Токио-2020: Олимпия спорт турлари бўйича етакчи давлатлар!

0
76
марта кўрилган.

Токио-2020 Олимпия ўйинларининг якуни бўйича бир қатор қизиқарли далилларни эътиборингизга ҳавола қилишда давом этамиз. Бу гал спорт турлари бўйича қайси мамлакат етакчилик қилгани ҳақида маълумот берамиз.

Бокс

Бу борада етакчилик Куба жамоасига насиб этди. Улар 4 вазн тоифасида финалга чиққан бўлишса, барчасида ғалаба қозонишди. Бу эса ҳеч шубҳа йўқки, биринчиликни уларга тақдим қилди. Ўзбекистон ва Болгария жамоалари 1 тадан олтин медаль билан саккизинчи поғонадан жой олишди. Насиб қилса, ҳали Париж-2024 Олимпиадасида етакчиликни қайтариб оламиз.

Таэквондо

Бу галги Олимпия ўйинларида ушбу спорт турида олтин медалларнинг тарқалиш географияси жуда кенг бўлди. Энг қизиғи, таэквондо ватани ҳисобланмиш Корея Республикаси бирорта ҳам олтин медаль ололмади. Фақат Россия Олимпия қўмитаси вакилларигагина 2 та олтин медаль насиб қилди. Улуғбек Рашитовнинг олтин медали бизни тўртинчи поғонага олиб чиқди.

Оғир атлетика

Бу борада хитойлик атлетлар якка пешқадам бўлишди. Иштирок этган 8 спортчисидан 7 таси чемпионликни қўлга киритган бўлса, 1 нафари кумуш медаль билан тақдирланди. Биз эса Акбар Жўраевнинг Олимпиада рекорди билан кучли бешликдан жой олдик.

Спорт курашлари

Ушбу спорт турида аёллар курашидаги устунлик мусобақа мезбонларини биринчи ўринга кўтариб юборди. Етакчилар қаторидан РОҚ ва АҚШ вакиллари ҳам жой олишди. Ўзбекистон термаси Бекзод Абдураҳмоновнинг шоҳсупага кўтарилгани эвазига медалчилар қаторини якунлаб турибди.

Дзюдо

Япон миллий спорти ўз уйидаги Олимпия ўйинларида яна бир бор қайта туғилгандек бўлди. “Nippon Budokan” аренада ўтган беллашувларда Давлат Бобоновнинг ғалабаси билан давлатимиз байроғи кўтарилди. Олимпиаданинг ҳар қандай медали қимматли. Муҳими, 200 дан ортиқ қатнашчи давлатлар орасида медаль ололган 26 давлат орасида биз ҳам бормиз.

Сузиш

Олимпия ўйинларида энг кўп медаллар жамғармаси ўйналадиган спорт турларидан бири. Унда АҚШ вакилларининг иштироки ушбу делегациянинг умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишида (11 та олтин) улкан ҳисса қўшди. Иккинчи ўрин 9 та олтин медалга сазовор бўлган Австралияга насиб этган бўлса, кучли учликни 4 та олтин медаль билан Буюк Британия якунлаб берди.

Енгил атлетика

Шунча спорт турлари ҳақида гапирганда “Спорт қироличаси”ни ёддан кўтариш мумкин эмас. Кутилганидек, бу дастурда ҳам АҚШ етакчилик қилди. Ушбу спортда охирги медали Лондон-2012, сўнгги олтин медали Пекин-2008 Олимпиадасига тўғри келадиган италияликлар бу гал 5 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритгани ўзлари учун ҳам кутилмаган ғалаба бўлди, дейиш мумкин. Кучли учликни кенияликлар якунлаб беришди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.