Гулбаҳор ПАРПИЕВА, Мактабгача таълим вазирлиги бош мутахассиси
Юртбошимиз фарзандларимизнинг чуқур билим олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун таълим соҳасига жиддий эътибор қаратмоқда. Бу борада муҳим тарихий ҳужжатлар имзоланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ана шундай муҳим қарорлардан бири бўлди. Ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли янги – Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Вазирлик фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида бошқарув ходимлари чекланган сони 47 нафардан иборат бўлган марказий аппарат тузилди.
Вазирлик иш бошлаганидан буён олдимизга қўйилган аниқ мақсадлар сари ҳаракатланяпмиз. Энг аввало, жойлардаги мактабгача таълим тизимининг моддий-техник базалари ўрганилди. Ҳудудлардаги қаровсиз биноларни мактабгача таълим муассасаларига айлантириш режага киритилмоқда. Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича дастур тузилмоқда. Эндиликда МТМларда фақат олий маълумотли кадрлар меҳнат қилади.
Шунингдек, ўрганишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, айрим чекка ҳудудларда умуман боғча фаолият кўрсатмайди. Бу муаммонинг ҳам ечимини топишга ҳаракат қиляпмиз. Мисол учун Навоий вилоятининг Қизилча ва Темиртов қишлоқларида 2018 йилнинг сентябрь ойида мактабгача таълим муассасаси биноси қуриб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилди. Чекка ҳудудларда ота-она томонидан тўланадиган бадал пули ҳам 50 фоизга арзонлаштирилди.
Келгусидаги режалардан яна бири мактабгача таълим муассасаларида чет тили тўгараги фаолияти йўлга қўйилади. Эътиборлиси, машғулотлар мутлақо бепул бўлади.
«Соғлом авлод» газетаси таҳририяти ҳамда «Соғлом она ва бола» аёллар ва ёшларни қўллаб қувватлаш маркази ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатини Дилдора ФАЙЗИЕВА ёзиб олди.