“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида китоб тақдимоти ва билимдонлар  танлови

0
505
марта кўрилган.

Мамлакатимизда кенг ўтказилаётган “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада 9 апрель куни Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб викторина ва ушбу мавзуда билимдонлар  танлови ҳамда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипованинг “Она юртинг– олтин бешигинг” номли муаллифлик китобининг тақдимоти ўтказилди.

Тадбир Миллий кутубхона, Тошкент шаҳар “Билим” ахборот кутубхона маркази, “Соғлом она ва бола” маркази ҳамда  “Олтин қалқон” ҳарбий кичик академияси ҳамкорлигида онлайн ҳамда офлайн тарзда бўлиб ўтди.

Миллий кутубхона директори ўринбосари Насиба Холдорова буюк саркарданинг улуғворлиги ҳақидаги кириш сўзи билан йиғилишни очиб берди.

Тошкент шаҳар “Билим” ахборот кутубхона маркази директори Ҳафиза Каримова янги китоб тақдимоти ва унинг муаллифи ҳақида гапирди.

“Соғлом она ва бола” маркази бошқаруви раиси ва gujum.uz электрон газетаси   раҳбари Раъно Зарипова “Она юртинг– олтин бешигинг” номли китоб gujum.uz туркумидан  чоп этилганлигининг сабабларидан бири унинг ўқувчилари асосан ёшлар эканлиги, юрт таянчи бўлган ўқувчилар, талабалар  мамлакатимиз Президенти таъкидлаган учинчи ренессанснинг пойдеворини қурувчилари эканлиги, буюк келажак улардан бошланиши ҳақида гапирди.

 Раъно Зарипова сўзининг охирида соҳибқирон ҳаёти ва ижодига бағишланган “Олтин қалқон” ҳарбий кичик академияси тарбияланувчиларига тўртта савол берди. Биринчи ва иккинчи савол: Соҳибқирон мамлакатни ободонлаштиришга катта эътибор берганлигини  Тошкент вилояти ва Қозоғистонда   алломаларга эҳтиром билан бунёд қилдирган  мақбаралар ҳам ифодалаб турибди. Булар қайси мақбаралар? (Туркистонда: Арслонбоб ва Аҳмад Яссавий, Тошкент вилоятида Зангиота мақбаралари). Учинчи савол: Амир Темурнинг невараси Мирзо Улуғбекка бағишланган ушбу икки мисранинг муаллифи ким? Амир Темур наслидин Мирзо Улуғбек, Дунё кўрмади султон анингдек.(Алишер Навоий).

Тўртинчи савол: Мен келин танлашни давлат сиёсати билан тенг кўрдим. Бу сатрлар соҳибқироннинг қайси асарида битилган?(“Темур тузуклари” асарида). Саволларга тўғри жавоб берганларга Р.Зарипова ўзининг асарини армуғон қилиб рағбатлантирди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Умида Абдуазимова ва журналист Муҳаббат Хўжамуродова, Учтепа туман ахборот кутубхона маркази директори Барчиной Ходжаева Раъно Зарипованинг “Она юртинг– олтин бешигинг” номли муаллифлик китоби ҳақида гапиришди.

Тадбирнинг иккинчи қисми – Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган викторина ҳамда билимдонлар  танлови янада қизғин кечди.  Элликдан ортик талаба ушбу беллашувда фаол қатнашди.  Талабалар қийналган саволларга устозлар ва кутубхона мутахассислари жавоб бериш ҳуқуқини  қўлга киритишди. Танлов охирида энг кўп қатнашган икки талаба биринчилик учун беллашди.

Фаол қатнашганлар ҳам ғолиблар ҳам Тошкент шаҳар “Билим” ахборот кутубхона маркази томонидан Фахрий ёрлиқ ва китоблар билан тақдирланишди.

Йиғилиш барчада катта таассурот қолдирди.

gujum.uz

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.