«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони соҳибаларининг ҳаёти билан танишинг

0
2062
марта кўрилган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти томонидан 2019 йилда нашрга тайёрланган уч тилдаги «Ўзбекистон аёллари» («Женщины Узбекистана», «Women of Uzbekistan») номли китоб-альбоми етти йўналишдан иборат бўлиб, унинг биринчисида номлари тарих зарварақларига муҳрланган, муносиб излар қолдирган момоларимиз хотираси эъзозланади. Кейинги саҳифаларда эса халқ орасида обрў-эътибор қозонган юзлаб аёлларнинг меҳнатлари эътироф этилади.

Ўзбекистон Хотин-қизлари қўмитаси ташаббуси билан чоп этилган ушбу китоб-альбомнинг учинчи йўналиши «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони соҳибалари ҳақида бўлиб, ушбу йўналишнинг координатори сифатида китоб-альбомнинг тайёрланишига кўмаклашдим. 

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони ва «Олтин Юлдуз» медали биринчи бора 1995 йили берилган. Ушбу юксак давлат мукофотини юртимиздан юздан ортиқ киши олишга муяссар бўлди. Уларнинг ўн олти нафари аёлдир. Китоб-альбомдан 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони ўрин олган. Ўн олтинчи қаҳрамонимиз – Лола Муротова  киритилмаган. Чунки  китоб чоп этилганида давлатнинг юксак мукофоти билан тақдирланмаган эди. Биз у кишини ҳам ҳурмат -эҳтиром билан саҳифамизда таништирдик.

Ўзбекистон Қаҳрамони СУЙИМА Ғаниевна Ғаниева

Суйима Ғаниева 1932-йил 20-февралда Тошкент шаҳрида дунёга келган. Олий маъ­лумотли. Филология фанлари номзоди (1956), профессор. 1956-йилда Ўрта Осиё давлат университетининг Шарқшунослик факултетини битирган. Ўз меҳнат фаолиятини Ўз ФАнинг Ўзбек тили ва адабиёти институтида кичик илмий ходим сифатида бошлаган.

Суйима Ғаниева умрининг кўп йилларини институтга, Алишер Навоийнинг қўлёзмала­рини топиш, шунингдек, унинг бой меросини ўрганишга бағишлади. Илмий-тадқиқотчи­лик фаолияти давомида унинг 10 дан ортиқ монография, 350 та илмий-тадқиқот мақола­си чоп этилди, 20 дан ортиқ илмий-услубий қўлланмалари нашрдан чиқди. Алишер Навоий мукаммал асарлар тўплами (20 томлик)да у «Мажолис ун-нафоис», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муншаот«, «Вақфия», «Ҳамсат ул-мутаҳаййирин«, «Ҳолоти Саййид Ҳасан Арда­шер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад«, «Назм ул-жавоҳир», «Муҳокамат ул-луғатайн« каби асарларни изоҳ ва луғатлар билан нашрга тайёрлади.

Навоий асарларининг 20 томлигини тайёрлашдаги хизматлари, Навоий муҳри, янгидан янги қўлёзмаларни топишдаги ўрни, мумтоз адабиёт борасидаги илмий изланишлари ту­файли Суйима Ғаниева 1992-йил Беруний номидаги Давлат мукофоти, «Ел-юрт ҳурмати» ордени, 2008-йил «Буюк хизматлари учун ордени», 2015-йил «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.

Ўзбек мумтоз адабиёти борасида устоз олима саналган Суйима Ғаниева 2018-йил олам­дан ўтди.

Ўзбекистон Қаҳрамони МАЛИКА Саматовна Абдуллахўжаева

Малика Абдуллахўжаева 1932-йил 28-но­я­брда Россия Федерациясининг Москва шаҳ­рида дунёга келган. Олий маълумотли. Тиббиёт фанлари доктори (1968), профессор (1970), ЎзР ФА академиги (2000). 1956-йилда Тошкент давлат тиббиёт институтининг Даволаш факульте­тини битирган. 1960–1962-йиллар Тошкент давлат тиббиёт институтининг Марказий лабораторияси мудири, 1963–1969-йиллар Ўзбекистон Рентгенология, радиология ва онкология институтининг патоморфология ва гистохимия лабораторияси мудири; 1969–1990-йиллар Тошкент тиббиёт институтининг “Патологик анатомия” кафедраси му­дири, 1990–2000-йиллар Тошкент давлат 2-тиббиёт институтининг “Патологик анатомия” кафедраси мудири, Ўзбекис­тон Республикаси Паталогоанатомик маркази директори.

