Оила қуриш ҳар бир инсон ҳаётида улуғвор воқеа бўлиб, ижтимоий аҳамият касб этади. Янги оила билан жамиятнинг энг муҳим бошланғич буғини вужудга келади. Зеро, оила соғлом бўлса, жамият соғлом, юрт тинч-осойишта бўлади. Пировардида мамлакат қудрати кучаяди. Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Юнус Ражабий номли маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган тадбирда ана шу масалаларда фикрлашиб олинди.
Маҳалла раиси Адҳам Зохидов йиғилишни очиб, Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола маркази” бошқаруви раиси Раъно Зариповага сўз навбатини берди.
Р.Зарипова 2018 йил 30 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида сенаторлар маъқуллаган қонунлар билан таништирди.
Сенатнинг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори хусусида батафсил гапирди. Оилавий тадбирларни тартибга солиш на фақат фарзандлар келажаги учун балки, жамият учун ҳам жуда муҳим ижтимоий аҳамиятга эга вазифа эканлигини таъкидлаб шундай деди:. Сенатнинг ушбу қарори билан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди.
Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб ушбу масаланинг ОАВ, шу жумладан интернет нашрларда фаол муҳокама қилинишини ташкил этиш, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида оилавий тадбирларни ўтказиш борасида шаклланган ўзига хос урф-одат ва анъаналарни аҳоли иштирокида чуқур ўрганиб чиқиш белгиланди. Ишчи гуруҳга муҳокамалар якуни бўйича асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва лойиҳани Олий Мажлиси Сенатига кўриб чиқиш учун тақдим этиш белгиланди.
Шунингдек, Сенатнинг ушбу қарори билан тегишли давлат ва нодавлат ташкилотларига мазкур масалаларни чуқур ўрганиб, Ишчи гуруҳга асослантирилган таклиф киритиш топширилди”.
Маърузачи Олий Мажлис Сенатининг мазкур қарорни қабул қилишдан мақсади аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва фикрлар инобатга олиниб, ишчи гуруҳ мазкур масалани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши янада мукаммал бўлиши кўзлаганлиги таъкидлади
Йиғилиш қатнашчилари сўзга чиқиб, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ихчамлаштириб ўтказиш таклифини маъқулладилар ва таклифларини билдирдилар.
Кекса педагог Неъматулла Тожибоев маърака маросимлари ҳақида шундай фикр билдирди: “Мен бир пайтлар Миср ва Жазоирда хизмат сафарида бўлгандим. Бир уй эшиги олдида кўрпача тўшалган бўлиб, ёнида обдаста ва сочиқ илдириб қўйилганди. Бу нарсалар ушбу хонадонда таъзия борлигини билдирар экан. У ердан ўтаётган ҳар қандай киши хоҳласа марҳум хотирасига қуръон тиловатини бажариб кетар экан. Ҳатто уй эгаси ишда бўлиши ҳам мумкин экан. Дабдабалардан йироқлиги мени ҳайратга солган эди.”
Яккасарой туманидаги 110 мактаб ўқитувчиси Хуршида Ашурова пойтахтимизда авж олган тўй арафасида куёвнинг уйини безатиш маросимларини ҳам тартибга солиш лозимлиги ҳақида фикр билдирди: “Қалбингизнинг бир парчаси қизингизни берасиз, ҳам куёвнинг уйини безайсиз. Бўладиган қудалар ёқмаган совға-саломингизни бемалол табиий равишда айтиб ўтишади. Бошқа одамларнинг шу йўналишдаги маросимлари билан солиштиришади. Мазкур тадбир инсон қадрини ерга уради, одоб-икромдан узоқлаштиради. Албатта, буни тартибга солиш керак. Республиканинг барча вилоятларида бу маросим турлича нишонланади. Масалан, Хоразмда, Қашқадарё ва Самарқанднинг тоғли худудларида, бу тадбир ўтказилмайди. Уларда совға-салом келиннинг ўзи билан бирга тўй куни юборилади, бироқ у дабдабадан йироқ”.
Ушбу маҳалла пойтахтдаги турли миллат вакиллари дўстона яшаётган намунали маҳаллалардан бири. Тўйлар борасида ҳам ўз анъаналарига, қадриятларига эга. Маҳалла идораси тўйхона билан ёнма-ён жойлашган. Жамоат бирлашмасининг кўпгина тадбирлари ана шу жойда ўтказилади. Камтарона, ихчам тўйлар ўтказиш борасида улар яна бир анъанани бошлашди. Бу ҳақида маҳалла раиси Адҳам Заҳидов шундай дейди: Яккасарой ФХДЁ билан ҳамкорлик масаласида шартномаси туздик. Тўй ўтказадиган оилалар аввало маҳалламиз идорасига мурожаат қилишади. Маҳаллада анъаналар ва миллий қадриятлар бўйича комиссия тузилган бўлиб, улар ота-оналар ва ёшлар билан суҳбатлашадилар. Махсус сўровнома тайёрлаганмиз, у суҳбат асносида тўлдирилади. Маҳалланинг ушбу сўровномасидан кейин улар ФХДЁга мурожаат қилишади. Унда тўйга битта санъаткор таклиф этиш, тўй ошини икки юз, никоҳ тўйини 150 кишидан оширмаслик ва бошқа йўриқлар билан таништирилади. Бу усул билан ҳар бир хонадонни бу борадаги фикрларини билиш, тўғри йўлга бошлаш мақсадлари кўзланган”.
Қизғин мунозараларга бой бўлган тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди тасдиқлаган лойиҳа асосида ўтказилди.
Жавлон Саъдуллаев тайёрлади.