Бўрижар ГЭС шаршаралари – Тошкент шаҳрининг энг ҳайратли манзил-макони, бироқ….

0
499
марта кўрилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизматининг  Бўрижар ГЭС тарихи ва сув шаршаралари ҳақидаги ҳикоя – видеолавҳасини кузатиб хурсанд бўлдик. Зеро, ватанпарвар ҳар бир киши  ўз шаҳрининг тарихини билиши ҳам қарз, ҳам фарз.

Дарҳақиқат, Бўрижар ГЭС шаршаралари – Тошкент шаҳрининг энг чиройли манзилларидан бири.  Кўрган кўз қувнайди. Инсон тафаккури, қалб қўри, қўл меҳнати билан яратилган мўъжазгина шаршарани кузатиб диллар яйрайди. Атрофга салқинлик улашаётган, инсонлар кайфиятини кўтариб, ором бахш этаётган ушбу маскан нафақат оромгоҳ балки, республика иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшаётган улуғвор иншоатдир.

Бу ажойиботни кўришга мен ҳам ҳар куни тонг саҳарлаб невараларим билан чиқаман. Соғламлаштириш машқларини бажарамиз. Бу гўзалликни кўришга ошиқадиганлар фақатгина ёнма ён жойлашган маҳалла аҳли эмас, балки, пойтахтимизнинг барча бурчагидан кишилар тонг саҳарлаб «оқиб» келишади. Пандемия бошлангач эса спорт аҳлининг машғулот майдонига ҳам айланди. Атрофни бир-биридан гўзал машиналар “босиб” кетади. Инсон қўли, қалб қўри билан яратилган  мўъжизани биринчи бор кўришга  муяссар бўлганлар ҳайратга тушишлари ҳам видеолавҳада таъкидланганидек ҳақиқат.

Лекин, бу ерда муаммо ҳам йўқ эмас. Ушбу энг чиройли манзилнинг ёнида спорт комплекси ва каттежлар қурилган. Ундан пастда эса шаҳар канализациясига уланмаган  эски уйлар мавжуд. Пойтахтликлар бу ерни ”катакомба” дейишади. Ушбу жойда тарспортлар турадиган маскан яратилса мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда пойтахтликлар сайлгоҳгача машинаси билан кириб келишмасди.

Яна бир муаммо – одамлар дам олиб кетишгач, ўзларидан “эсдалик” – ахлат ташлаб кетишади. Шу даражада табиатга бефарқ одамлар борки, махсус ахлат ташлайдиган жойларгача кўтариб боришга “эринишади”.  Тартибга чақиришнинг фойдаси йўқ. Эртасига ундан-да беш баттар қилишади.  Ушбу жойга  махсус тозаловчи гуруҳ ажратилса, ҳеч бўлмаганда ҳафтасига бир марта супириб тозалашса мақсадга мувофиқ бўларди.

Дарҳақиқат, видеолавҳада таъкидланганидек, Бўрижар ГЭС шаршаралари – шаҳримизнинг энг чиройли манзилларидан бири. Гўзаллик ошуфталари ва сувсеварлар  «оқиб» келишади. Шу атрофда қишин –ёзин чўмилувчилар, «моржлар» борлиги яна бир муаммо. Болалар майдончасининг рўпарасида жойлашган очиқ масканда чўмилиб бўлгач, кийимини алмаштиришади.

Бундан ўн йиллар аввал  Сенат биносининг ёнидаги анҳор бўйида пенсионерлар учун махсус чўмилиш жойи ва кийим алмаштириладиган махсус кичкинагина бино мавжуд эди. У ерда кийим шкафчалари, душлар, спорт майдончалари бор эди. У бузилиб кетди. Шундан кейин сувсеварлар шаршара ёнини чўмилиш ҳавзаси қилиб олишди. Шароит бўлмаганидан кейин улар ҳам мажбур-да. Ушбу сувсеварларга ҳам имконият яратиб бериш мақсадга мувофиқдир. Шаршаранинг ёнида  гирдоб бор. У ерда чўмилиш ҳам хавфли. “Қадимги” сувсеварлар буни билишади.  Янги сувсеварларнинг эса ҳаёти хавф остида бўлади. Бу ерда кўнгилсиз воқеалар ҳам учраб туради.

Азиз мутассадилар, ушбу эзгу тилакларимизни – фикр-мулоҳазаларимизни тўғри тушиниб, уларни амалга оширишда ёрдам кўрсатасиз, деган умиддамиз.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.