Малика Абдуллахўжаеванинг илмий-тадқи­қот иши асаб тизимининг иммунопатологиясига бағишланади. У Ўзбекистон тибби­ётидаги янги йў­налиш – иммунопатология трансплантация­си асосчиларидан биридир. Олима патологик анатомия бўйича дастлабки ўқув қўлланманинг (1997) муаллифидир. Заҳматкаш олиманинг тиббиёт соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 300 дан зиёд илмий мақоласи, 20 га яқин китоб ва монографиялари ҳамда 10 га яқин муаллифлик ишлари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум.

Илм-фан соҳасида кўрсатган хизматлари учун Малика Абдуллахўжаева 2003-йилда «Меҳнат шуҳ­рати» ордени, 2006-йилда эса «Ўзбекистон Қаҳра­мони» унвони билан тақдирланган.

Атоқли олима Малика Абдуллахўжаева 2018-йил оламдан ўтди.

Ўзбекистон Қаҳрамони ВЕРА БОРИСОВНА ПАК

Вера Пак 1938-йил 13-ноябрда Қорақал­поғистон Республикаси Қўнғирот шаҳрида туғилган. Олий маълумотли. 1961-йил Қорақал­поқ давлат педагогика институтини битирган. 1961–1985-йиллар Хива шаҳрининг 3-сонли мактабида кимё ва биология ўқитувчиси, 1985-йилдан Хива шаҳри 20-сонли болалар уйи директори лавозимида ишлади. Кўп йиллар давомида у ота-онасиз болаларга меҳр-шафқат улашди, диққат-эътиборини аямади. У болалар уйида «Шодлик» болалар ансамблини ташкил этди. Вера Пак бошчилигида ушбу даргоҳ «Энг яхши Меҳрибонлик уйи», «Энг яхши Меҳрибонлик уйи тарбиячиси» кўрик танлов­ларининг республика босқичи ғолиби бўлишга эришган. «Энг меҳмондўст Меҳрибонлик уйи», «Энг яхши таълим-тарбия дастурини ишлаб чиққан Меҳрибонлик уйи» каби йўналишларда ҳам совринлар олишга муяссар бўлган. Унинг битирувчилар билан олиб бораётган ишлари, ўқувчиларнинг олий ўқув муассаса­ларига ўқишга кириши, янги жойга мослашиши, касб танлаши, умуман, уларнинг ижтимоий интеграцияси масалалари халқаро форумларда ҳам оммалаштирилган.

Вера Пак Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси. У Халқ депутатларининг шаҳар Кенгаши депутати, 2004 ва 2009-йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида сайланди.

Вера Пак намунали меҳнати, давлат ва жамият олдидаги хизматлари учун 1992-йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими» унвони, 2001-йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони», 2006-йил «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақ­дирланди.

Моҳир педагог Вера Пак 2017-йил вафот этди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон Абдуллаева

Сиёсатхон Абдуллаева 1940-йил 5-ноябр­да Андижон вилояти, Олтинкўл туманида дунёга келган. Олий маълумотли. Андижон Пахтачилик институтини тугатган. Ўз меҳнат фаолиятини 1959-йилда Олтинкўл туманидаги «Намуна» хўжалик ташкилотида ишчи сифа­тида бошлаган. 1972–1978-йиллар «Намуна» хўжалиги қошидаги болалар боғчасида тарбиячи, кейин шу хўжаликда фермер, 1978–2006-йиллар Олтинкўл туманидаги «Намуна» компаниясида фермер пудратчиси, 2006–2018-йиллар «Олтинкўл водий гулшани» гулчилик фермаси бошқарувчиси сифатида фао­лият юритган.

