Аждодлар руҳи мангу ва барҳаёт

0
139
марта кўрилган.

Айни кунларда юртимизда ўзбек тили мавқеини юксалтиришга, миллий адабиётнинг имкониятларини дунёга танитишда, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга ўз даврида муносиб ҳисса қўшиб, нурли излар қолдирган ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги  кенг нишонланмоқда.

Аллома Алишер Навоийнинг жаҳон тарих силсиласи олдида  ўз мавқеи, шону-шуҳрати, сабоғу анъаналари алоҳида аҳамиятга молик. Халқимизнинг ғурури ва фахри бўлмиш алломанинг намунали ҳаёти, жўшқин ва адолатли фаолияти, гўзалликка йўғрилган ижодиёти авлодларнинг ҳамиша йўлини ёритиб туради.

Пойтахтимиздаги  Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида бўлиб ўтган кенг қамровли тадбирда қатнашиб алломага муносиб бўлишга интилаётган ажойиб жамоанинг,  устозу шогирдлар ёрқин фаолиятининг  гувоҳи бўлдик. Мактаб маъмурияти ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан “Аждодлар руҳи мангу ва барҳаёт” деб номланган Алишер  Навоий ҳаёти , фаолияти ва ижодига бағишланган танлов-тадбирни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова қисқача кириш сўзи билан очиб берди. Мусобада иштирок этаётган ёш исътедод эгаларига ҳаётда, ижодда  ўзлигини намоён қилишда муваффақиятлар тилади.

Ўзининг юз йиллигини нишонлаш арафасида турган бу ўқув даргоҳининг ўз қадриятлари ва анъаналари мавжуд. Танловда ҳам ана шу эзгулик акс этди, саккизинчи синф ўқувчилари икки гуруҳга бўлиниб тўртта йўналишда беллашдилар. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оид ўқувчиларнинг ўзлари чизган расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Аллома ижоди асосида саҳна асарларини ижро этиш ва ҳазрат яшаган даврни саҳна безакларида акс эттириш ва тўртинчиси, буюк мутафаккир фаолиятига оид саволларга тез ва тўғри жавоблар бериш йўналишларида ўқувчилар ўзлигини намоён қилишди.

 Беллашув қизғин ва қизиқарли кечди ва кучлар деярли тенг бўлди.  Бу ҳам табиий. Чунки, таълим тарбия битта масканда, устозлар ҳам  битта. Болалик эса ҳаракат, интилиш пироварди гўзаллик! Танлов охирида Раъно Зарипова қўшимча саволлар бериб ўқувчиларнинг билими ва истедодини яна бир карра синовдан ўтказди. Буюк мутаффаккир ижодидан намуналар ўқиб, уни давом эттиришни ва бу сатрлар нима сабабдан ёзилганлигини изоҳлаб беришни сўради.  Болалар муносиб жавоб беришди.

Гап ким ғолиблигида эмас. Балки, болаларнинг  Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганганлиги ҳамда ўз тушунчасини гўзал картиналарда,  саҳналарда акс эттира олганлиги ва ўзлигини намоён эта олишни ўрганаётганлигидадир. Албатта, бунда устозлар меҳнатининг алоҳида ўрни бор.

Тадбир якунида Раъно Зарипова ўзининг “Юрт қўшиқлари” асарини мактаб кутубхонасига армуғон қилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.