“Ҳазрати Имом” маҳалласида учрашув

0
505
марта кўрилган.

Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” аёллар ва ёшларни қўллаб қувватлаш маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида “Оила маданияти – юрт тинчлиги” мавзуидаги “Салоҳият” кўчма клубининг йиғилишларини маҳаллаларда ўтказишни режалаштирган эди. Унинг навбатдаги тадбири Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги “Ҳазрати имом” маҳалласида 2017 йил 3 август куни соат 11.00да бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” аёллар ва ёшларни қўллаб қувватлаш маркази раҳбари, Республикада хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова тадбирни очиб, кун тартиби ва маърузачилар билан таништирди. Оналик ва болалик давлат ҳимоясида эканлиги, бу йўналишда 80дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва қонун ости ҳужжатлари мавжуд эканлиги, асосий қонунимиз-Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги оила, оналик, болалик ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлиги белгиланган моддалар ҳақида қисқагина гапириб, юрист, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига икки марта депутат бўлиб сайланган ва ҳозир ҳам қонунчилик соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ қабулхонаси катта мутахассиси Ойша Охуновага сўз берди… У ҳар бир оилага, ҳар бир инсонга кундалик турмушида зарур бўладиган Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодексини шарҳлаб берди ва тингловчилар билан мулоқот қилиб, уларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтарди…

 

Маърузадан кейин Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодекси асосида “Ўз ҳуқуқингизни биласизми” мавзуида тайёрланган саволномалар тингловчиларга тарқатилди. Ва улардан ўша вақтнинг ўзида билимларини мустаҳкамлаш учун жавоблар, мулоҳазалар ҳам олинди. Шунингдек, уларга ушбу саволларга тингловчилар томонидан оила даврасида (ўғил-қизлар, неваралар билан биргаликда) берилган жавоблар Марказнинг ташкил этилаётган “gujum.uz” сайтида “Ўз ҳуқуқингизни биласизми” рукни билан бериб борилиши тушунтирилди. Тарқатилган саволномаларда эл. почта манзили борлиги ва унга малакали жавоб йўллаган оилалар лойиҳа якунида (лойиҳа бир йиллик) тақдирланиши ҳам айтиб ўтилди… Бу тадбир тингловчиларнинг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади, деб умид қиламиз.

Иккинчи йўналиш оилаларнинг мутолаа маданиятини юксалтиришга бағишланди. Республикада хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова китоб қалбларни нурлантирувчи офтоб эканлиги ҳақида гапириб, ўзининг ҳамда оила аъзоларининг муаллифлик китобларидан ва шахсий кутубхонасидан 10 та китобни маҳалла кутубхонасига совға қилди.

Шунингдек “Турон” академияси академиги, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети ўқитувчиси юзлаб қўлланма ва дарсликларнинг муаллифи Дилором Ёрматова “Китоб – тафаккурга қанот” мавзуида гапириб илмнинг, билимнинг, мутоланинг ўз тақдирига таъсирини чиройли ҳикоя қилиб берди. Олима талабалар ва ўқитувчилар учун ёзган қўлланмалари, ўзи ёзган бадиий асарларидан 6 тасини маҳалла кутубхонасига совға қилди.

 

Шунингдек, тадбирда марказимиз аъзолари томонидан берилган “Ғунча”(20та) ҳамда “Класс”(18та) ва “Соғлом авлод” газеталарининг(28та) янги нашрлари маҳалла кутубхонасига ва тадбир қатнашчиларига армуғон этилди. Шунингдек тадбирда марказ аъзоси, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт санитария бирлашмасининг 1-Марказий поликлиникасида узоқ йиллар ишлаб нафақага чиққан, ҳожиларнинг саломатлигини кузатувчи сифатида ҳаж ва умра зиёратига хизмат сафари билан тўрт марта борган таббаррук онахон Рахимахон опа Зокирова ҳам қатнашди.

Марказимиз Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида бир йил давомида ҳар ойда ана шундай тадбир ўтказишни режалаштирган. Ҳар бир тадбирга нашриётларнинг вакиллари, ёзувчи ва шоирлар таклиф этилиб, маҳалла кутубхоналарини янги китоблар билан тўлдиришга ҳам муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз.

Шунингдек маҳалладаги тадбирлар республика газеталарида фотолар билан ёритиб борилади. Масалан, дастлабки тадбир “Соғлом авлод” газетасида(№27 сон, 6 июль 2017 йил, иккинчи тадбир – №31 3 август 2017 йил) чоп этилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.