Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг “Маданият ва маърифат” каналида 22 июль куни эфирга кетган “Тонг нафаси” кўрсатувида қатнашаётиб, беихтиёр ўзим Ўзбекистон телевидениясида ишлаган пайтларим хаёлимдан кечди.
Сухондонларнинг мулойим овозларини эфирга таратган биринчи қаватдаги студиялар ўша ўша! Кўрсатув жараёнларини бошқариб турган иккинчи қаватдаги режиссёр ва муҳаррирларнинг ҳаяжонли ҳолатлари ва чексиз пультларни моҳирлик билан ишлатаётган ижодий ва техник ходимлар… Бари-бари ўша!
Ушбу жараён, “Тонг нафаси” кўрсатуви менга 80 йилларда ташкил этилган “Ассалом, Ўзбекистон” тонгги кўрсатувини эслатди. У пайтларда фақат ЎзТВда тўрттагина канал фаолият юритарди. Тонгги кўрсатув эса фақат биринчи яъни “Ўзбекистон” каналида кетарди. Бироқ, барча таҳририятлар тонгги кўрсатувни навбати билан тайёрлашарди.
“Ассалом, Ўзбекистон” кўрсатувининг иккинчи сонини тайёрлаш бизнинг таҳририятимизга – Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти кўрсатувлари бош таҳририятига тоширилган эди. Жумладан, ўша кўрсатувга муҳаррирлик менга юкланганди.
Завқ-шавқ билан тайёрлаганмиз. Ахир тонг билан халқимизга эзгу тилаклар билдириб, гўзал кайфият улашиш бахти –завқи биз учун ҳам қувончли эди. Шуларни, икки даврни эслар эканман, ажиб бир ҳис уйғонди менда.
Бугунги кунга қаранг! ЎзТВда каналлар тўрттагина эмас, тонг ила эзгу кайфият улашувчи кўрсатувлар ҳам биттагина эмас. Катта студияларимиз ҳам талаш эмас. Бу эса даврнинг улуғворлигини, тараққиётлар буюклигини, ислоҳотлар мантиқийлигини ифодалайди.
Халқимиз асрлар давомида жуда катта ҳаётий тажриба тўплаган, жумладан, Ўзбекистон телевиденияси ходимларим ҳам. Ҳаётнинг гўзаллиги шундаки, шу тажрибалар мерос сифатида турли воситалар билан келажак авлодларга ўтиб келаяпти. Давомийликнинг мавжудлиги эса халқимизнинг бебаҳо маънавий мероси ҳисобланади.
Тонг нафаси… Бу сўз қуёш чиқаётган паллада тараладиган шифобахш нурларни, салқин саҳарлардаги орамбахш шабадани эслатади. Номнинг гўзаллигини қаранг! Эндиликда эса ТВнинг дилхуш оҳангларини ҳам эслатади.
Сафдошларим тайёрлаган ушбу кўрсатув моҳиятан кенг қамровли бўлиб, жумладан, Тошкент шаҳрининг Юнус Ражабий номидаги маҳалласида ташкил этилган очиқ осмон остидаги миникутубхона ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Умуман кўрсатувда кўтаринки кайфият, келажакка ишонч уфириб турарди. Маҳаллаларда уйғонган ташаббусларни қўллаб қувватлаш ва уларни ҳаётга кенг жорий қилиш ва муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашиш руҳияти кезарди.
Зеро, бугун янги Ўзбекистонда янги ислоҳотлар даври. Мамлакатимиз президенти таъкидлаганидек, маҳаллабай асосида ишлаш палласи! Маҳаллабай асосида ишлаш эса халққа шароит яратиш, ташаббускорларга, тадбиркорларга кўмаклашиш, тинимсиз интилиш, изланиш меҳнат ва завқ- шавқ улашишни англатади. “Тонг нафаси” кўрсатувида ана шу руҳиятни ҳис қилиш мумкин.
Ушбу кўрсатувнинг кадр ортидаги ижодкорлари, фидоийлари – муҳаррирлар Дилфуза Қўлдошева ва Нилуфар Нуриддинова! Кўрсатув режиссёри эса Зафар Хўжақулов. Кўрсатувнинг гўзал сухондонлари билан эса уни томоша қилиш жараёнида танишиб оласиз.
“Маънавият ва маърифат” каналининг етакчилари эса Воҳид Луқмон ва Дилдора Мирзаева!
Пойтахтнинг Ю. Ражабий номидаги маҳалла миникутубхонасидан тайёрланган кўрсатувни сайтнинг видео рукнида томоша қиласиз. ТВнинг ижодкорларига ҳамиша парвозлар тилаб қоламиз.
Ушбу сатрларни ёзар эканман, миникутубхонага бирров мўраладим…Янги китоб қўйиб кетишса, ёш боладек қувонаман. Бир йил ичида ҳалқимиз китоб алмашиб ўқиш, бир-бирига зиё, нур улашиш саъй –ҳаракатини изга тушганидан хурсандман. Деярли ҳар куни янги китобга кўзим тушади. Бугун эса битта эмас, иккита эмас 10-15та тандирдан янги узилган нондек босмахона ифори уфириб турган иқтидорли шоир Сафар Оллаёрнинг “Омад кўзи” китобини қўйишибди. Ушбу китобни қизиқиш билан варақладим. Мазмун-моҳиятига қараб ўн битта туркумга ажратилган тўплам “Сарафроз сардафтар” сарлавҳаси билан очилади. Унинг биринчи саҳифасида шоирнинг дил рози – шукронаси ифодаланган. Гўзал ва мароқли сатрлар кейинги шеърларга беихтиёр чорлаб бошлаб кетади:
Ҳаёт!
Менга ғоят меҳрибондирсан,
Қай дам кела қолдинг
бундай маслакка.
Ҳаттоки, баъзида хўб уринасан
Онамнинг ўрнини билдирмасликка…
Биз ҳам ана шундай саҳоватпеша шоиру адибларнинг китобларидаги гўзал фикрларни улашиш имкониятини берган Аллоҳга шукронамизни айтамиз. Ва бир-бировга зиё, нур улашаётган бизнинг ғоямизни, ташаббусимизни қўллаб қувватлаётган инсонларга ўз ташаккуримизни билдирамиз. Китобхонлик бардавом бўлсин!
Ўзбек халқининг севимли ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асаридаги мутолаа маданияти борасидаги сермазмун фикрларни эслайлик: – Эътибор берганмисиз — йўқми, билмадимку, сизнинг садоқатда тенгсиз дўстингиз бор. Қачон хоҳласангиз сиз билан ҳамсуҳбат бўлади. Шод пайтингизда қувончингизга қувонч қўшади. Ғамгин паллада дардингизни олади. Билмаганингизни ўргатади. Адашсангиз, тўғри йўл кўрсатади. Яқин кишиларингиз бурилиб кетганида ҳам у сизни тарк этмайди. Хизмати учун ҳеч нима таъма қилмайди. Йиллаб унутиб, ташлаб қўйсангиз индамайди. Ҳатто, улоқтириб юборсангиз ҳам аразламайди. Тағин чорласангиз, етиб келиб, хизматингизни қилаверади…
Бу дўстнинг номи — Китоб!
Дарҳақиқат, “китоб– офтоб” деган халқимизнинг пурмаъно мақоли ҳам бежиз эмас.
Китоблардан – беминнат дўстларингиздан узоқлашманг, азизларим.
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган журналист