Хоразмда тадбир: “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан”

0
520
марта кўрилган.

 Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш доирасида тадбирлар уюштириб келмоқда. ”Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” тадбири шулар жумласидан бири бўлиб, gujum. uz  интернет нашри билан ҳамкорликда Урганч шаҳридаги 5- сон умумтаълим мактабида ўтказилди.

Ушбу зиё маскани мен учун ҳам Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси раҳбари Дилбаржон Бекчанова учун ҳам нурга интилган дастлабки қадамларимизга гувоҳ бўлган қадрдон даргоҳ..

Мен 1-синфга борган йили ушбу мактабга  иккита катта ва гўзал қўшимча хоналар қурилди. Чунки, мактабга талабгорлар сони ортган эди. “Янги синфда ўқиш сизларга насиб қилди. Шунга муносиб ўқинглар ва озода сақланглар” дея ўгит бериб кутиб олган эди биринчи ўқитувчимиз Гавҳаржон опа Фатхуллаева. Ушбу ҳаяжонли дақиқаларга деярли олтмиш йил бўлди. Биз 6-синфга кўчганимизда ушбу мактабимиз юқори синф ўқувчилари ўқийдиган махсус ихтисослашган мактабга айлантирилди. Шу муносабат билан биз синфдошлар 1- сон умумтаълим мактабига ўтдик. Ўтган йили бошқарма билан ҳамкорликда ушбу мактабда  ҳам учрашув ўтказган эдик.

Махсус  ихтисослашган мактаб яхши самара бермадими, беш- олти йилдан кейин у яна оддий мактабга айлантирилди. Укаларимнинг кўпчилиги шу мактабда ўқиб, олий ўқув юртларини тугатиб, эл-юртга муносиб хизмат қилишди. Дилбар Бекчанова эса шу даргоҳни олтин медалга тугатди.

Бу мактаб ўз анъаналари ва қадриятларига эга улуғ даргоҳларнинг биридир. Бугунги учрашув ҳам буни яна бир бора тасдиқлади.

 

Мактабимизнинг ўқувчилари ўзлари ҳунар дарсида, тўгаракларда ясаган амалий санъат намуналарининг намойиши билан кутиб олишди. Ўқувчиларнинг қўли билан ясалган жиҳозларни кўриб кўнглим яйради. Уларда кичкинтойларнинг нигоҳи, тасаввур олами, юрт кенгликлари мужассамлашган эди. Уларни бир жойга жамласа улуғвор мўъжиза — музей вужудга келиши аниқ.  Ахир бу намойиш  кичкинтойларнинг кўнглини тўлдириб,  мактабни гўзаллик ила безаб, меҳмонларга хуш кайфият бағишлайди.

Суҳбатимиз сўнгида мактаб кутубхонасига мен ўзимнинг «Онагинам» ва «Юрт қўшиқлари» номли китобим билан бирга 2017 ва 2018 йилларда чоп этилган бадиий китобларни армуғон қилдим. Дилбаржон Бекчанова ҳам ўз кутубхонасидан кўплаб китобларни армуғон қилди.

Тадбир якунида 8-Д синф ўқувчиси Ҳидоят Рўзметов “Ёш ниҳол” тўпламига  кирган  шеърларини ўқиб берди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси ҳомийлигида чоп этилган ушбу китобга Урганч шаҳридаги 8 нафар ёш истеъдод эгаларининг  ижодидан намуналар  жамланган.

Шунингдек, ушбу мактабнинг 8-Д сниф ўқувчиларидан ўн бир нафарининг ижодини жамлаган “Жайхунга энтиккан булоқлар” китоби эса Ўзбекистон ёзувчиалар уюшмаси ҳомийлигида  чоп этилган.

Ушбу зиё масканида иқтидорли болалар кўплаб етишиб чиққан. Икки нафар Зульфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, кўплаб фан олимпиадаси ғолиблари, спорт йўналиши совриндорлари таълим олган.

Ана шундай мактабни алқамасдан, куйламасдан бўладими. Сўзимни 9 Б синф ўқувчиси Дилноза Бердиеванинг мактабга бағишлаган гўзал ташбеҳли ўтли сатрлари билан якунлайман. Қаранг,  ўқувчилар юлдузларга қиёсланаяпти,  устоз эса ойга тенглаштирилаяпти.

Шундай ажиб бир макон бордир,

Ҳар тарафи билимга бойдир.

Бунда бордир юзлаб юлдузлар,

Йўл кўрсатувчи- мунис бир ойдир.

Бунда ўқувчилар ҳамжиҳатликда,

Юксак ғояларни ўйлаб топишар,

Мақсадлари буюкдир, биргаликда,

Порлоқ келажак томон шахдам боришар.

Ёш истеъдод эгаси Дилноза айтганидек мамлакат келажаги бўлган ёшларнинг қадамлари янада шахдам бўлишида тилакдошмиз.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Элёр ПАЛВАНОВ олган суратлар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.