Таҳририятимизга яна бир хушхабар келди. Азадбаев Ферузбек Сарвар ўғли карантин пайтида Россияда бўлиб ўтган инглиз тили бўйича онлайн тарздаги “Время Знаний” халқаро олимпиадасида 1-ўринга муносиб кўрилди.
Ферузбек Хоразм вилоятининг энг чекка тумани Гурландаги 33-сон мактабининг иккинчи синфида аъло баҳоларга ўқийди. Ушбу мактаб Гурлан туманининг ҳам энг чекка Гулистон қишлоғида жойлашган. Ушбу далиллар эса интернет тармоқлари мамлакатимизнинг энг олис ҳудудларида ҳам муносиб ишлаб турганлигини ифодалайди. Айни пайтда юртимизда онлайн таълим — тарбия амалга оширилаётган бир даврда албатта, бу энг зарурий ҳолат!
Педогоглар билан ота –оналарнинг ҳамкорлигини акс эттирувчи бундай мактублар сайтимиз таҳририятига тошқин сувдек ҳар куни оқиб келаяпти.
Уйда қолиб, оила даврасида ўтириб, фарзандининг салоҳиятини юксалтиришга имконият яратаётган эътиборли ота-оналарга ва ғамхўр, ҳамкор устозларга марказимиз номидан раҳматлар айтамиз.
Азиз юртдошлар! Шу кунларда нафақат биз, балки бутун жаҳон аҳли мураккаб синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Тождор хасталикдан эсон-омон қутилишимиз учун, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилишимиз, сабр-бардошли, интизомли бўлишишимиз шарт.
Президентимизнинг видеоселекторлар орқали Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги, эл фаровонлиги, ҳар бир оилада қут-барака бўлиши йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатларни, қабул қилинаётган тартиб-қоидаларни одамларнинг саломатлиги ҳақида қайғуриш, ҳар бир инсон, айниқса ҳар бир ўғил-қиз учун ғамхўрлик эканлигини ҳар биримиз чуқур ва теран ҳис этайлик.
Ушбу синовли дамларда ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонат, юксак тафаккур, қатъий интизом ва улкан масъулиятли фаолиятимиз билан жавоб берайлик. Айни пайтда уйда қолиб, фарзанд тарбияси билан шуғулланадиган вақт келди. Ферузбек ўғлимизга ва барчага саломатлик ва омадлар тилаймиз.
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист