Трампнинг ўрнини қизи эгаллаши мумкинми?

0
133
марта кўрилган.

АҚШда президентнинг қизи ва унинг маъмуриятининг ходими Иванка атрофида шов-шув кўтарилди. У Хиллари Клинтон хатосини такрорлаб, шахсий почтаси орқали юзлаб хизмат хатларини юборди.  

Оқ уй раҳбарининг ўзи бундай ҳаракатларни ёқламайди, лекин у ўз қизини оқлади. Бу ҳолат, келажакда президентлик лавозимини эгаллашни истаётгандек кўринаётган Иванканинг обрўсига қандай таъсир қилади. РИА Новости буни таҳлил қилди. 

“АҚШ президентининг қизи ва маслаҳатчиси Иванка Трамп 2017-йилда шахсий электрон почта манзилидан юзлаб хизмат хатларини юборди ва шу билан Оқ Уйнинг қоидаларини бузди” – Америка газетасида чоп этилган бу маълумот бир неча дақиқада дунё оммавий ахборот воситаларида тарқалган. 

Шахсий электрон почта орқали Иванка ўз ҳамкасбларига мурожаат қилган. Унинг вакиллари эса, тезда барча хабарларни Оқ Уй архивларига етказишган ва улар унчалик муҳим эмаслигини, балки маиший мавзулар ҳақида эканлигини таъкидлашган. 

Бироқ, Трампнинг рақиблари дарҳол тарихий далилларни келтириб, президентнинг қизи Хиллари Клинтон услубида “Оқ уй” қоидаларини бузганликда айблашди. Трамп ҳам “очиқчасига иккиюзламачилик” учун танқид қилинди. Сайлов кампанияси вақтида у Клинтонни давлат котиби сифатида шахсий почтасидан иш ёзишмаларини жўнатгани учун учун қаттиқ қоралаб, баҳс давомида ҳокимиятга келадиган бўлса, уни қамоққа жўнатишни ваъда қилганди. 

Ушбу жанжал Клинтон президентлик пойгасини ютқазишида муҳим роль ўйнади. Бу сафар вазият бошқача. Трамп, қизини ҳимоя қилиш учун, уларни бутунлай бошқача ҳолатлар деб даъво қилмоқда: Хиллари почта орқали хатларни ҳукуматга тегишли масалаларни муҳокама қилиш учун ишлатган ва оммавий ахборот воситасида хабар пайдо бўлгунга қадар сервердан 33 мингдан ортиқ хатни ўчириб ташлаган. Иванка сирларга тегмади ва ҳеч нарсани йўқ қилмади – барча хабарлар Президент архивида сақланди. 

Иванка Трампнинг сурати болаликдан бошлаб, доимо жамоатчилик эътиборида бўлган.

1981-йилда, магнат Доналд Трамп ва унинг рафиқаси Чехиялик модел Ивана оиласида қиз туғилди. Туғилибоқ, отасининг севимлисига айланган қизга онасининг исми берилди. 

Иванка, болалигида отасининг офисида ўйнашни яхши кўрар, унинг ҳамкорлари билан шартнома тузишини тингларди. Қиз ўн ёшлигида оила ажрашди. Ўша пайтда оммавий ахборот воситалари у ҳақда биринчи марта гаплаша бошладилар. 

Ёшлигида Иванка модель бўлишга интилди, аммо у ҳеч қачон ўқишни тўхтатмаган. Нуфузли Уортон бизнес мактабида у энг яхшилар қаторида эди. Бойвучча ота-оналарнинг фарзандлари бўлган талабаларнинг кўпчилиги кайфи сафога берилган турмуш тарзини кечиришган бўлса, Иванка китоблар билан вақт ўтказган. 