Сиёсатхон Абдуллаева фермерчилик со­ҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлгани сабабли пахтачиликка қишлоқ хўжалигининг янги технологияларини тадбиқ қилишда экс­перт сифати­да ҳам ишлади. У пахтачиликнинг ўзига хос «Андижон мактаби»ни яратишда фаол иштирок этган дастлабки пахтакорлардан биридир. Тажрибали агроном йиллар мобайнида пахта, буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини муддатидан олдин, белгиланган режадан ортиқ қилиб топширганлиги учун ҳам намунали фермер сифатида эътибор қозонди. Бундан ташқари Сиёсатхон Абдуллаева жамоат ишларида фаол бўлган. У қишлоқ ва маҳаллаларни обод этишда, ёшларни ватанпарварлик, халқпарварлик руҳида камол топ­тиришда жонкуярлик кўрсатди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришган ютуқ­лари, тинимсиз меҳнатлари учун Сиё­сат­хон Абдуллаева 2005-йил «Дўстлик» ордени 2008-йил «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони  билан тақдирланди.

Моҳир ва тажрибали фермер Сиёсатхон Абдуллаева 2018-йилда вафот этди.

Ўзбекистон Қаҳрамони ПАТИЛА Эргашева

Патила Эргашева 1952-йил 7-ноябрда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида та­вал­луд топган. У дастлабки фаолиятини Бувайда туманидаги «Дўстлик» жамоа хўжалиги бри­гадири сифатида бошлади. Мустақиллик йилларида биринчилардан бўлиб фермер хўжали­гини ташкил қилди. Ҳозиргача «Патилахон» фермер хўжаликнинг раҳбари сифатида фаолият олиб бормоқда.

Патилахон Эргашева 69 гектар ердан иборат майдонда пахта, буғдой ва полиз маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйди ҳамда ушбу фермерлик хўжалигида 40 га яқин кишини иш билан таъминлади. Шуни алоҳида таъкидлаш керак. Наманган вилоятидаги 5 та уруғчилик хўжалигидан бирига Патилахон Эргашева раҳбарлик қилади ҳамда бутун вилоятга буғдой, пахта, полиз экинлари уруғларини етказиб беради. У Фарғона вилояти Уруғчилик бирлашмаси билан ҳамкорликда 1995-йил би­ринчилардан бўлиб ўз уруғчилик хўжалигини ташкил этган. Натижада, ҳозирги кунга келиб вилоятда экилаётган «Наманган-77» пахта уруғи нави айнан мана шу хўжалик томонидан етказиб берилади.

Патилахон Эргашева қишлоқ хўжалиги со­­ҳасида кўрсатган жонбозликлари учун 1995-йил «Ўзбекистон Республикасида хиз­мат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвони, 2002-йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2010-йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.

Ўзбекистон Қаҳрамон Муяссар Темирова

Муяссар Темирова 1941-йил 2-февралда Бухоро вилоятининг Бухоро туманида дунёга келган. 1959-йилда ўрта мактабни тугатиб, Бухоро Зардўзлик фабрикасида (ҳозирги «Зардўз» АЖ) ишлашни бошлади. У ўз меҳнат фаолиятининг дастлабки пайт­ларида заргарлик санъатини ривожлантиришга, касб сир­ларини пухта эгаллашга интилди. Бир неча йилдан сўнг у уста мақомига эришди, сўнгра цех бошлиғи, ундан кейин эса бўлим бошлиғи лавозимига кўтарилди. Зардўзлик – матога, бош кийимга, эшик пардаларга олтин ёки кумуш иплар билан нақш тушириш бўлиб, катта меҳнат ва сабр талаб қилади. Муяссар Темированинг тиккан зардўзлик кийимлари унинг маҳорати­дан сўзлаб туради. Масалан, бир маҳсулотида Исмоил Сомоний мақбараси, яна бошқасида эса Минораи Калон тасвири туширилган.

Муяссар Темированинг амалий ҳунармандчиликка мансуб кўплаб ижод маҳсули нафақат бизнинг давлатимизда, балки чет элларда ҳам машҳур. У кўпгина чет эл давлат­лар кўргазмаларида қатнашган. Жумладан, 1972-йил Ҳиндистон ва Полшада, 1974-йил Берлинда, 1989-йилда Туркиянинг Измир шаҳрида, Ветнам, Париж, Лейпциг, Брун ва Лис­сабондаги кўргазмаларда ўз ҳунарманд­чилик ишлари билан иштирок этди. Уста ҳунарманднинг ишлари Ўзбекистон музейларида санъат асари сифатида сақланмоқда.

Муяссар Темированинг республика ва хорижда машҳур бўлган кўплаб ижод намуна­лари ҳукуматимиз томонидан юқори баҳо­ланди. Ҳамда 1978-йилда «Ўзбекистон халқ рассоми» унвони, 1995-йилда эса «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.

