Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий маҳалласида Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” аёллар ва ёшлар марказининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида ”Оила маданияти – юрт тинчлиги” мавзуидаги “Салоҳият” кўчма клубининг дастлабки тадбири июнь ойида бўлиб ўтди.
Унда юридик фанлари доктори Фарруха Муҳиддинова ”Оналик ва болалик давлат ҳимоясида” мавзуида гапирди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси профессори, заҳирадаги полковник Сорахон Ахмедова ҳар бир оилага кундалик фаолиятида зарур бўладиган “Оила” кодексини шарҳлаб берди.
Ўзбекистон Республикаси Қонституцияси асосида “Ўз ҳуқуқингизни биласизми” мавзуида тайёрланган саволномалар тингловчиларга тарқатилди. Ушбу саволларга тингловчилар томонидан берилган оилавий жавоблар Марказнинг сайдида “Ўз ҳуқуқингизни биласизми” рукни билан бериб борилади. Малакали жавоб берган оилалар лойиҳа якунида(лойиҳа бир йиллик) тақдирланади. Бу тадбир тингловчиларнинг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.
Иккинчи йўналиш оилаларнинг мутолаа маданиятини юксалтиришга бағишланди. Республикада хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова “Китоб тафаккур хазинаси” мавзуда мулоқот қилди. Ўзининг ҳамда оила аъзоларининг муаллифлик китобларидан ва шахсий кутубхонасидан 25 тасини маҳалла кутубхонасига совға қилди. Шунингдек, “Ғунча” журнали таҳририяти бош муҳаррири Дилфуза Шомаликова ва “Соғлом авлод” газетаси бош муҳаррири Фахриддин Ҳайитов номидан тадбир қатнашчиларига оилавий мутола учун газета ва журналлар ҳамда мутола маданияти акс этган журналнинг йил тақвими тарқатилди. Улардан янги ташкил этилган маҳалла кутубхонасига ҳам армуғон қилинди.
Тадбир сўнгида марказ аъзоси, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт санитария бирлашмасининг 1-Марказий поликлиникасида узоқ йиллар ишлаб нафақага чиққан, ҳожиларнинг саломатлигини кузатувчи сифатида ҳаж ва умра зиёратига хизмат сафари билан бир неча марта борган табаррук онахон Рахимахон опа Зокирова ва “Чинобод” санаторияси врачи, олий тоифали врач Холида Очилова тадбир қатнашчиларининг саволларига жавоб бериб, тиббий маслаҳатлар беришди. Холида Очилова ўзи ёзган она юрт неъмати бўлмиш доривор гиёҳлар ва сабзовотларнинг шифобахш хусусияти ҳақидаги туркум китобларини тадбир қатнашчиларига ва маҳалла кутубхонасига арғумон қилди.
Ж. Саъдуллаев