Ҳамкорларимиз ҳаётидан: кутубхонада учрашув

0
128
марта кўрилган.

Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона марказида янги китобларнинг тақдимотларини ўтказиш анъанага айланган.

2023 йил 10 февраль куни зиё масканида «Мармарга битилган севги»  китоби муаллифи қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, Турон Фанлар Академияси академиги ва адиба  Д. Ёрматованинг китобхонлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

 Тадбирда Чилонзор туманидаги маҳаллаларнинг “Оқила аёллар” клуби етакчилари, туман ахборот-кутубхона маркази мутахассислари ҳамда китобхонлар иштирок этишди.

Тадбирни «Билим» АКМ директори Ҳвфиза Каримова очиб, йиғилишнинг мазмун-моҳияти, кутубхона анъаналари билан таништирди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист  Раъно Зарипова олима аёлларнинг илм-фан оламига,  мамлакатимизни юксалтиришга, жумладан профессор Дилором Ёрматованинг зайтун, соя каби ўсимликларнинг мамлакатимизда маҳаллийлаштиришга  қўшган ҳиссаси ҳақида гапириб, Бобурийлар сулоласига бағишланган «Мармарга битилган севги» китобининг яратилишига сабаб бўлган омиллар, тарихий китоб ёзишнинг мураккаблиги ва бунинг учун изланиш ва яна изланиш кераклиги ҳақида ҳикоя қилди.

 Муаллиф Дилором Ёрматова ўз сўзида асарнинг яратилишига тўхталиб, буюк Бобурийлар сулоласи вакили Шохжаҳоннинг умр йўлдоши Мумтоз Маҳалга бўлган меҳр-муҳаббати, уларнинг буюк севгиси  улуғвор синов ва сийловлардан ўтганлигини, шох-у маликанинг қисмати, руҳий кечинмалари, буюкларнинг севгиси ҳам буюк бўлишини қизиқарли далиллар билан баён этди.

Шу билан бирга,  шоҳ ва шоир Бобурнинг “Бобурнома” китоби ва унда тилга олинган ўсимликлар, жумладан муаллиф ўз асарида Афғонистонда  лола гулининг 30 га яқин турини келтиргани, бироқ унинг бугунги кунда фақат 12 туригина мавжудлиги, инсон билан оламни ҳам асраш зарурлиги ҳақида гапирди.

Тадбир қизиқарли савол-жавобларга бой тарзда  кечди. Д. Ёрматова «Билим» АКМ фондига эсдалик учун ўз китобларидан тақдим этди.

 Учрашув охирида иштирокчилар  тадбирга монанд ташкил қилинадиган кўргазма билан танишдилар. Ахборот-библиография хизмати мутахассиси Дилноза  Расулова ўзи ташкил қилган «Дунёни ўзгартирган олима аёллар» номли адабиётлар кўргазмасидаги асарлар билан бир-бир  таништирди ва библиографик шарҳ берди.

Тадбир zoom дастури орқали туман кутубхоналарига ҳам узатилди.

GUJUM.UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.