Мурожаатнома – юртимизнинг бугуни ва келажаги кўзгуси

0
228
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлисга  йўллаган Мурожаатномасида 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб номлашни таклиф қилди.

Эътибор қилсангиз, ўтган йил билан бу йилнинг номланиши ҳар хил бўлсада, Мурожаатномада белгиланган вазифалар, режалар аввалги йилнинг узвий давоми эканлигини англаш мумкин.

Уларнинг мақсад-моҳияти битта – инсонни улуғлаш, унинг эҳтиёжларини таъминлаш, ёшларни миллий қадриятларга муносиб тарбиялашга қаратилгандир. Яъни кучли ижтимоий ҳимоя ва ёшларни буюк алломаларимизнинг издошлари қилиб вояга етказиш масалалари уларни узвий боғлаб туради.

Агар эътибор берилса, давлат бюджетидан халкимизнинг ижтимоий ҳимоясига йилдан йилга кўп маблағ ажратилмоқда. Оилаларнинг ижтимоий муҳофазасини, сиёсий — маданий савияси ва фуқаролик маъсулиятини, ишчанлик, ташаббускорлик фаолиятини оширишга қаратилган ушбу ҳужжат нафақат мазкур йил, балки унда истиқбол мақсадлар кўзланган. Яна шуни таъкидлаш керак-ки, оилаларга ғамхўрлик – хотин- қизларга, навқирон ёшларга, жажжи болажонларга эътибор демакдир.

Мурожаатномада иқтисодиётнинг барча йўналишлар бўйича қатор ислоҳотларни амалга ошириш ва уларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш белгиланган бўлиб, Қонун ва концепциялар ишлаб чиқилиши кўрсатиб ўтилди. Жумладан, аграр тармоқда фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш билан бирга, пахта ва ғалла етиштиришни кластер шаклига босқичма-босқич ўтказиш, шунингдек мева-сабзавот, шоличилик, чорвачилик, ипакчилик каби бошқа тармоқларда ҳам бугунги кун талабига жавоб берадиган кластерлар бўйича изланишларни давом эттиришни белгилаб берди. Аграр  ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлган “Кооперация ва кластерлар тўғрисида”ги янги Қонунни қабул қилиш лозимлигини таъкидлади. Албатта, бу ислоҳотлар ишсизлик даражаси кучли бўлган қишлоқларда ёшлар ва хотин-қизлар  учун иш ўринларини яратиш демакдир.

Ногиронлик, дафн маросими, боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақалар, иш пайтида майиб бўлганлик учун товон пули каби тўловларни қайта кўриб чиқиб, “Ижтимоий суғурта тўғрисида”ги Қонунни ишлаб чиқиш зарурлигини айтиб, Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш концепциясини ишлаб чиқиш топширди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепциясини ишлаб чиқиши, унда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказишнинг амалий чора-тадбирлари белгиланиши зарурлигига ҳам эътибор қаратди. Ёшлар орасида иқтидорли спортчиларни селекция қилишнинг “ташкилот – туман (шаҳар) – ҳудуд – республика” босқичларидан иборат тўрт босқичли тизими жорий этилади, дея янги тадбирга кўрсатмалар берди.

Мурожаатноманинг ҳар бир бандида оила институтини янада мустаҳкамлаш айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий мақсадларини қўллаб қувватлашни кучайтириш ҳамда бу борада олиб борилаётган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш орқали жамиятни янада юксалтириш белгиланади, десак хато бўлмайди. Кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳарларда 16 минг оилага уй-жой олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизини қоплашга бюджетдан 1 триллион сўм субсидия ажратилади.

Мамлакатимизда биринчи марта камбағалликни камайтириш сўзи қўлланилди ва реал рақамлар тилга олинди: “Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар ҳақида эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда. Баъзи одамлар ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки уларнинг миқдорини ошириш орқали ушбу муаммони ҳал этиш мумкин, деб ўйлайди. Бу – бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди”. –дея таъкидлаб, ундан чиқиш йўлларини ҳам кўрсатиб берди. Дарҳақиқат, халқимизда “қўлдан берганга қуш тўймайди” деган мақол мавжуд. “Камбағалликни камайтиришнинг йўли бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир. Бу борада дастлаб амалга ошириш лозим бўлган йўл-йўрикни ҳам Президентимизнинг ўзи кўрсатди: ” Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф этаман. Бу борада халқаро меъёрлар асосида чуқур ўрганишлар ўтказиб, камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усулларини қамраб олган янги методологияни яратиш лозим”.

