Пойтахтимиздаги 573- референдум участкасидан фоторепортаж

0
172
марта кўрилган.

Бугун мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа референдумда қатнаиш учун йўлга тушар эканман, тўққиз ёшли неварам эргашди. “Референдум ўзи нима мен ҳам кўргим келяпти”, бувижон дея илтимос қилди у. 

Сиёсий жараёнларни кўриб улғайгани маъқул-ку деб кўнглимдан ўтди.  Боргунча сиёсий жараённинг мазмун-моҳиятини болаларбоп қилиб тушинтириб бордим: Бугун мамлакатимизда муҳим сиёсий кунлиги, “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича умумхалқ референдуми ўтказилаётганлигини содда қилиб тушунтирдим.

Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, пойтахтнинг Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий маҳалла фуқаролар йиғини гузарида жойлашган 573- референдум участкасида ҳам сиёсий жараёнлар кўтаринки руҳда бошланди. Ўзининг ва мамлакатимизнинг тақдирига бефарқ бўлмаган фуқаролар яъни катта-ю ёшлар конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, референдумда фаоллик кўрсатмоқда. Овоз бериш жараёни кўтаринки руҳда, зўр кайфиятда ўтмоқда.

Референдум участкаларига овоз беришга келган юртдошларимиз билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг мазкур сиёсий жараёнга бефарқ эмасликларини, келажак учун бирдек масъул эканликларини ҳис қилаётганлиги барчамизни мамнун этди. Зеро, янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотлар бир мақсадга – ҳар бир инсоннинг ушбу юртда эркин яшаши ва Ватан келажаги бўлган болаларнинг баркамолликка эришиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган. Конституциямизни янгилаш эҳтиёжи ҳам айнан амалга оширилган барча соҳадаги улуғвор ўзгаришлардан келиб чиқди.

Эришилган натижаларни, кафолатланаётган ҳуқуқ ва эркинликларни бардавомлигини таъминлаш учун, ислоҳотларга бўлган ёндашувнинг барқарорлиги учун ҳам уларни мамлакатимизнинг бош қонуни – қомусимизда мустаҳкамлаш муҳим эди.  Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида белгиланган улуғвор вазифаларни бажариш учун янги Конституция мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Тараққиётнинг янги босқичига кўтарилган давлатимиз ва жамиятимиз учун янгиланган конституция давр талаби эди. 

Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий маҳалла фуқаролар йиғини гузарида жойлашган 573- референдум участкасига қарашли ҳудудда етти мингга яқин аҳоли ва 2500дан ортиқ оила истиқомат қилади. Референдум иштирокчилари учун сиёсий жараёнларнинг демократик талаблар асосида очиқ-ошкора ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун барча шарт-шароитлар яратилди, бешта партия кузатувчилари иштирок этди. Сиёсий жараёнга, улуғвор ислоҳотларга маҳалла аҳли бефарқ эмаслиги, маҳалладошларимизнинг фаоллиги ҳам яққол кузатилди.

Кўплаб ёшлар қатори Шаршара кўчасида яшовчи 80 ёшдан ўтган Озода ая Исломбекова, Ойпошша опа  Убайдуллаева, Бозорбой ота Эшонов каби нуронийларимиз  ҳам она Ватан тақдирига бефарқ эмаслигини, бугунги саъй-ҳаракатлари келажак авлодлари учун эканлигини билдиришди ва референдумда қатнашиб, овоз беришди.  

Маҳалла фуқаролар йиғини  аъзолари ҳам нуронийларни ва барча овоз беришга чиққан  фуқароларни эъзозлаб, дастурхон ёзиб қўйди, бир пиёла чой узатиб иззат-ҳурматини жойига қўйиб, Ватан тақдирига бефарқ эмасликлари учун ўз миннатдорчилигини билдиришди.

Яна бир яхши анъана кўплаб ёш оналар фарзандлари билан бирга чиқиб, бугунги муҳим сиёсий куннинг мақсад-у аҳамиятини тушунтиришди. Сиёсий жараёнларни кўриб,  улғайган фарзанд албатта, келажакда шунга муносиб бўлишга интилади. Катта – кичик байрамдек кутиб олган сиёсий кун, референдум яъни  халқ танлови, халқчил Конституция учун асос эканлигини англатди.

Мен ҳам референдумнинг нималигига қизиқаёиган кичкинтой неварам Юсуфбек билан билан бирга чиқиб, юртимиз равнақи учун ўз овозимни берганимдан хурсанд бўлдим. “Референдумда дастурхон ҳам ёзиладими, бувижон” – яна сўрайди неварам. “Ҳа, сендек кичкинтойлар учун ва маҳалладошлар  бир-бири билан бир пиёла чой устида дийдорлашиб суҳбатлашиши учун ёзилади, боламан. Меҳмондўст халқимиз байрамларни, ҳайитларни қўни-қўшнига ризқ-рўз улашмасдан кутмайди, болагинам” – дейман унга.

 Ватанимизнинг порлоқ келажаги, юрт тинчлиги, мусаффо осмони, оилалар фаровонлиги барқарор бўлиши ва ҳар биримизнинг касби-корларимизга қут-барака тилаб  дуолар қилиб, қайтдик.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Неварам Юсуфбек олган сувратлар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.