Эркакларнинг акушерлик ва гинеколия соҳасини танлаши борасидаги савол баҳсга сабаб бўлди

0
211
марта кўрилган.

“Соғлом авлод” газетаси ва “Соғлом она ва бола” аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Стол атрофида” лойиҳаси доирасидаги давра суҳбатида таҳририят журналистлари томонидан ўртага ташланган, ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эркакларнинг акушер-гинеколог соҳасини танлаш борасидаги савол Репродуктив саломатлик маркази бош мутахассиси, акушер-гинеколог Икром Аманов ҳамда Республика перинатал маркази директори ўринбосари Шоҳида Бобожонованинг “тортишув”га олиб келди.

Икром Амонов:

Бир нарсани алоҳида таъкидлашим жоиз, акушер-гинекология тиббиёт соҳалари ичида энг оғир йўналиш саналади. АҚШда акушер-гинекологларнинг 95 фоизини эркак мутахассислар ташкил этади. Бу бежиз эмас. Сабаби ҳақиқатдан оғир, ҳақиқатдан экстримал соҳа.

Шоҳида Бобожона:

Тасаввур қилинг, бир дақиқа ичида 500 миллитргача қон кетиши мумкин. Агар бу ўз вақтида тўхтатилмаса, 5 дақиқа ичида аёлни йўқотиш ҳеч гап эмас…

Икром Амонов:

Фаолиятим давомида бир нарсага амин бўлдим: аёл ҳамкасбларим олдида иш ва оила масаласи кўндаланг туради. Ва бу юк уларни чалғитади. Тиббиёт соҳаси эса инсондан ўзини бағишлашни талаб этади. Бу – оғир касб… Ҳомиладор аёлнинг қон босими баъзан 5 дақиқага ҳам бормай, бир юз йигирма кўрсатгичдан 0 га тушиб кетиши мумкин. Бу ҳолат тиббиётнинг ҳеч бир соҳасига тегишли бўлмаган ҳолат. Демак, мутахассис бу ҳолатларни инобатга олиши лозим. Акушер-гинекологдан тезкор қарор қабул қилиш, иродали ва жасоратли бўлиш талаб этилади.

Устозим шундай сўзни айтган: Акушерлик нафақат тиббиёт, балки санъатдир…

Аёлларнинг бу соҳада аёллиги панд берадиган ҳолатлар бор, мендан хафа бўлмайсиз, Шоҳида Дадажоновна…

Шоҳида Бобожонава:

Мен бундан хафа бўламан! Аммо, тан олиш керак, чиндан бу оғир касб. Аммо жасоратни аёллар қила олмайди, дейиш фикрига қўшилмайман. Шундай аёлларимиз бор, жасорат масаласида эркаклардан қолишмайди. Лекин эркак киши акушер-гинеколог бўламан деса, нега йўқ дейишимиз керак?! Ахир, эркакми, аёлми иккаласи ҳам шифокор.

Икром Амонов:

Халатни эгнимга илгач, аёл кишига менга қарши жинс вакили – аёлга қарагандек қарамайман! Халат кийдимми мен эркак киши эмас, балки шифокорга айланаман. Тиббиётда аёл ёки эркак сифатида ажралиш бу нотўғри, деб биламан.

Шоҳида Бобожонава:

Тўғри айтасиз. Лекин шу билан бир қаторда айтиш жоизки, биз бу билан ҳамма акушер-гинекологлар эркак киши бўлиши керак демоқчи эмасмиз. Лекин туғаётган аёлда танлов бўлиши керак. Дейлик, қайси аёл уялиши мумкин, бу ўз тажрибамиздан маълум. Руҳий жиҳатдан олиб қораганда бу уятчанлик оқибати нормал содир бўлаётган туғруқнинг, тескари бўлишига сабаб бўлиши ҳам ҳеч гап эмас…

 

Хуршида Ҳусенова ёзиб олди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.