Шунингдек, Фарғона водийсининг 22 та қишлоқ туманида аҳоли ўртасида замонавий ишбилармонлик ва бизнес кўникмаларини шакллантириш бўйича бошланган ижобий тажрибани барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.

Жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга оид тадбиркорлик ташаббусларини, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият бериш зарурлигига алоҳида эътибор берди.Шу мақсадда аҳоли ва тадбиркорларга, микромолия хизматлари ва молиявий ресурсларга, давлат харидларига кенг йўл очиб берилади. Бундай чоралар орқали одамларимизда тадбиркор бўлишга иштиёқ ва ишонч ортади, улар кўпроқ даромад олишга интиладиган бўлади”.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари айтганидек, ҳамма ҳам тадбиркор бўла олмайди. Кишиларни қобилиятига қараб йўналтириш лозимлигини кўрсатиб ўтди ва уларни замонавий касбга қайта тайёрлаш орқали муносиб иш жойи билан таъминлаш мақсадлари  учун 700 миллион доллар жалб қилиншини таъкидлади. Президент бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида 2020 йилда 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит берилиши, бунинг учун банкларга давлат бюджетидан ресурс ажратилиши, шунингдек, 1 минг 576 нафар хотин-қизга янги уй-жойларга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилиши белгиланганини гапирди.

Кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида миллий малака тизими ишлаб чиқиладиган бўлди. Ушбу тизим 9 мингга яқин касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради.

Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтириш, қизлар учун алоҳида грантлар ҳам ажратиш режалаштирилди. Зеро, рақамли иқтисодиётни ҳаётга жорий қилиш ва ривожлантириш баркамол авлод зиммасига тушади.

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини оптималлаштиришга ҳам эътибор қаратилди. Мисол учун, она тили бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизимини яратиш белгиланди. Ёшлар исталган вақтда имтиҳон топшириб, тегишли гувоҳнома олса, олий ўқув юртига ўқишга кираётган пайтда она тили бўйича қайта синовдан ўтишга ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди. Олий таълим стандартлари хорижий тажриба асосида такомиллаштирилади, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилади. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади. Олий таълимда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш талаб этилади. Жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади.

Мурожаатномада  жамиятимиз ва кундалик ҳаётимизда нодавлат сектор ролини янада кучайтириш ва мақомини ошириш ҳам  назарда тутилади. Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мамлакатда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, ушбу йўналишдаги фаолиятни замон талаблари, жаҳон стандартлари асосида йўлга қўйиш ушбу соҳа вакилларини давлат сектори билан ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда ривожлантиришдан иборат этиб белгиланди. Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятини такомиллаштиришга эътибор қаратилди. Бу борада фуқаролик жамияти олдига қўйилган вазифалар бизни қувонтирди. Кўпгина ННТ ташкилотлари лойиҳалар орқали ўз фаолиятини олиб боради. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистонда замонавий фуқаролик жамиятини шакллантиришда, демократияни қарор топтиришда муносиб хизмат қилиб келмоқда. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маслаҳат Кенгаши  ташкил этилган. Кенгаши томонидан “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилиб, мана икки йилдир-ки, нодавлат сектори фаоллари ушбу мукофот  билан тақдирланмоқда. Ушбу фаолият ҳам ушбу секторнинг юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ташкил этилган. Унинг ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб қувватлаш фонди  фаолият юритяпти. Куни кеча ассоциация ЮНИСЕФ ташкилоти вакили билан келажакдаги ҳамкорлик масаласида фикрлашиб олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбар ходимлари учун малака ошириш курслар ташкил этилмоқда.

Ушбу мурожаатномада жамиятимизнинг маънавий негизларини янада ривожлантириш, азалий миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятимизда юксак маънавий муҳитни кенг қарор топтиришга алоҳида аҳамият берилди.

Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллаш зарурлиги ва шартлиги таъкидланди. Зеро, “Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам улар самарали воситадир. Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор”.–дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Дарҳақиқат рақамли иқтисодиёт очиқликни, ошкораликни таъминлайди.

 Дарҳақиқат мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган дастурий ғоя асосида, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш – ўта шарафли вазифадир. Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.

Бизнинг”Соғлом она ва бола” нодавлат нотижорат ташкилотимиз ва у муассислигидаги “gujum” uz электрон газетамиз жамоаси ҳам ушбу масъул вазифаларга нодавлат секторининг юксалишига  имкони борича муносиб ҳисса қўшиб келяпти ва фаолиятимизни ЎзННТМА билан ҳамкорликда янада кучайтириш ниятларимиз ҳам йўқ эмас. Бугун бўлиб ўтган «Мурожаатнома ННТлар нигоҳида»  давра суҳбатида ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.