Туркий дунё мукофотлари топширилди

0
126
марта кўрилган.

Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунида мукофотларни топшириш маросими бўлди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев йиғилиш якунларига қисқача тўхталиб, унда жуда муҳим қарор ва келишувларга эришилганини таъкидлади.

Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлашда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳамда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг алоҳида ҳиссаси борлиги қайд этилди. Шу муносабат билан уларни Туркий дунёнинг олий ордени билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Режеп Таййип Эрдоған ва Гурбангули Бердимуҳамедовга бу мукофотларни Президент Шавкат Мирзиёев топширди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилган. Унинг илк соҳиби туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун буюк адиб ва жамоат арбоби, улуғ гуманист Чингиз Айтматов бўлди.

Бу мукофот Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга топширилди.

Режеп Таййип Эрдоған, Гурбангули Бердимуҳамедов ва Садир Жапаров мукофотлар учун миннатдорлик билдириб, Самарқанд саммити жуда самарали, халқларимиз учун манфаатли бўлганини таъкидлади.

Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон етакчиси  туркий дунёни янада яқинлаштириш ва улкан салоҳиятини тўлиқ ишга солишга қаратилган муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Саммит якунида етакчилар Самарқанд декларацияси ва бошқа бир қатор ҳужжатларни имзоладилар, Регистон мажмуасида дарахт экдилар. 

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга амалий сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.