Мустақиллик бешигини тебратган инсон

0
142
марта кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори  2017 йил 27 ноябрида эълон қилинди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги улкан тарихий хизматларини инобатга олиб ҳамда у кишининг хотирасини абадийлаштириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш белгиланган ва ОАВларига ҳам кенг тарғиб этиш топшириғи берилган.
 
Мустақилликнинг илк оғир йилларида “Қишлоқ ҳаёти” газетаси мухбири сифатида фаолият юритардим. У пайтлар халқимиз, ҳукуматимиз Ватан мустақиллигини Олий Кенгаш (бугунги Олий Мажлис)нинг Қонун ва қарорлари билан муҳрлаб қўйишга ҳаракат қилинаётган, турли қарашлар тўқнашиб турган давр эди. “Матбуот-тўртинчи ҳокимият” сифатида  сиёсий майдонда иштирок этар, биз журналистлар ҳар бир жараённи диққат билан кузатардик.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг иккинчи сессиясида “Мустаққиллик декларацияси” қабул қилиниб, халқимиз ўз йўлини танлаб олди. Унинг биринчи бандида шундай дейилади: “Ўзбекистон ССРнинг демократик давлат мустақиллиги Республиканинг ўз ҳудудида барча таркибий қисмларида ва барча ташқи муносабатларда танҳо ҳокимлигидир”. Бу ҳужжат журналистлар каби барча ўзбек халқини қувонтирди.

1990 йил 16 июль куни  Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида республиканинг иқтисодий мустаққилликка ва бозор иқтисодиётига ўтиши масалалари хусусида кенгаши бўлди. Кенгашда Ўзбекистон ССР Президенти Ислом Каримов(собиқ советлар ичида президентлик мақоми биринчи бўлиб Ўзбекистонда жорий этилган, бу ислоҳот ўша давр учун жасорат эди.) нутқ сўзлаб, ”Биз учун асосий йўналиш, барча вазифаларни ҳал этиш калити–Ўзбекистоннинг реал сиёсий суверенитети ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашдир” дея унга эришиш йўлларини белгилаб берган эди: “Республикамиз ўз бойликларини ўзи тасарруф эта олмас экан, унинг қандай масъулияти ҳақида, республика халқининг қандай мулки ҳақида гап бўлиши мумкин? Ҳозир республика Олий Советининг доимий комиссияларида бутун тарихимиз давомида биринчи марта Ўзбекистон ССРнинг Мулкчилик тўғрисидаги қонуни тайёрланиб бўлинмоқда. Бу чинакам мустаққиллик сари ташланган дастлабки қадам, иқтисодий ўзаро муносабатларга мутлақо янги ёндашув бўлади. Бунда энг муҳим нарса нима? Биринчидан: республика мулки мустақил ва у федерациядан ажратилади”.

Ундан кейин Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари тўртинчи сессиясида  сўзлаган “Мураккаб вазиятда оқилона сиёсат юритайлик” номли нутқи “Халқ сўзи” газетасида 1991 йил 15 февралда чоп этилди. Унда ҳам мустақиллик йўлидаги вазифалар кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистоннинг нажоти фақат ўзимизда, шу заминда деб таъкидлади.  Ўзбекистон ССР Президенти Ислом Каримовнинг Республика қишлоқ хўжалиги ходимлари қурултойида сўзлаган ”Мустақиллик– энг аввало халқ бирлиги ва ҳамжиҳатлигидир” номли нутқида Ватан мустақиллиги ғояларини янада юксалтирди. Бу “Халқ сўзи” газетасида 1991 йил 27 мартида чоп этилди. Мамлакатимиз раҳбари Олий Кенгашнинг бешинчи сессиясидаги “Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар ташкилотига аъзо бўлишига аминман” номли нутқида яна Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида қатор фикрларни билдирди. 1991 йил 12 июнидаги сўзланган бу нутқ ҳам  “Халқ сўзи” газетасида чоп этилди.Ўша пайтлар халқимизнинг онг- шуури улуғвор ўзгаришларга, ислоҳотларга  босқичма босқич тайёрлаб борилаётган улуғвор бир давр эди.

 Москванинг ҳукмронлиги даврида бу ишлар катта бир жасорат эди. Зеро, Марказ Москва ўз ҳукмронлигини асраб қолишга тиш-тирноғи билан интилаётган бир пайт эди. Дарҳақиқат, СССР вице президенти Г.И. Янаевнинг фармони, совет раҳбариятининг баёноти ва СССРда Фавқулодда ҳолат давлат комитетининг совет халқига мурожаати ва қарорлари ўша пайтда барча республикага юборилди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинганлиги ҳақидаги ушбу буйруқ Москвадан Ўзбекистонга ҳам келди ва  юртимиздаги  барча газеталарга уни чоп этиш топширилди.

