“Мўътабар аёл” кўкрак нишони муборак!

0
426
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси  Президенти ташаббуси билан таъсис этилган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони ижтимоий фаол ҳотин–қизларни қўллаб қувватлаб, уларнинг эл-юрт олдида кўрсатган хизматларини  муносиб рағбатлантиришга хизмат қилади.

Баҳор байрами 8 март арафасида ушбу нуфузли нишоннинг бу йилги совриндорлари маълум бўлди. Қувонарлиси шуки, мукофотланганлар орасида  журналистика соҳасида  50 йилдан буён хизмат кўрсатиб келаётган бугунги кунда Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” нодавлат нотижорат ташкилоти бошқаруви раиси ҳамда GUJUM.UZ электрон газетаси раҳбари, Ўзбекистон Республикасида ҳизмат кўрсатган журналист  Раъножон Зарипова ҳам бор.

Мазкур нуфузли кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини Тошкент шаҳар хокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев топширди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу нуфусли мукофот  оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этишда ибратли фаолият олиб бораётган азиз ва муқаддас аёлларга берилди.

Раъножон  Зарипова Ўзбекистон телевидениясида мухаррир, катта муҳаррир. «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида мухбир, «Сиҳат саломатлик» журналида бўлим муҳаррири «Саодат» журналида бўлим муҳаррири, масъул котиб, «Соғлом авлод учун» журналида бўлим муҳаррири, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари, «Соғлом авлод» газетасида бош муҳаррир вазифаларида ишлади.

Раъножон Зарипова «Соғлом авлод» газетасини ташкил қилишда фаоллик кўрсатди ҳамда газета бош муҳаррири сифатида ташкилотчилик ва ижодий қобилиятини намоён қилди. 2000 йилда иш бошлаган «Соғлом авлод» газетаси қисқа вақт ичида республика нашрлари ичида ўз ўрни ва ўз овозига эга бўлди. Оила, оналик ва болалик муҳофазаси давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, умумхалк ҳаракатига айлантирилган озод юртимизда ана шу улуғвор вазифани амалга оширишда муносиб ҳисса қўшиб келяпти.

 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланди. 2010 йил 21январгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси вазифасида ишлади.

P.Зарипова палатада тайёрланаётган қонунлар устида тажрибали депутат сифатида иш олиб бориб, ўзининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан қонун лойиҳалари устида ишлашга муносиб ҳиссасини қўшди.

Шунингдек, қонунларни аҳолига етказишда ҳам самарали меҳнат қилди. Депутатлик даврда оммавий ахборот воситаларида 200 дан ортиқ ўз чиқишлари билан қатнашди. Уларнинг барчасида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти, мамлакатда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар қаламга олинган.

Ўзбекистон Миллий Тикланиш демократик партияси Тошкент шахар кенгаши раиси (2007-2008 йиллар) ва Марказий кенгашининг аёллар қанотида Хоразм вилояти бўйича масъул депутат сифатида, сиёсий ташкилотнинг эл орасидаги нуфузини ошириш, унинг жойлардаги фаолиятини жонлантиришга муносиб ҳисса қўшадиган партия ҳаётига оид қатор публицистик мақолалар эълон қилди.

Р. Зарипова 50 йиллик журналистик фаолиятида «Давр ва қайта қуриш»(1988й), «Аёл, оила, жамият»(1989й) мавзусидаги туркум мақолалари учун Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг дипломини олди, лауреат бўлди. Оналик ва болалик муҳофазасига бағишланган туркум мақолалари учун «Атиргул» танловининг совриндори бўлди (1996й). Озод ва обод Ватанимиз ва миллатимиз истиқлоли ва истиқболига бағишланган республика ижодкорларининг «Энг азиз ва энг улуғ»(1999й), «Аёл буюк зот»(2000й), каби танловларда публицистик асарлари билан иштирок этиб ғолиб бўлди. «Истиқлол: замонамиз қаҳрамонлари» танловида(2007й) «Ўзбекистоннинг ҳар қарич ери бетакрор» публицистик тўплами учун совриндор бўлди.

Мамлакат ижтимоий-маънавий ҳаётининг долзарб масалалари қаламга олинган «Эл эъзозлаган аёллар», «Бойчечак», «Аёлга эҳтиром», «Чашма», «Бола-азиз, она-мўътабар», «Барҳаёт номлар», номли кўплаб тўпламларда очерк ва ҳикоялари, «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси: миллий қонунчиликда халқаро стандартларни амалга ошириш масалалари» номли тўпламда ҳуқуқий мавзуда мақоласи, шунингдек, «Ҳарорат», «Онагинам», «Юрт қўшиқлари», “Она юртинг – олтин бешигинг” каби муаллифлик китоблари чоп этилган. “Кисаси Рабғузий ” асарини(13 асрда ёзилган ) шарқшунос қизи Нодира Саъдуллаева билан бирга қадимий туркийдан замонавий ўзбек тилига ўгиришди.

Ўзбекистон Мустакиллигининг 10 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Мустакиллигининг 15 йиллиги эсталик нишони, ҳамда “Фуқаролик жамиятига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан такдирланган. 2004 йилда «Ўзбекистон Республикасида ҳизмат кўрсатган журналист «унвонига сазовор бўлган.

Тадбирда Тошкент шаҳри ва туманларидан жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан юрт фаровонлиги мустаҳкамланишига ҳисса қўшган 14 нафар хотин-қизлар тақдирланди.

GUJUM.UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.