Ўзбекистон Қаҳрамони АНОР Маҳмудова

Анор Маҳмудова 1942-йил 2-майда Хо­разм вилояти Гурлан туманида таваллуд топ­ган. Олий маълумотли. 1964-йил Хоразм давлат педагогика институтининг Физика-ма­тематика факултетини битирган. Ўша йили Гурлан ту­манидаги 1-сонли мактабда ўқитувчилик қила бошлади. 1972–1984-йиллар Гурлан техника билим юрти директори, 1984–1986-йиллар Гурлан шаҳар таълим бўлими мудири, 1986-йилдан буён тумандаги 1-сонли мактаб директори лавозимларида ишлаб келмоқда.

Кўп йиллар шу мактабда ишлаб, таълим жараёнига катта ҳисса қўшди, ўқувчиларга билим улашди, ўз тажрибасини ёш ўқитув­чилар билан бўлишди. Шу туфайли 1-сонли мактабнинг 2 нафар ўқувчиси республика фан олимпиадаси, 4 нафар ўқувчи «Билимлар беллашуви» республика танлови, 4 нафар ўқувчи «Компютер саводхонлиги» республика танлови ғолиблари, 3 нафар ўқувчи карате бўйича жаҳон чемпиони бўлган. Мактаб директори Анор Маҳмудованинг «Сонлар сайёрасига саёҳат» қўлланмаси, «Оддий касрларни ўрганамиз» электрон дарслиги, «Ўқувчиларнинг дилсўзлари» рисоласи, «Миллий истиқлол ғояси ва мафкурани онгимизга сингдириб, қалбимизга пайванд қиламиз» каби китоблари нашр этилган.

Ўз касбининг фидойиси, устоз ва мураббий Анор Маҳмудова ёш авлодни тарбиялашдек масулиятли вазифада кўрсатган жонбозликлари сабабли 1978-йил «Халқ таълими аълочиси» нишони, 1992-йил Ўзбекистон Республикаси­нинг Фахрий ёрлиғи, 1999-йил «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2004-йил «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди. Бундан ташқари, 2006–2017-йиллар давомида ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида бериладиган нишонларга сазовор бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Қаҳрамони АЙШАХОН Қўчқорова

Айшахон Қўчқорова 1941-йил 26-июлда Наманган шаҳрида дунёга келган. Олий маълумотли. 1958–1964-йилларда Андижон давлат тиббиёт институтида билим олган. Илк фаолиятини 1964-йилда Наманган шаҳридаги 2-сонли шифохонада бошлаган. 1984-йилгача бўлган мазкур шифохонадаги фаолияти мобайнида у оддий шифокор, туғуруқхона бўлими мудири, 1984–2008-йилларда Наманган вилояти туғуруқхонаси бўлим мудири, бундан ташқари 1976–1991-йиллар Санитария авиациясида навбатчи акушер-гинеколог, 1991–2008-йиллар Наманган вилояти бўйича гемотологик бригадада навбатчи аку­шер-гинеколог бўлиб ишлаган.

Айшахон Қўчқорова бутун фаолияти мобайнида беморларга шифо улашиш, улар­нинг дардига шерик бўлишдек масулиятли вазифани бажарди. Наманган вилоятидаги кўплаб шифокорлар, хусусан, акушер-гинекологлар айнан Айшахон Қўчқорова қўлида шифокорликнинг нозик сирларини ўрганиб борди.

Ўз меҳнат фаолияти давомида шифокор кўплаб аёлларнинг оналик бахтига эришишига сабабчи бўлди, ёш оналарга фарзанд парваришидек нозик масалада йўл кўрсатди, вилоятдаги кўплаб гинеколог-акушерларга бу касбнинг нақадар аҳамиятли эканлиги, мамлакат келажаги улар меҳнатининг самарали ва пухта олиб борилишига қанчалик алоқадор эканлиги тўғрисида кўплаб маъруза ва тушун­тиришлар олиб борди.

Ўз соҳасининг фидойиси, тажрибали шифокор Айшахон Қўчқорова кўп йиллик хизматлари учун 1996-йил «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланади.

