Аҳил оила мактаби

0
116
марта кўрилган.

Ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашда, ахборот хуружларидан асрашда, соғлом, дуркун вояга етишларида оиланинг роли катта.

Ҳуқуқий билим ва маданиятни, миллий қадриятларни, мутолаага, илмга, билимга иштиёқмандликни болалигидан онг-шуурига сингдирган фарзанд келажакда комил инсон бўлиб вояга етади. Мамлакатимиз келажаги бўлган болаларнинг маънавий-жисмоний соғлом вояга етишини таъминлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун аввало, уларнинг кўз очиб кўрадиган масканидаги яъни оиладаги тарбиячилари бўлган катталарнинг ҳам онг-шуурини, маънавиятини юксалтириш лозим. Бунинг учун намунали ҳаёт кечираётган, оиласига, жамиятга, ҳукуматимизга садоқат билан хизмат қилаётган инсонларнинг ҳаётий тажрибаларини ўрганиш ва тарғиб қилиш катта аҳамиятга эга.

Халқимиз “бирни кўриб шукр қил, мингни кўриб фикр қил” маталини бекорга айтмаган. Инсон жамиятда яшар экан бир-бирини кузатади, бир-биридан ўрганади. Эзгуликка интиб яшайди. Намунали ҳаёт кечираётган инсонларга қараб қаддини ростлашга интилади. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз Президенти кейинги пайтда маҳалладаги намунали оилаларга алоҳида эътибор қаратиб, уларни рағбатлантиришни ҳам қўллаб – қувватлади. Чунки, соғлом оила жамият пойдевори, унда камол топган салоҳиятли ёшлар мамлакат келажагидир.

Оилада соғлом муҳитни юксалтириш, аждодларимизнинг оила масаласидаги маънавий-ахлоқий меросларини тарғиб қилиш, эрта, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кенг ёритиш, қайнона ва келин муносабатларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида “Аҳил оила мактаби” ташкил этилди. Унда республикамизга намуна қилиб кўрсатса арзийдиган оилалар тажрибаси кенг ёритилади. Уларнинг турмуш тарзи, миллий қадриятларни улуғлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга, оила институтини мустаҳкамлашга, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга, ўз оилаларининг бўш вақтини мазмунли-мантиқли ўтказишга интилиб яшаётган оилалар ҳаётидан сувратли репортажлар уюштирилади.

Ҳар бир оила бир салтанат, ҳар бир инсон ўзи бир дунё! Ҳикояларимизда оилаларнинг ўзига хослигини, ўрганса арзийдиган турмуш тарзини акс эттириб борамиз. Шунингдек яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини мутахассис врачлар, маҳалла кайванилари билан суҳбатларда ҳам ёритамиз.

Мактаб ўқувчилари ҳамда ёшларнинг иштирокини ҳам таъминлаш учун неваралару қўшни болаларни ҳам суҳбатларга тортамиз. Уларга соғлом турмуш тарзига оид саволлар берамиз. Саволларга ўзига хос жавоб берганларни шу ернинг ўзида китоблар билан рағбатлантирамиз. Исми шарифлари сайт саҳифасида ёритилиб борилади. Бу ўзига хос беллашув бўлади. Ушбу савол-жавоблар катталар билан бирга болаларни ҳам ўйлашга, намунали оилалар турмуш тарзини кузатишга, изланишга, ўз устида ишлашга даъват қилади.

Машҳур кишилардан – ёзувчилар, тиббиёт олимлари, нашриёт ходимларидан ҳам оилага ёки учрашув ўтказиладиган масканга таклиф этилади. Машҳурларнинг оила ютуқлари ҳақидаги қисқа хулосаси ва фикрлари берилади.

Азиз муштарийлар, касбдошлар сизларнинг намунали оилалар ҳақидаги мақолаларингизни кутиб қоламиз.

 

Раъно Зарипова,

Республикада хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.