Жаҳонда интернет оммавий ахборот воситаларида сўз эркинлиги даражаси пасаймоқда

0
302
марта кўрилган.

ЮНEСКО ташкилотининг “Дунёда сўз эркинлиги ва ОАВ тараққиёти” деб номланган 2017-2018 йилги ҳисоботига кўра, кейинги йилларда жаҳонда интернет журналистикаси эркинлигига тўсқинлик қилиш ҳолатлари тобора кўпроқ содир бўляпти.

Масалан, 2012 йилда турли ҳукумат идоралари ва маъмурий бошқарув органлари Google компаниясидан расмий равишда у ёки бу сайтлардан маълум бир контентни олиб ташлашни 2000 га яқин маротаба сўраган бўлсалар, 2016 йилда компанияга бундай расмий сўровнома 15961 маротаба келиб тушган. Аксарият ҳолларда расмийлар бундай аралашувни “миллий хавфсизлик мақсадлари сабаби” билан изоҳлаганлар.

Facebook компаниясига эса 2013 йилда 3 мингга яқин ана шундай сўров хатлари келиб тушган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 64279 маротаба етган.

Шу ўринда, бир саволга жавоб бериб ўтиш жоиз. Бугун интернетдан фойдаланувчиларнинг аксариятини кимлар ташкил этади? Дунё аҳли янгиликларни асосан қайси ОАВ турларидан оладилар?

ЮНEСКО ҳисоботига кўра, 2012 йилда дунё аҳолисининг 34 фоизигина интернетдан фойдаланган бўлса, 2017 йилга келиб 48 фоизида «жаҳон тўри»дан фойдаланиш имконияти пайдо бўлган.

Хусусан сўнгги йилларда интернетга мобил уланиш даражаси кескин ошган. 2012 йилда 3,89 миллиард киши мобил интернет хизматидан фойдаланган бўлса, 2016 йилда 4,83 миллиард киши, бошқча айтганда, ҳар уч кишидан икки нафари мобил интернет хизматидан фойдаланган.

Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, 2013 йилда 29,3 фоиз аҳоли мобил интернетга уланган бўлса, 2017 йилга келиб бу кўрсаткич 33,2 фоизни ташкил этган.

Айтиш керакки, бугун дунёда интернет тармоғидан фойдаланувчиларининг аксарият аудиторияси ёшлар бўлиб қолмоқда.  Рейтерс институтининг 2017 йилда дунёнинг 36 мамлакатида ўтказган сўровларига кўра, 55 ёшдан катта бўлган кишиларнинг 51 фоизи, 18-24 ёшдаги ёшларнинг эса фақат 24 фоизи ахборотларни телевидениедан олишларини айтганлар. Интернет оммавий ахборот воситаларининг 64 фоизини 18-24 ёшдаги ва 28 фоизини 55 ёшдан катта кишилар ташкил этади.

Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Ахборот олиш, ундан фойдаланиш, уни таҳлил қилиш ва тезкорлик билан тарқатиш имконияти замонавий жамиятда инсоният маънавияти  юксалишининг асосий шартидир. Бугун дунёнинг барча давлатлари қонунчилигида сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги, одамларнинг  ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этиш ҳуқуқлари таъминланган бўлса-да, амалда  бу ҳуқуқларга чекловлар қўйилиши ҳолатлари барча мамлакатларда кузатилади.

Ойдин САЪДУЛЛАЕВА

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.