2 — апрель  – Халқаро болалар китоби куни!

0
97
марта кўрилган.

Халқимизнинг “китоб – офтоб”, китоб – ақл чироғи” каби мақолу маталлари бекорга  айтилмаган. Китоблар инсоннинг ҳаёт йўлини ёритади, мақсадли яшашга ўргатади, сиқилганда дардкаш бўлиб қалбларни нурлантиради, кўнглимизни ёритади, эзгуликларга тўлдиради. 

 Дунёни фақатгина илм билан забт этиш мумкинлигини алламаларимиз – Беруний, Хоразмий, Фарғоний, Замахшарий, Улуғбек, Бобур, Навоий  каби аждодларимизнинг ҳаёт йўли, улар ёритган чироқ асрлар оша яшаб келаётгани ҳам ифодалаб турибди  Асл ҳақиқат –  илмни мустаҳкам  эгаллаш, мутолаа маданиятига эришиш!

Болалигимда падарибузрукворим (охирати обод бўлсин)  Брест қаъласининг ҳимояси ҳақидаги китобни онамга ўқиб берганини  мен у сатрларни қизиқиш билан тинглаганимни ҳамон эслайман. Уйга “Совет мактаби», “Фан ва турмуш” журналлари келарди.Ота-онам биргалашиб ўқишарди. Мен ҳам тинглашни хуш кўрардим.

Байрам кунларида отам рахматлик бизга байрамлик улашарди.   Мен уларни асраб қўярдим. Мактабимиз бозорга яқин у орқаои уйга қайтардик.  Дугоналарим асраган пулига музқаймоқ олишди. Мен эса уларга томоғим оғриб турибди, дея баҳона қилиб “Таня ва унинг ўртоқлари” китобини олганимни уни севиб ўқиганимни ҳамон эслайман.

Урганч шаҳрида иккита кутубхона бор эди. Бири вилоят кутубхонаси, бири болалар кутубхонаси. Оғам, опам ва мен учимиз бориб аъзо бўлганимизни ҳамон эслайман. У ердаги китобларни деярли ўқиб бўлган эдик. Синфимизда мен каби китобни хуш кўрадиганлардан бири – Раъно Исмоилова эди. Биз навбатма-навбат китоб сотиб олардик. Навбатлашиб ўқирдик. Сўнгра бу урф бутун сифимизга тарқалди. “Чоликуши”, “Капитан грант болалари” каби янги таржима қилинган китоблар синфимизда қўлма қўл бўлиб кетарди. Синфимизда  25 ўғил-қиз ўқиган бўлса, деярли барчамиз олий ўқув юртида  таҳсил олдик. Синфдошларимизнинг ютуғи – китобга кўнгил қўйганлигида деб биламан.

Хулосам шуки, шоира Зулфия Мўминова  айтганидек болага китоб беринг. Энг асосийси – ўзингиз намуна бўлинг, мутолаа қилаётганингизни кўриб улғайишсин. Боланинг илмига, билим олишига сарфланган маблағ бир кун келиб, ўзингизга эзгулик бўлиб қайтади. Энг асосийси ҳар бир фарзандга Аллоҳнинг ўзи мутолаа маданиятини юқтирсин, дея эзгу тилаклар билдириб қоламан.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.