Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини юксак поғонага кўтариш, бадиий жиҳатдан юксак миллий ва жаҳон мумтоз адабиётлари намуналарини тарғиб этиш, уларнинг онгида миллий анъана ва қадриятларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром хиссини кучайтириш борасида вилоятда қатор тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Республикамиз Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида кенг миқёсда ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят халқ таълими, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида режа-жадвал асосида вилоят худудидаги умумтаълим мактабларида “Ўзим ўқиган мактабга китоб совға қиламан” лойиҳаси доирасида тадбирлар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Умумтаълим мактаблари кутубхоналарини янги нашрдан чиққан сиёсий-ижтимоий, адабий-бадиий ва болалар адабиёти билан тўлдириш, бойитиш мақсадида ушбу тадбирда собиқ мактаб ўқувчиларининг ўзлари ўқиган мактабга ташрифлари ташкил қилинмоқда. Ана шундай тадбирлар Урганч шаҳри, Урганч ва Янгибозор туманларида ўтказила бошланди.
Навбатдаги ана шундай тадбир «Соғлом она ва бола» маркази билан ҳамкорликда 11 октябрь куни Урганч шаҳридаги 1-сон умумтаълим мактабида ўтказилди. Унда ушбу мактабни 50 йил бурун тугатган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли публицист, ёзувчи Раъно Зарипова билан учрашув бўлиб ўтди. Раъно Зарипова мамлакатимизда икки палатали парламент ташкил топганида Хоразмдан Қонунчилик палатасига сайланган депутатлардан биридир. У депутат сифатида Хоразм вилоятига муносиб хизмат қилди.
Шунингдек ижодкор томонидан ёзилган “Ҳарорат” “Онагинам”, “Юрт қўшиқлари” каби китобларида ҳам Хоразмнинг ўзига хос урф-одатлари, қадриятлари кўз олдингизда жонланади. Қадимий туркийдан замонавий ўзбек тилига муваффақиятли табдил қилинган “Қисаси Рабғузий” асари эса ўзбек адабиётидаги гўзал бир обидадир. Ўқитувчи ва ўқувчилар билан ушбу мавзуида дилдан суҳбат ўтказилди. Муаллиф ўзи ўқиган қадрдон мактаби кутубхонасига ўзининг муаллифлик китоблари, қизи Ойдин Саъдуллаеванинг илмий ва ижодий таржималаридан иборат асарларни армуғон қилди.
Ушбу тадбирда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Д.Бекчанова, мактаб директори ўринбосари Гавҳаржон Досёзова, она тили ва адабиёти ўқитувчилари Наргиза Худайберганова, Ўғилжон Исмаиловалар ҳам сўзга чиқиб, Раъно Зарипованинг асарлари ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
Мактабнинг истеъдодли ўқувчилари Маҳлиё Бекберганова, Роҳила Салаева, Комила Комилжоновалар мактаб дарслигига кирган “Қисаси Рабғузий” асаридан парчалар ёд этиб, шеърларидан ўқиб бердилар. Тадбир сўнгида муаллиф билан ўқувчиларнинг савол-жавоблар асосида қизғин суҳбати давом этди. Ушбу адабиий учрашув том маънодаги маънавий-маърифий сабоқ машғулоти сифатида ёшлар қалбида муҳрланиб қолди.
Гулёр Палванова