Коронавирусга чалинмаслик учун тавсиялар

0
134
марта кўрилган.

Тоза ҳаво танга даво. Тоғли худудда яшасангиз арчазордан, шунингдек шаршара бўйларида тўйиб- тўйиб нафас олишнинг фойдаси катта.Тоза ҳавода, эрталабки қуёш чиқаётгандаги сайр минг дардга шифо. Қаерда бўлса ҳам бу имкониятдан барча инсон тенг фойдаланиши мумкин. Чунки коронавирус дарди аввало ўпкага зарар етказади. Шунинг учун уйингиз, ҳовлингиздаги арча олдида, фаввора, кичик сув пуркагич (фонтанча) ёнида ўтириб нафас олиш  ўпка учун жуда фойдалидир. Сув пургагични оддий баклашкани турли томонларидан тешиб, ўзингиз уйда қўлбола тайёрлашингиз ҳам мумкин.

Эрта тонгда туриб, ўпкадаги балғамларни туфлаб ташлаб, атиргулдан нафас олиш ҳатто ўпка саратонини олдини олади, турли гулларнинг гўзаллиги хушбўй ифорлар кафиятни, пировардида иммунитетни кўтаради.

 Қуёш нуридан ҳам фойдаланишни унутманг! Тонг саҳарлаб қуёш кўтарилаётган пайтда бадан тарбия ҳам катта аҳамиятга эга. Барча одамларга бирдек нурини сочаётган қуёшнинг кўтарилиб келаётганидаги нурлари саломатликка кони фойдалиги қадимдан маълум. Бу нурларни ҳеч қандай дорилар билан инсон организмига киритиб бўлмайди, дея таъкидлайди табиблар. Оллоҳ берган бу неъмат барчага тенг ўз нурини сочаверади. Фақат ундан билиб фойдаланишимиз ва Яратган эгамга ҳамду санолар айтишимиз, шукрона билдиришимиз руҳиятни янада мустаҳкамлайди.

 Исириқ (хазориспанд, гармала) халқимиз қадим-қадимдан яхши биладиган ва кенг қўлланиладиган шифоловчи восита бўлиб, тутатилганда унинг таркибидаги кўплаб алкалоид моддалар ҳаводаги ва инсон нафас йўлларидаги вирусларни нобуд қилиши исботланган. Шу сабаб исириқни тез-тез тутатиб обдон ҳидлаш ва хоналарга тутатиш тавсия этилади.

Хоразмча халқона қўшиқ ҳам бежиз тўқилмаган.

Ҳозар исванд, ҳузур исванд,

Минг дардга шифо исванд

Тутатмасак бизда гуно(гуноҳ)

Тутатсак бўлсин шифо

Кўз атганни кўзи чиқсин,

Қасд атганни бели чиқсин.

Чарт-чурт, чарт-чурт.

Руҳиятга таъсир қилувчи омиллар

Ғам-қайғу, руҳан чўкишлик, тушкунлик, айниқса ваҳима каби ҳолатлар ички қувват (иммунитет)ни кескин тушиб кетишига сабаб бўлади. Тиббий манбаларда ваҳимага тушган кишининг қон таркиби ўзгариб, организмни заҳарланишига олиб келиши мумкин, дейилади. Шунинг учун, руҳиятни кўтариб, тузалишга аниқ ишонч билан, ихлос билан касалликни енгишга киришиш керак. Қуръони каримдан билган сураларингизни ўқиб юриш руҳиятингизни янада мустаҳкамлайди. 

Шунингдек,  1 пиёла сувга 1 чой қошиқ ош содасини солиб эритилган илиқ сувда сочиқни ҳўллаб, кўкрак қафаси соҳаси терисини қизартириб, ишқалаб артиш ҳам руҳиятни кзтаради. Чунки инсон тери орқали ҳам нафас олади. Яна мухитни ишқорлаштириш ҳам фойда беради: 1 пиёла натрий бикарбонати (ош содаси)ни ваннага солиб, илиқ сувда бутун гавдани кўмиб 10-15 дақиқа давомида ётиш инсон асабларини тинчлантиради, ором беради. Бу усул ўпкада қон айланишини кучайтиради, муҳитни ишқорлайди. Бу усуллар Ибн Сино тиббиётида астма касаллигини даволашда, бугунги амалиётда эса пневмония ва бронхитларни даволашда ўз самарасини кўрсатган.

 Кўп миқдорда суюқлик ичиш. Барча ўткир респиратор вирусли касалликлардаги каби ушбу коронавирус касаллигида ҳам беморларга кўп миқдорда суюқлик ичиш тавсия этилади. Минерал сувлар, лимонли, малинали, наъматакли, ялпизли, анжирли дамламалар ва компотларни деярли ҳар 10-15 дақиқада ичиб туриш керак. Шунингдек, оз-оздан тоза сув(айниқса уйқудан уйғонганда) ва асал, наввот солинган дамлама чойларни кун давомида галма-гал ичиш тавсия қилинади.

Синовли дамларни эсон-омон ўтказиб олишда барча юртдошларимга, жумладан дунё аҳлига  тилакдошман.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди  лойиҳаси асосида уюштирилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.