Мен, ҲАКИМЖАНОВ Рустамбек пойтахтдаги 283-МАКТАБнинг 5-А синфида таълим — тарбия оламан. Менга ёзувчи Ғафур Ғулом қаламига мансуб «Шум бола» қиссаси жуда ёқди.
Ушбу китобга ишланган кинодан фарқли ўлароқ асар жуда қизиқарли. Кинода акс этмаган кўплаб, лавҳаларни учратасиз. Асар қаҳрамонига ёзувчи нега ном бермади? Аслида асар қандай якун топади? «Шум бола» нега уйдан қочади? шу каби саволларга айнан шу номли китобдан тўлиқ маълумот оласиз. Тенгдошларим, бу китобни бир ўқиб чиқинг! Китобнинг сеҳрли олами сизни ҳам беэътибор қолдирмайди.
Таҳририятдан: Рустамбек айтганидек, кино олами қанчалик қизиқарли бўлмасин, ундаги давр тасвирларига китобдагидек чуқур кириб бора олмайсиз. Дарҳақиқат, ёш китобхон таъкидлаганидек, қиссанинг сеҳрли олами сизни ҳам қамраб олади. Аслиятни ўқишнинг завқи ўзгача!
Ғафур Ғулом. Шум бола (қисса, I бўлимдан лавҳа):
Расталар обод. Қаймоқ бозорининг бурилишида маҳкаманинг бошида Илҳом самоварчининг каттакой чойхонаси бўлиб, унда граммофон чалинади. Турли-туман пластинкалар орқали Тўйчи ҳофиз, Ҳамроқул қори, Ҳожи Абдулазиз ва Фарғона яллачи хотинлари кетма-кет мақомлар, яллалар, ашулалар айтади. Чойхонада жой етишмайди. Узун раста, жуҳуд раста, атторлик ва бошқа расталарнинг бойваччалари савдодан бўш вақтларида бу чойхонага йиғилиб меҳмонхоналардек -ўртада катта баркашлардан қанд-қурс, писта бодом, мураббо-нишолда, обинон, ширмой нонлар билан шамалоқ безатилган дастурхон атрофида чақчақлашиб ўтиришади. Баъзи бойваччаларнинг дастурхонида қорнига қалдирғоч сурати солинган, устига похолдан тўр тўқилган коньяклар ҳам кўринар эди.
Бу чойхонага бозор-ўчарга санғиб тушиб қолган деҳқон, камбағал косиб, қозоқ, қирғиз ва бошқа оддий фуқаро киролмас эди.
Самоварчи Асра кал деган хипчадан келган, қотма, эпчил йигит эди. Устида олди очиқ яктак, оёғида қала кавуш, зангори шоҳи қийиқ боғлаган, елкасига холпаранг рўмол ташлаган хушфеъл йигит эди. Чойхўр бойваччалардан бирортаси:
— Асра!
Ёки:
— Кал! — дейиши билан:
— Лаббай, мулла ака, чойми, чилимми?— деярди-да, дарров бир қўлида кичкина чойнак, иккита кичкина хитой пиёла ё бўлмаса ярқираб турган каттакон мис чилимнинг сархонасига тамаки босиб, устига чўғ қўйиб, бир-икки қулдиратиб тортиб, пишитиб, кашанданинг хизматига югурар эди.
Бу чойхонада мени маҳлиё қилган нарсаларнинг бири кираверишнинг шифтига илиб қўйилган катта, симларига зарҳал берилган ҳар хил туморлар, байроқчалар билан безатилган қафас ва бу қафасдаги жонли тўти эди, ўлиб кетай агар, тирик тўти эди. Патларининг ранг-баранглиги Ойша чеварнинг иш қутисидаги ипаклардай товланар эди. Кўк, қизил, зангори, сариқ, оқ, пушти, жигарранг, гўлос, пистоқи —боринг-чи, дунёда қанча ранг бўлса, шу тўтининг патида бор эди. Айниқса, бу тўти қурмагур шунақа ҳам бийрон эдики, эндигина тилга кираётган уч яшарлик қизларнинг овозига ўхшатиб:
«Асра, Асра! Меҳмонга қара, бир чой, бир чилим. Келинг, мулла акалар, келинг, бойваччалар», дегани ҳали ҳам қулоғимдан кетмайди.
Биз яланг оёқ, бўз кўйлак-иштонли, кир-чир болалар тўтига яқинлашиб:
— Тўти, тўти…
— Тўти-тўти…— деб қичқирар эдик. Асра кал бизни қувлар эди, қўлига тушсак урарди. Тўти бўлса орқамиздан:
— Бувингни…— деб сўкарди.
Бозорда санқиб юрган биз дайди болалар учун қувончли эрмаклардан бири бозор, маҳалла, кўча-кўй жиннилари эди. Ўша йилларда Тошкентда, шунақа ҳам жинни кўп эдики, санаб саноғига етолмайсиз: Малла жинни, Карим жинни, Майрамхон, Хол паранг жип-жинни, Тожихон, Жуфт каптар, Олим жинни, Эшон ойи, Овоз жинни ва бошқалар… Ҳар бир жиннининг ўзига хослиги, тантиқлиги, «ширин»лиги бор эди. Карим жинни сўккани-сўккан эди.
Азиз таҳририят аъзолари, болаларнинг келажагига бўлган эътиборингиз учун сизларга рахмат. Рустамжон Ҳакимжоновга эса баракалла деймиз.