Учтепа тумани Ахборот — кутубхона маркази айни таътил пайтида бизнинг севимли масканимизга айланган. Ушбу зиё масканидаги тадбирларда онам Нуриддинова Умидахон ва синглим билан бирга қатнашиб турамиз. Учрашувлар, тадбирлар бизга катта завқ-шавқ беради. Кутубхона ходимлари билан маслаҳатлашиб, зўр-зўр китобларни уйга олиб келиб ўқиймиз. Биз синглим Маликахон билан Тошкент шаҳар 68 мактабнинг 8 ва 4 синфларида таҳсил оламиз,– деб ёзади китобхон ўқувчи Нуриддинова Муслимахон, – яқинда ўзбек халқининг севимли ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар“ асарини оила даврасида ўқиб чиқдик. Асардаги гўзал фикрларни, халқимизнинг буюк тарихи акс этган сатрларни тенгдошларимга ҳам илиндим….
Тўққизинчи аср. Муҳаммад ал-Хоразмий алгебра фанига асос солди.
Ўнинчи аср. Абу Наср Фаробий Аристотелнинг “Метафизика“ асарига энг мукаммал шарҳ ёзиб, “Иккинчи устоз“ унвонини олди.
Ўн биринчи аср. Абу Райҳон Беруний ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчади. Ҳамда Ибн Сино медицина Қомуси — “Тиб қонунлари“ ни яратди.
Ўн тўртинчи аср. Соҳибқирон Амир Темур Евроосиёнинг ярмини тасарруфга олди. Аҳли илм бошини силаб, ўлмас обидалар яратди.
Ўн бешинчи аср. Улуғбек 1018 юлдузнинг ҳаракат жадвалини тузди. Алишер Навоий эса ўлмас “Хамса“сини ёзди.
Ўн олтинчи аср. Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома“ асари оламга тарқалди.
Ўн еттинчи аср. Буюк аллома ва саркарда Бобурнинг невараси Шоҳжаҳон дунёдаги етти мўъжизанинг бири — “Тожмаҳал“ни бунёд етди.
Йигирманчи аср хатоси. Ўзбек-совет олимлари мисли кўрилмаган “ихтиро“ қилдилар: тарих “хато“ сини тузатиб, ўтмишда биз ёппасига “саводсиз“ бўлганимизни исботлаб бердилар…
Майли инсон яшар экан хатоларга йўл қўйиши мумкин. Чунки, онам айтганидек, шайтон ёнма-ён юради. Биз асрлар қаридан ўтиб келаётган дунё тан олган буюк алломаларимиз ва уларнинг яратган илми билан фахрланаверамиз. Китоб мутоласи кишини дилини нурлантиради. Унинг алломалар айтганидек, буюк устозлигига тан берамиз.