Ўзбекистон Қаҳрамони Мавлуда Собировна Исматова

Мавлуда Исматова 1943-йил 7-майда Тош­кент шаҳрида таваллуд топган. Олий маълумотли. 1968-йилда Тошкент давлат пе­дагогика институтининг Тарих–филология фа­култетини тугатган. Ўз меҳнат фаолиятини 1968-йилда Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 26-сонли мактабнинг бошланғич синфларига дарс бериш­дан бошлади. Кейинроқ шу мактабнинг директор ўринбосари лавозимига кўтарилди. 1983-йилдан бошлаб кўп йиллар давомида шу мактаб директори лавозимида ишлади.

Мамлакатимизда педагог кадрларни тай­ёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги сабабли бу соҳа вакилларининг меҳнати алоҳида қадр-қийматга эга. Зеро, Мавлуда Исматова сингари таълим фидойилари минглаб ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга. Мавлуда Исматова раҳбарлик қилаётган мактаб 1995-йилда «Йилнинг энг яхши мактаби» эътирофига сазовор бўлди. Мактаб ўқувчилари кўп йиллар мобайнида республика ҳамда Тошкент шаҳар олимпиа­даларида фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Исматова Мавлуда барча билимларини ўқувчиларга етказишга ҳаракат қилди. Тўплаган тажрибаларини ёш мутахассисларга ўргатди. Унинг маърифатга йўналтирилган ярим асрлик фаолияти давлат томонидан инобатга олинди. Тажрибали педагог 1995-йил «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» унвони, 1999-йилда эса «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.

Ўз соҳасининг фидойиси, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Мавлуда Исматова 2018-йилда вафот этди.

Ўзбекистон Қаҳрамони ДИЛБАР Акрамова

Дилбар Акрамова 1946-йил 9-февралда На­манган вилоятининг Уйчи туманида таваллуд топган. Олий маълумотли. 1967-йил Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаган. У 1962–1963-йилларда Тошкент трикотаж фабрикасида тўқувчи сифатида илк фаолиятини бошлаган. 1967–1971-йиллар На­манган шаҳар нотўқима материаллар фабрика­сида лаборант, 1986–1990-йиллар Наманган бадиий буюмлар фабрикаси «Шохи сўзана» ҳиссадорлик жамияти бошқаруви­нинг раиси лавозимларида ишлади ҳамда ушбу фабрикада 2000 минг нафар аёлни иш билан таъминлади ва аёллар учун курслар очиб, каштачилик сир-синоатларини ўргатди. Дилбар Акрамова 1996-йилдан умрининг охиригача «Меҳр шафқат ва саломатлик» жамғармасининг Наманган вилояти бўлими бошқаруви раиси сифатида фаолият юритди. Жамғармага раҳбарлик қилганида Поп туманида 100 гектарга яқин ташландиқ ерни олиб, «Меҳр-шафқат» фермер хўжалигини ташкил этди. У ерда балиқчилик, шоличилик, буғдой етиштириш билан шуғулланди. Ва кўрган даромад кам таъминланган ҳамда ногирон инсонлар мавжуд оилаларга тарқатилди.

Дилбар Акрамова Ўзбекистон Республи­каси мустақил бўлган илк даврларданоқ халқни ички маҳсулот билан таъминлаш, ки­йим-ке­чакларни етказиб беришга жон-жаҳди билан ҳаракат қилди. Ишлаб чиқариш ишларини жадаллик билан олиб бориб одамларни иш билан таъминлашга ҳаракат қилди.

Узоқ йиллар мобайнида халқига қилган ҳа­лол ва беминнат хизматлари эвазига Дилбар Акрамова 2002-йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.

Дилбар Акрамова 2016-йилда вафот этди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Манзура Абдуллаевна  Мадалиева

Манзура Мадалиева  1947-йил 26-ав­густда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида дунёга келган. Олий маълумотли. Қўқон педагогика институтининг математика факультетини битирган. Манзура Мадалиева 1970-йилда Қўқон шаҳридаги 10-мактабда математикадан дарс беришни бошлайди ва  таълимда ўзига хос мактаб яратади. У ви­лоятда биринчи бўлиб “Қизиқарли математика кечаси”ни ўтказди. Ўзбекистон телевидениеси унинг сцена­рийсини “Билмасвой математика кечасида” номи билан намойиш этди. Худди шу кўрсатув буюк олим Ал-Хоразмий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуман қанташчиларига ҳам намойиш этилди.   Манзура Мадалиеванинг “Кўп бурчаклар ташкилоти ва Аҳмад” сценарийси ҳам Фарғона ўқувчиларига қўлланма бўлди. 1991-йил  педагогнинг кўп йиллик тажрибаси ҳақида ҳикоя қилувчи “Саҳнада – математика” китобчаси 13 минг нусхада чоп этилди. Ушбу китобча миллий маориф тизимида янгилик бўлиб, 2012 йилда яна қайта чоп этилди.

