Ёруғ кунларга шукроналик туйғуси билан йўғрилган тадбирлар

0
545
марта кўрилган.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришда янги истиқболларни очмоқда.

Истиқлолимизнинг 27 йиллик байрами шукуҳига бағишлаб Тошкент шаҳрининг барча маҳаллаларида бўлгани каби Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам «Шукрона» тадбири  кўтаринки руҳда, байрамона кайфиятда ўтди.

 «Шукрона» маданий-маърифий тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ҳамшаҳарларимизни тинч-осойишта, тўкин ва фаровон кунларимизнинг қадрига етишга чорлаш, ёруғ кунларимиз учун шукроналик, Ўзбекистонимиздан фахрланиш туйғуларини янада кучайтиришдан иборатдир», маҳалла раиси  Адҳам Зохидов.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Биринчи чақириқ депутати, “Соғлом она ва бола” маркази ННТ раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова қатнашиб, юртимизда кечаётган шиддатли ислоҳотлар ва қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида  маҳалла аҳлига атрофлича ҳикоя қилиб берди. Марказ номидан маҳалла кутубхонасига ўз шахсий кутубхонасидан китоблар армуғон қилди ва саломатликка оид ушбу китобларнинг мазмун моҳияти билан таништирди. Тадбир иштирокчиларига “Соғлом авлод” газетасини  тарқатди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Биринчи чақириқ депутати, ИИВ Академияси профессори, заҳирадаги полковник Сорахон Ахмедова мустақиллик шарофатини шарҳлаб берди, оилага дахлдор қонунларга тўхталиб ўтди ва ўзининг муаллифлик китобларини  маҳалла кутубхонасига армуғон қилди.

Яккасарой туман “Бувижонлар мактаби” клуби раҳбари, техника фанлари доктори, Халқаро мухандислар ассоциацияси аъзоси Муборак  Тешабоева оила аҳиллиги,  қайнона-келин муносабати, шукроналик  масалаларида шахсий тажрибаларини тадбир иштирокчилари билан фикрлашди.

Шунингдек тадбирда тумандаги 60-оилавий поликлиника врачи Гулноз Абдуллаева ва 57-оилавий поликлиника врачи Умида Хушвақтова тадбир қтнашчилари билан  қориндош уруғчилик никоҳларининг салбий оқибати, қиз болани эрта эрга беришнинг саломатликка таъсири ва юқумли касалликларни олдини олиш масалаларида суҳбатлашишди.

Мустақиллик шукуҳи кезиб турган шу кунларда пойтахтимиз маҳалласидаги ушбу тадбир қизғин ва қизиқарли  кечди ва маҳалланинг турли давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлигининг гўзал намунаси бўлди.

Р. САПОЕВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.