Очиқ осмон остида миникутубхона

0
468
марта кўрилган.

 Бугун   пойтахтнинг Яккасарой тумани Юнус Ражабий  номидаги маҳалласида “Очиқ осмон остидаги мини кутубхона – мутолаа ҳамда тиббий маданиятни юксалтиришнинг янги усули” номли тадбир бўлиб ўтди.

Унда электрон ва миникутубхона очилишига бағишланган тақдимот  ўтказилди. Тақдимотни Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг раиси  Адҳам Хурсандбоевич Шодмонов қисқача кириш сўзи билан очиб, парламент комиссияси томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда жамоат уюшмаларининг эътиборга сазовор, эл-юртга муносиб хизмат қиладиган лойиҳалари қўллаб қувватланиб келинаётгани, бугунги тадбир ушбу амалиётнинг бири эканлигини гапирди.

Аҳолининг кенг қатламларини моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш ҳамда долзарб муаммоларни самарали бартараф этишда фуқаролик жамиятининг муносиб ўрни бор. Шунинг учун мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида зарур институционал база яратилиб, уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди – деди Парламент комиссиясининг раиси.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) вакили шоир ва таржимон Муҳиддин Омон ўз сўзида мутолаа маданиятининг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида гапириб, китобхонликнинг аҳамиятига бағишланган шеърларини ўқиб берди ва муаллифлик китобларини кутубхонага тақдим этди.

 Шунингдек, марказнинг ҳамкорлари ва волонтёрлари Тошкент шаҳар “Билим” ахборот кутубхона маркази директори Ҳофиза Каримова,  қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, “Турон”  Фанлар академияси академиги Дилором Ёрматова сўзга чиқиб мутола маданиятини, китобхонликни  юксалтиришда очиқ осмон остидаги ва кун-у тун китоб ўқиш имкониятини яратадиган миникутубхона замонавий инновацион усул эканлиги уни юртимиз бўйлаб кенг тарқалишига тилакдош эканликлари хусусида гапиришди.

Кутубхона очилиш маросимида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) Кенгаши раиси ўринбосари Махмудов Нозимхон қатнашиб, миникутубхонага ўз фикр ва таклифларини билдирди. Жумладан, бу ижтимоий лойиҳани оммавийлашитириш кераклигини ҳамда кутубхонадаги электрон ва чоп этилган китобларда бой тарихимиз, улуғ олим-мутафаккирларимиз ҳаёти ва ижоди, халқимиз маданияти, миллий ғоя ва мафкурамиз ўз ифодасини топиши лозимлигини таъкидланди.

 «Гулхан» журналининг бош муҳаррири Заҳро Ҳасанова миникутубхона фаолиятини ривожланишига эзгу тилакларини билдириб,  ўз журналларини йиғилиш қатнашчиларига ва зиё масканига армуғон қилди.

Шунингдек, “Халқ таълими”, “Ғунча” журналлари ҳамда “Класс” ва “Тонг юлдузи” газеталари вакиллари ҳам ўз газета ва журналларини даврадошларига ва янги зиё масканига армуғон қилишди.

Шунингдек, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университети, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти вакиллари ҳам қатнашиб дил сўзларини ифодалаб, миникутубхонага китоблар армуғон қилишди.

Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” аёлларни ва ёшларни қўллаб қувватлаш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти бошқаруви раиси ва gujum. uz сайти раҳбари, Ўзбекистон  Республикасида  хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова йиғилганларга  миникутубхонанинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапириб, «Эзгу ўйли болалар» танлови иштирокчиларини ва марказнинг кўнгилли фаолларини  рағбатлантирди:

 – Дунёдаги  ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда , – деган мамлакатимиз Президентининг сўзларида улуғвор ҳақиқат мавжуд.

Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” аёлларни ва ёшларни қўллаб қувватлаш марказининг  “Мини кутубхона – мутолаа ҳамда тиббий маданиятни юксалтиришнинг янги усули” номли лойиҳаси учинчи ренессансга  пойдевор қўядиган салоҳиятли ёшларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишни кўзлайди.

Марказ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган  танловда ғолиб бўлиб, Парламент коммиссияси қарори билан грантни олишга муяссар бўлди.