Манзура Мадалиева Ўзбекистон таълим тизимида замонавий усуллар, янгича кўргазмали қуроллар билан дарс ўтишни бошлаб берган дастлабки педагоглардан саналади.  У ўтказган очиқ дарслар, математика кечалари бутун Республика бўйлаб намунали дарс сифатида кўрсатилган.  Ўқитувчи тайёрлаган кўплаб шогирдлар бугунги кунда жамиятда ўзининг мустаҳкам ўрнини топиб келмоқда.

Манзура Мадалиева 1997-йилда фаол педагог сифатида “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Халчахон Меливоевна  Мирзаева

Халчахон Мирзаева 1947-йил 3-октабрда Наманган вилоятининг Косонсой туманида таваллуд топган.  Маълумоти ўрта.  1965–1982-йиллар Наманган вилояти Тўрақўрғон жамоа хўжалиги ишчиси,  1982–2001-йилларда “Наврўз” ширкат хўжалиги бош пудратчиси, 2001-йилдан буён Тўрақўрғондаги “Хадича ая” фермер хўжалиги раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда.  Халчахон Мирзаева 2000- йил 48 гектар ер олиб, “Хадича ая” фермер хўжалигини ташкил этди. Фермер тез орада ер майдонини кенгайтириб, 95 гектор ерга пахта, ғалла  ва бошқа экинларни етиштиришга ўзи бошчилик қила бошлади. Ҳар гектор ердан 10 центнердан пахта, 42 центнердан ғалла ҳосилини етиштириб берди. Наманганда биринчилардан бўлиб лимонария ташкил қилди. Бугунга келиб ҳар йили ушбу лимонариядан  3–4 тонна ҳосил олиб келмоқда. 10 қути асаларини парваришлаб, фермер хўжалиги ходимлари оиласини шифобахш асал билан таъминлаб келмоқда. Халчахон Мирзаева қишлоқ хўжалиги соҳаларида очган янги иш ўринлари билан 50 кишини таъминлади. Мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини юксалтиришга қўшган ҳиссаси учун Халчахон Мирзаева 1992-йилдаёқ “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор” фахрий унвони билан тақдирланди. Унинг тинимсиз меҳнатлари 2002-йил “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2007-йил Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланди. Халчахон Мирзаева фермерлик билан бирга турли хил жамоат тадбирларида ҳам фаол иштирок этади. У 2015-йилдан буён Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати сифатида ҳам фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Араповна Шаропова

Муҳаббат  Шаропова 1949-йил 24-январда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида дунёга келган. Олий маълумотли. 1971-йил СамДУнинг механика-математика факультетини битирган. Илк меҳнат фаолиятини шу йили Қарши шаҳридаги 5-мактабда математикадан дарс беришдан бошлади. 1998–2000-йиллар ҚДУ қошидаги лицей -интернатда ўқитувчи, 2000–2017-йиллар Қаршидаги ихтисослашган умумтаълим мактаб- интернатда ўқитувчи сифатида ишлади. Муҳаббат Шаропова вилоятда биринчи бўлиб болалар учун математикадан қўлланмалар ёзди. “1995-1996 ўқув йилида давлат тест маркази эълон қилган математика бўйича тест саволларининг ечимлари”, “5-синф учун математика дарсига илова”, ”7-синфда геометрия фанидан   ўтказиладиган ноанъанавий дарс”, “Математика чуқур ўргатиладиган синфларда 9 ва 11-синф битирувчилари учун математикадан қўшимча топшириқ материаллари”, “Математика чуқур ўргатиладиган синфларда “кўпҳадлар”  ва ”функциялар” мавзуларини ўтишга оид услубий қўлланма”, “Тригонометрия тарихи ҳақида қисқача маълумот”, “Фанда планиметрия бўлимини такрорлаш бўйича ноанъанавий дарс ўтиш” каби қўлланмалар муаллифи. Унинг ўқувчилари 22 марта республика олимпиадасида, 9 марта  халқаро танловларда ғолиб бўлишди.

