Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтди

0
169
марта кўрилган.

11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иштирок этди.

Шунингдек, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТУРКПА), Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос жамғармаси, ушбу кўп томонлама тузилма Котибияти раҳбарлари қатнашди.

Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, давлат раҳбарлари сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзаро боғлиқликни кучайтириш, туризм, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ҳудудлар ўртасида фан ва таълим, технологиялар ва инновациялар борасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида тинчлик ва дўстлик рамзи, фан ва маърифат маркази бўлмиш Самарқанд шаҳрини “Туркий цивилизация пойтахти” деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани учун саммит иштирокчиларига миннатдорлик билдирди.

– Қадим туркий замин минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштириб, дунё маданиятларини бойитиб келган. Биз Туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланамиз, — деди Ўзбекистон етакчиси.

Геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ортиб бораётган шароитда энг долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимиз умумий ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимдир.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ўз раислиги даврида “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ҳамда бугун қабул қилинаётган Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегиясини самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган Ташкилот нуфузини янада мустаҳкамлаш, ва энг асосийси – тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш ниятида.

Ўзбекистон раҳбари Ташкилот фаолиятининг чуқур таҳлили асосида туркий мамлакатларнинг улкан салоҳияти ва имкониятларини ишга солишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосларини мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

– Мамлакатларимизнинг ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдомизнинг атиги 4 фоизини ташкил этади. Унинг қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келмоқда. Албатта, бундай ҳолат ҳеч биримизни қониқтирмайди, — дея таъкидлади Президентимиз.

Бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун Ташкилот доирасида “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини”ни барпо этиш ташаббуси илгари сурилди.

Ушбу мақсадга эришиш учун давлатимиз раҳбари ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумини ўтказишни таклиф этди. Форум доирасида “давлат ва бизнес” форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва давра суҳбатлари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ва кўргазмаларни ўтказиш катта амалий натижа беради.  Ушбу тадбирлар якунлари бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган йиллик “Йўл хариталари” қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Бу чоралар, энг аввало, ўзаро савдони кескин ошириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, қўшилган қиймат узлуксиз занжирларини яратиш, юқори технологик кластерлар ва венчур ширкатларни ташкил этишга қаратилади.

Кун тартибидаги яна бир стратегик аҳамиятга эга бўлган долзарб масала – бу транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш.

– Биз Транскаспий халқаро коридори ҳақида кўп гапираяпмиз, аммо сезиларли натижаларга эришиш учун анча ишлар қилишимиз керак, — деди Ўзбекистон Президенти.

Транспорт вазирлари асосий эътиборни минтақамиздаги транзит коридорларининг рақобатбардошлигини ошириш, бизнес учун энг мақбул тарифларни жорий этиш ва замонавий транспорт инфратузилмасини яратишга қаратган ҳолда йил охирига қадар қўшма ҳамкорликнинг аниқ режа ва самарали механизмларини ишлаб чиқиши таклиф этилди.

Бу йил Тошкентда ўтказилган Биринчи Туркий агрофорум озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ниҳоятда катта салоҳият борлигини яққол кўрсатгани таъкидланди.

– Ташкилотимизнинг нафақат ўз мамлакатларимизни, балки ташқи бозорларни ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти бор, — деди Ўзбекистон раҳбари.

Шу мақсадда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш самарали тизимини яратиш бўйича Ташкилот доирасида кўп томонлама битим қабул қилиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан кенг қамровли шерикликни ўрнатиш, Туркий агрофорумни мунтазам ўтказиб бориш ва унинг иккинчи анжуманида “ақлли” қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ўтказиш лозим.

Президентимиз ёш авлодни ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариш мақсадида бошлаган хайрли ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.

Келгуси йили юртимизда Туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказиш таклиф этилди. Унинг доирасида инновация ва таълим вазирлари, олийгоҳлар ректорлари ва ёш етакчилар, иқтидорли ўғил-қизларимиз, Ташкилотимиз оқсоқолларининг кенг қамровли учрашувларини ташкил этиш кўзда тутилган.

– Бу ишларимизга тизимли тус бериш ва натижадорликни таъминлаш мақсадида Ташкилот Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш айни муддао бўлар эди, — дея таклиф билдирди мамлакатимиз етакчиси.

Яна бир устувор йўналиш – минтақамизда хавфсизликни ишончли таъминлаш. Терроризм, экстремизм, ёшларнинг радикаллашуви, одам савдоси, наркотрафикка қарши курашиш, жамоат ва кибер-хавфсизликни таъминлаш соҳаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус хизматларимиз доимий алоқада бўлиши ҳамда ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

– Эътиборингизни яна бир долзарб масалага қаратмоқчиман. Бугунги кунда ён қўшнимиз Афғонистондаги мураккаб вазият барчамизни албатта жиддий ташвишга солади. Бу мамлакатдаги мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш масаласи ҳеч қачон назаримиздан четда қолмаслиги керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Бугун Ўзбекистон Туркий маданият халқаро ташкилотига тўлақонли аъзо бўлди. Келгуси йилда эса ташкилотнинг 30 йиллигини нишонлаш доирасида Туркий халқлар маданияти фестивали ўтказилади.

Яқинда юртимизда Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар адабиётининг сара намуналаридан иборат 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами ўзбек тилида нашр қилинди.

– Ушбу бебаҳо маънавий хазинани барча аъзо ва кузатувчи давлатлар тилларида ҳам чоп этсак, қардош элларимизни, авваламбор, ёш авлодларимизни ўзаро яқинлаштириш учун мустаҳкам замин яратган бўлар эдик, – деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини янги сифат босқичига кўтариш, унинг нуфузини янада ошириш ва ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ ишлатиш мақсадида бу тузилмада институционал ислоҳотлар ўтказишни таклиф этди.

Устувор йўналишлар бўлган сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, ахборот технологиялари, туризм, инновация ва таълим, тиббиёт, ёшлар ва бошқа соҳалар бўйича вазирлар даражасида алоҳида қўмиталар тузиш таклифи билдирилди.

– Уларнинг фаолиятига эксперт ва олимларни, жамоатчилик ва хусусий сектор вакилларини фаол жалб этилиши катта самара бериши шубҳасиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, Котибиятнинг ўрни ва таъсирини ошириш учун келгуси саммитда унинг янги тузилмасини тасдиқлаш, давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинаётган барча қарор ва ҳужжатларнинг қатъий назорат тизимини кучайтиришга ташкилотнинг Оқсоқоллар кенгашини жалб этиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.

– Туркий дунёмизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихи, улуғ аждодлари ва беқиёс бойликлари бор. Ва мен ишонаман, туркий дунёни буюк келажак кутмоқда. Бу келажакни, ҳеч шубҳасиз, меҳнаткаш, бағрикенг ва олижаноб халқларимиз билан биргаликда яратамиз. Кўҳна Самарқанд шаҳридаги саммитимиз эса туркий дунё цивилизациясининг замонавий тарихида янги юксалиш босқичини бошлаб беради, – деди Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида.

Йиғилиш натижалари бўйича Ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

Бундан ташқари, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби лавозимига Кубаничбек Омуралиев номзодини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.