 Мақсад:  gujum.uz сайтининг “Жаҳон” рукнида (24.07.2019 йил) ”Болалар паркида мўъжаз кутубхона” мақоласи чоп этилган.  Унда АҚШдаги миникутубхона тажрибаси ёритилган.

АҚШда ўтказилган тадқиқотларга кўра кам таъминланган оилаларнинг 61 фойизи уйда болалар ёшига мос китоб ва бошқа маърифий ахборот манбаларига эга эмас. Уйида мутолаа ресурсларига эга бўлмаган бола эса уйда кўплаб китоб ва бошқа маърифий ахборот манбаларига эга бўлган болага нисбатан мактабда фанларни ўзлаштириш жиҳатдан 3 йил орқада қолар экан. Бу далил болаларни китоб ва бошқа маърифий ахборот манбалари билан таъминлаш нақадар муҳимлигини кўрсатади. Бу муаммо Ўзбекистонда ҳам йўқ эмас.

Миникутубхона лойиҳаси эса болалар ва катталарни 24 соат китоб билан таъминлаш имконини беради. Миникутубхона лойиҳаси натижасида АҚШда йилига минглаб кишилар ўзаро китоблар алмашиб ўқийдилар. Миникутубхонадаги битта китобни уйда ўқишга олиб кетишса ўрнига китоб ташлаб кетишади ва ўқиб бўлгач яна олиб келиб қўйишади. Одамлар ана шу йўл билан бир-бирига зиё улашишади.

Биз ҳам халқимизни ана шу эзгу амалга ўргатиш истагидамиз. Ота-оналар фарзандлари билан бирга болалар майдончасида дам олишади. У ерда  спорт машғулотлари учун шарт-шароитлар мавжуд. Бироқ, мутолага ундовчи, китобни тарғиб қилувчи усул-услублар  йўқ. Мини кутубхона ана шу имкониятни яратади, деган умиддамиз.

Мини кутубхона Яккасарой туманидаги болалар майдонига жойлаштирилди. Бу майдон соя- салқин анҳор бўйига яқин тўртта туман кесишган жойда жойлашган. Беседка, скамейка, фавворали ва турли хил арғимчоқларга бой маскан доимо она ва болалар билан гавжум.

Илтимос,  фақат китобни уйга олиб кетиш мумкин эмас. Уйда ўқишга заруратингиз бўлса ўрнига янги бир китоб ташлаб кетиш шарти билан олиш мумкин. Ўзингиз яхши кўрган китобни маҳалладошларингизга тавсия қилмоқчи бўлсангиз ёки муаллифлик китобингиз билан таништирмоқчи бўлсангиз, марҳамат, миникутубхонани тўлдириб боришингиз мумкин. Бу билан халқимизга нур улашасиз ва савоб ишга муносиб ҳисса қўшган бўласиз.

Миникутубхонада QR- кодли китоблар афишаси ҳам жойлаштирилган, уни мобил телефонингизга ёки ноотбукингизга юклаб олиб, уйда ўқишингиз мумкин.

Шунингдек,  бугунги кунда долзарб бўлиб турган пандемия профилактикасига доир қўлланмалар ва йўриқномаларни шу ерда ўқишингиз ёки уйга олиб кетиб оилангиз билан бемалол танишиб чиқишингиз мумкин.

 Азиз ватандошлар, маҳалладошлар элимиз одамларига маънавият-маърифат тарқатишга, замондошларимизнинг дилларини  китоблар зиёси ила нурлантиришга муносиб ҳисса қўшасиз, деган умиддамиз. Миникутубхона барчамизга қутлуғ бўлсин!

Марказ ҳақида маълумот:  Олий Мажлиси ҳузуридаги Парламент комиссияси қарори билан ”Оила маданияти – юрт тинчлиги” мавзуидаги “Салоҳият” кўчма клуби”(2017 йил) ва GUJUM.uz сайтида “Аҳил оила мактаби”(2018 йил) мавзуларида грант олиб фаолият юритган.

Ҳамкорларимиз: Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА), Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати, Тошкент шаҳар Яккасарой туман ҳокимияти,  Яккасарой тумани Юнус Ражабий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини, Тошкент шаҳар “Билим” ахборот кутубхона маркази.

Мамлакатимиз Президенти Олий Мажлисга мурожаатномасида давлат ташкилотлари билан нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Ҳамкорлигимиз ушбу йўналишга муносиб ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

GUJUM.UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.