Муҳаббат Шаропова кўп йиллик самарали меҳнатлари  учун  1992 йил  Республика фахрий ёрлиғи, 1996-йил “ Меҳнат шуҳрати” ордени, 2000 йил «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими» ҳамда 2016-йил  «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.   

Ўзбекистон Қаҳрамони Онесия Саитовна Саитова

Онесия Саитова 1949-йил 1-февралда Қора­қалпоғистон Респубикасининг Чимбой туманида таваллуд топган. 1972-йил Андижон давлат тиббиёт институтини тугатган. Олий тоифали шифокор. Илк фаолиятини Республика туғуруқхонасида бошлаган. 1973–1977-йиллар Шўманой тумани Қиров қишлоқ акушер-гинекологи, 1977– 1980-йил­лар Республика туғуруқхонаси бўлим шифокори, 1985–1989-йиллар Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш ва­зирлигининг бош акушер-гинекологи, 1989–1993-йиллар Қорақалпоғистон Респуб­ликаси 1-сонли туғуруқхона бош шифокори, 1993–1999-йиллар Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш маркази туғуруқхонаси бўлим мудири, 1999–2000-йиллар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги акушерлик ва гинекология илмий-тадқиқот институти Нукус филиали 1-сон туғуруқхона бўлими мудири, 2008-йилдан  буён мазкур тадқиқот маркази 4-сон туғуруқхона мудири сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Онесия Саитова коъп йиллар мобайнида аёлларнинг оналик бахтига муяссар боълишига сабба боълиб келмоқда. Бу жараёнда она ва болақ ҳаёти хавфсизлиги учун масул шифокор 3000 дан ортиқ жарроҳлик оператсияларини муваффақиятли ўтказган.

Онесия Саитова соғлиқни сақлаш тизимида ўзининг кўп йиллик меҳнатлари  туфайли  1997-йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Мартия Ахмедовна Ахмедова

Мартия Аҳмедова 1955-йил 8-мартда Бухоро вилоятининг Бухоро туманида туғилган. Олий маълумотли.  1975-йил Фарғона енгил саноати техникумини сиртдан тугатган. Ўз меҳнат фаолиятини 1973-йилда Бухоро тўқимачилик фабрикаси (ҳозирги “БухороТЕХНОТЕКС”) да оддий ип йигирувчи сифатида бошлади. Мартия Ахмедова йиллар мобайнида бу соҳада тинимсиз меҳнат қилди. Ўз касбини севгани учун моҳир ип йигирувчи бўлиб етишди. Унинг қўлидан чиққан иплар сифатлилиги ва мустаҳкамлиги билан ажралиб турарди. Меҳнаткаш ходимнинг яна бир хусусияти шундан иборат эдики, у бир вақтнинг ўзида бир неча дастгоҳларни чаққонлик билан бошқара олар эди.

Мустақилликка эришган илк даврларда тайёр маҳсулотни қайта ишлаш соҳаси ўта қадрли соҳа саналарди. Чунки хомашёни эмас, тайёр маҳсулотни сотиш давлат бюджети учун катта фойда келтирар эди. Бундай сабаблар Мартия Ахмедова каби қайта ишлаш соҳасининг фаолларини қадрлашни талаб қилар эди. Ўз касби сирларини шогирдлари, ҳамкасбларига ўргатиб келган Мартия Рахматова меҳнати ҳукуматимиз томонидан юқори баҳоланди. У 1996-йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 1999-йилда эса “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди.

Ўзбекистон Қаҳрамони  Лола Муротова 

Ҳаёти, умрининг мазмунини деҳқончилик ривожи-равнақида кўрадиган ЛолахонМуротова истиқлол йилларида фермерликдан чинакам бахт топди. У тракторчи, оддий ишчи, механик, табелчи, бригадир, бўлим бошлиғи, хўжалик раиси бўлди. Марказий Фарғонанинг чўл-дашт ерларида пахта, бошоқли дон етиштиришда катта муваффақиятларга эришиб, фермерлик соҳасида ўзига хос тажриба ва маҳорат мактаби яратди. Ҳукуматнинг қўша-қўша орденларига, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими” деган фахрий унвонга сазовор бўлди. 

Раъно Зарипова тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.