Иқтисодиёт факультетини тугатгач, у миллионерлардан бирининг қурувчи компаниясида ишлади, бир йил ўтиб эса отасининг ширкатига ишга ўтади. Бу ерда у икки йил ичида қурилиш ва таъминот бўйича вице-президент лавозимига кўтарилади. Трамп унга энг жиддий лойиҳаларни ишониб топширади ва энг қийин музокараларни ишона бошлайди. 

Иванка бошқарган компаниялар тезда даромадини ошириб боради. “Етакчилик фазилатларига эга замонавий кучли аёллар” учун зеб-зийнатлар ва кейинчалик кийимлар ва сумкалар маркаси анчайин машҳурликка эришди. 

Қизнинг шахсий ҳаёти ҳам муваффақиятли кечмоқда. 2007-йилда, бизнес учрашувларнинг бирида уни Нью-Йоркдаги таниқли шахснинг ўғли Жаред Кушнер билан таништирилди. 

Сиёсатшунослар Трапнинг сайловларда ғалаба қозонишини таъминлаган оқ танли аёлларнинг овозини олишига айнан “Иванка эффекти” сабаб бўлганини истисно этишмайди. Оқ уйга кўчишдан олдин Трамп “қизига унинг маъмуриятида жой кўрмаётганини” айтганди. Аммо, кейинчалик у ўз фикрини ўзгартирди ва Иванка президентнинг ёрдамчиси, унинг эри эса катта маслаҳатчи бўлди. 

Трампнинг рафиқаси Мелания Нью-Йоркда ўғли Бэррон билан яшашни маъқул кўради, бу вақтда эса президентнинг қизини норасмий биринчи аёл деб тан ола бошлашди. У кўпинча расмий сафарларда отасига ҳамроҳ бўлади. Ўтган йилнинг июнь ойида Гамбургдаги Катта йигирматалик саммитининг ёпиқ музокараларида Америка етакчисини ўрнида иштирок этди. Иванканинг ХХР раиси Си Цзиньпин ва Британия Бош вазири Тереза Мей ўртасидаги столда ўтирган фотосурати бутун дунёга тарқалди. АҚШ президенти буни изоҳлар экан, “Меркел бу ҳақда билган ва бунга қарши эмасди”, деб тушунтирди. 

Иванканинг машҳурлиги Америка сарҳадларидан ташқарига ҳам чиққан. Осиё мамлакатларидаги пластик жарроҳлик клиникаларига “Иванкага ўхшаш” чеҳра яратишни сўраб мурожаат этувчи мижозлар оқими билан дуч келди. Иванканинг беш ёшли қизи Арабелла Си Цзиньпин ва унинг рафиқаси учун Хитойда маҳаллий тилда қўшиқ куйлагани акс этган видео эса хитойликлар томонидан меҳр билан қарши олинди. 

Унинг акаси Эрик ўз интервьюсида, 2017 йил апрел ойида Суриянинг Шайрат аэродромида ракета ҳужумига ўтишга буйруқ беришга отасини айнан Иванка кўндирганини таъкидлаган эди. Иванка эса отасининг қарорига ўзини алоқаси йўқлигини қайд этган. 

Иванканинг турмуш ўртоғи Жаред ташқи сиёсатда қайнотасининг алоҳида ишончли вакили саналади, айниқса Яқин шарқ мамлакатлари етакчилари билан музокараларда у асосий ролни ўйнамоқда. 

Кўпчилик АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчирилишида айнан Иванка ва унинг эрини алоҳида хизматлари бор деб ҳисоблашади. 

Трамп қизининг сиёсий фаол бўлишига хайрихоҳ. У бироз аввал Иванка АҚШнинг БМТдаги вакили вазифасига жуда муносиб эканлигини айтганди. Лекин уни номзодини ҳали кўрсатганича йўқ. Иванканинг ўзи отаси изидан борадими йўқми ҳозирча номаълум. Бироқ Трамп қизининг жуда жиддий режалари борлиги шубҳасиз. 

Н. Тошпўлатова, ЎзА
 
 
 
 
 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.