Ўша пайтда “Халқ сўзи” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаётган турмуш ўртоғим Н.Саъдуллаев   “Ўзбекистон ўз йўлини танлаб бўлди. Москвадаги бу ўзгариш бизнинг мамлакатга дахлдор эмас” деб тепадан келган топшириқни “Халқ сўзи” газетасида чоп этмай турди. У пайтда мамлакат Президенти Ислом Каримов Ҳиндистонда расмий ташриф билан юрганди. Бу хабарни эшитгач, тезда орқага қайтди ва уни чоп этмасдан ушлаб турганлигини маъқуллади.

Шундай кейин Ўзбекистон Президенти  Ислом Каримовнинг республика аҳолисига мурожаати газеталарда  эълон қилинди. Унда шундай деб хулоса чиқарилди: “Шундай оғир синовдан ўтаётган бир пайтда халқимиз сабр-тоқат ва бардош билан вазмин бўлиб, тинчликни сақлаш мақсадида жипслашиши керак. Бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш керак. Тинчликни бузаётган, ўз манфаатини кўзлаётган ҳар хил шахсларга, муттаҳамларга қулоқ солмасдан, халқимиз ўзи танлаган йўлдан қолмаслиги керак. Юртимиз, халқимиз тарихда жуда кўп синовлардан юзи ёруғ бўлиб чиққанмиз. Ишонамизки, бу оғир синовлардан ҳам эсон-омон ўтамиз.”(1991 йил 20 август).

Дарҳақиқат, у пайтда Олий Кенгашда ҳам турли гуруҳбозликлар авж олиб турган бир давр бўлишига қарамасдан мамлакатимиз Президенти И. Каримов бошлиқ ҳукумат аъзолари жасорат кўрсатиб, Ўзбекистонни мустақиллиги учун дадил кураш олиб бораётган эди. У пайтда қайта қуришнинг олтинчи йили бўлиб, Олий Кенгаш (бугунги Олий Мажлис) Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган, ўзбек тилига давлат мақоми берилган, ўз конституцияси, мадҳияси, байроғини жорий қилиш учун иш олиб борилаётган, миллий қадриятимиз–наврўз умумхалқ байрамига айлантиришга қарор қилинган каби кўплаб ислоҳотлар, буюк ўзгаришлар босқичма босқич амалга оширилаётган  эди. Сўзсиз бу жараёнлар ҳар бир оддий журналистдан тортиб, бош муҳарриргача катта масъулиятни талаб қиларди.

Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида мамлакатимиз Президенти И. Каримов сўзлаган “Мустақил Ўзбекистоннинг давлат сиёсати инсонийлик ва эзгулик қонунларига асосланади” нутқида (“Халқ сўзи” газетаси 1991 йил 31 август) шундай деб таъкидлади: “Менга Ҳиндистонда тўнтаришдан бир кун олдин, мамлакатингизда ҳарбий тўнтариш бўлиши мумкинми, деб савол беришди. Ўшанда мен бизда ўнгдан ҳам сўлдан ҳам хавф ва дўқ-пўписа бор, деб жавоб қайтардим. Бизни қутқарадиган ягона чора– тезроқ мустақил давлатлар шартномасини имзолаш дедим… Тўнтаришнинг дастлабки соатлари ва кунларидан Ўзбекистон ва унинг раҳбарияти ўз муносабатини қатъий маълум қилди: бизнинг ўз мақсадимиз ва ўз йўлимиз бор. Бу йўл-халқимизнинг манфаатига мос йўлдир ва биз унга, нима бўлмасин, қатъий амал қиламиз. Шунга асосланиб, биз умумхалқ муҳокамасидан ўтган республикамиз Давлат мустақиллиги декларацияси ҳамда конституциявий тузум принципларини чекинмай ҳимоя этиб келяпмиз”.

Ислом Каримов ана шундай оловли, суронли йилларда сиёсат майдонида етакчилик қилди. Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва тинчлигини, халқимизнинг осойишта ҳаёт кечиришини таъминлашда жонбозлик кўрсатди.  Мамлакатимиз мустақил бўлиб, Бирлашган Миллатлар ташкилоти биносида байроғимиз ҳилпираб турганидан кейин амалга оширган ишларидан бири соғлом авлод тарбиялаш ишини умумхалқ ҳаракатига айлантириши бўлди. 1993 йилнинг февралида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ташкил топди. Шу йили мустақил Ўзбекистоннинг биринчи юксак мукофоти “Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилди.

Раъно Зарипова,

Республикада хизмат кўрсатган журналист

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.