Варшавада Польша–Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тузилди

0
200
марта кўрилган.

Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алмашувлар ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Варшавада Польша – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси рўйхатдан ўтди. Бундан кўзланган мақсад икки мамлакат ишбилармонларининг ўзаро амалий алоқаларни ўрнатишлари ҳамда бизнес шерикларни топишларига кўмак кўрсатиш билан изоҳланади.

Польшалик таниқли бизнесмен, 10 йилдан кўпроқ вақтдан буён ўзбекистонлик шериклар билан тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик қилиб келаётган “KOPAXP.K.” компаниясининг раҳбари Петр Козловски ушбу қўшма Савдо-саноат палатасининг раиси этиб сайланди.

Палата тузилиши билан боғлиқ шарт-шароитлар ҳақидаги фикрларини ўртоқлашар экан, польшалик тадбиркор Ўзбекистоннинг ҳозирги иқтисодий йўли, ўзаро ҳамкорлик учун барча тўсиқларнинг бартараф этилгани ва тўлақонли ташқи савдо учун имкониятлар яратилгани, шунингдек, Польшага ўзбек экспорти ҳажмларининг кескин ошиб бораётгани ҳамда қўшма корхоналар сони тобора ортаётгани уни таъсис этишга хизмат қилганини алоҳида таъкидлади.

-Долзарб иқтисодий масалаларни муҳокама этиш, тадбиркорлик фаолиятидаги долзарб муаммолар бўйича конструктив нуқтаи назарларни ишлаб чиқиш ҳамда кичик ва йирик корхоналарнинг муваффақиятли тажрибасини тарғиб қилиш палата олдида турган асосий мақсадлардан бири бўлади, — деди у. — Қўшма Савдо-саноат палатаси саноат, ички ва ташқи савдо, қишлоқ хўжалиги, молия тизими, хизматлар ва бошқа йўналишларни қамраб олгани ҳолда кичик, ўрта ва йирик бизнес манфаатлари йўлида иш олиб боради.

Палата биргаликдаги ўзбек – польша бизнеси шаффоф ва ижтимоий масъулиятли бўлишига интилади. У йирик иқтисодий ва сармоявий форумнинг ташкилотчилари ҳамда фаол иштирокчиларидан бири бўлади.

-Ташкил этилган ушбу палатанинг миссияси Польша ва Ўзбекистон компанияларига ўз шериклари сонини кўпайтириш имкониятини яратади, — деди мазкур Савдо-саноат палатаси Бош директори Яцек Михальски. — Ўзбекистонда ишлаб чиқариш корхоналарини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларни модернизациялаш, молиявий барқарорлигини ҳамда рақобатбардошлигини оширишга йўналтирилган фаол сармоявий сиёсат ҳаётга тадбиқ этилаётгани туфайли ушбу механизмни тузиш мумкин бўлди. Ўзбекистонда шаклланган ишбилармонлик муҳити палатамизнинг самарали фаолияти учун рағбат бўлиб қолади.

Манба: “Жаҳон” ахборот агентлиги

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.