб ишлаган бўлиб, нафақага чиққандан кейин Сочида муқим макон топишган. Меҳринисо Очилова ва Раъно Валижоновалар эса Сочида очилган ўзбек миллий таомлари ошхонасида меҳнат қилишар экан. Сочида яшаётган ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар биргалашиб ҳар йили рўза ва қурбан ҳайитини, ҳамда  киндик қони тўкилган юртларининг мустақиллиги кунини байрам қилишар экан.

Сочидаги миллий маданият марказида ўзбек, тожик, қирғиз миллатлари вакиллари биргаликда ўз республикаларининг  мустақиллигига бағишланган тадбир уюштиришди. Тадбирга  биз каби  Сочида даволаниб дам олаётган ўзбекларни ҳам таклиф қилишди.  Тадбирда қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова ўзбек ва рус халқининг азалий дўстлиги ҳақида гапирди. Мен  турли миллатларнинг бир ҳудудда ҳаёт кечириши том маънодаги бойлик эканлиги, Ўзбекистонимизда 130дан ортиқ миллат ва элат вакилларидан иборат  33 миллион аҳоли дўстона яшаб юрт мустақиллигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётганини, кўплаб миллий маданият марказлари, жумладан рус миллий маданияти маркази  мавжудлиги ҳақида гапирдим.

Тадбирда Кирғизистондан келган санъаткорлар, Миллий марказ қошидаги ҳаваскор санъаткорлар шунингдек, Сочи шаҳрининг болалар бадиий ансамбллари  Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон республикаларининг  мустақиллик байрами билан қутлаб ўз санъатларини намойиш этишди. Шунингдек Сочида яшаётган ўзбек йигитлари андижон полкасига рақсга тушиб яйрашди. Жажжи қизчалар миллий кийимларда ўзбек рақсининг жозибасини кўз-кўз қилишди.

Тадбир охирида шарқона дастурхон безатилди. Дастурхонга миллий таомлар билан бирга эзгулик рамзи бўғирсоқлар қўйилди. Ош тарқатилди. Даврадошларнинг суҳбатини тинглаб, саъй-ҳаракатларига қараб юртни қўмсаб, улуғлаб яшашларини англадим.

”Болаларимиз рус мактабларига боришади, бироқ ўзбек тилини, миллий урф-одатларни, қадриятларни унитмаслигига ҳам ҳаракат қиламиз. Шунинг учун  бу ерда ўзбек миллий маданият марказини расмий равишда  очишга ариза бериб қўйдик”, – дейди тадбирларга бош-қош бўлган тадбиркор Сабохон Кенжаева. Ўзга юртларда, бегона одамлар орасида  ўз ўрнини топиш ҳам осон иш эмас аслида.  Бу ерларда юрганимизда ўзбек чойхонаси,  ўзбек миллий таомлари ошхонаси мавжудлигининг гувоҳи бўлдик. Албатта булар ҳам ўзбек халқининг  тадбиркорлигини англатиб туради.

 Сайру саёҳат, дунё кезиш, янги дўстлар орттириш яхши. Бироқ она тупроққа самолёт қўнганидаги юрак ҳаприқиши, уйга интилиш ҳаммасидан гўзал туйғу. Юртдан улуғ, юртдан буюк, она тупроқдан азиз нима бор дунёда! Оллоҳим  бор фақат. Ўзга юртларда Ўзбекистонни ардоқлаб, ўзбек миллий қадриятларини улуғлаб, рисқини топиб юрган кишиларга ҳам Оллоҳдан омонлик сўраб қоламиз.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.