Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм! “Халқ орасинда русм бор, дўст дўстга сафар қилиб ёнар бўлса, бир ҳадя, яъни бўлак ола борурлар” –деб ёзади Носируддин Рабғузий ўзининг “Қисаси ар-Рабғузий” асарининг сўз бошисида. Носируддин Рабғузий (жойилари жаннатда бўлсин) асарни деярли бир йиллик тинимсиз меҳнатдан сўнг ҳижрий 710 йилнинг ҳут ( мелодий 1310 йил, 21 февраль-21 март) ойида ниҳоясига етказади.
Ушбу китобнинг замонавий ўзбек тилидаги талқинини амалга оширган биз муаллифлар Раъно Зарипова ва Нодира Саъдуллаева сизларни муборак рамазон ойи билан қутлаймиз. Қутлуғ рамазон айёмидаги эзгу тилакларимизни Аллоҳим ўзи қабул айлаб ижобатини берсин.
Икки жилдлик мазкур китобдаги муаллиф муқаддимаси шундай бошланади: Сонсиз ҳамду санолар, саноқсиз кўп мақтовлар, ул Изи Азза ва Жалла Карим қудрати бирла бизларни одамий яратди. Муқаддас китоб “Қуръони карим” тили билан айтганда, Батаҳқиқ биз Одам болаларини мукаррам қилдик.
Китобат оламининг гўзал, бетакрор “обида”си, қадимий туркий тилда ёзилган “Қисаси Рабғузий” асарини замонавий ўзбек тилига арабшунос қизим Нодира Саъдуллаева билан бирга ўгириб, унинг 1-жилдини 2013 йил, 2-жилдини 2015 йил чоп эттирдик. Ёзма ёдгорликда Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган Қуръони каримда номлари зикр қилинган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган эди. Дурдона асарда Шарқ фалсафаси билан қадимий миллий қадриятларимиз уйғунлашиб кетган эди-ки, қалбимга чўғ тушди. Китобда тилга олинган Макка-ю Мадиналарни зиёрат қилгим келди. Маҳаллага чиқиб Ҳаж зиёратига навбатга ёзилдим. Орадан 9 йил ўтди-ю бироқ навбатим келмади. Шундан кейин умра зиёратига боришни кўнглимга тугиб тегишли ташкилотга ариза ёздим. Ушбу зиёратга сабабчи бўлган кишиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Самолет Жиддага қўнди. Барча имкониятга эга автобус Мадинага елдек учиб боряпти. Аввало маъданли сув тарқатишди. Айни муддао бўлди. Уйдан олиб чиққан сувим тугаганди, кўнглимдан ўтди. Ундан кейин бир марталик идишда иссиққина овқат билан сийлашди.
Бу эътиборни кўрганимда, юртимдан олиб чиққаним олти хил курутилган неъматларга эҳтиёж бўлмаслигини сездим. “Ёш болалар у ерда қурут сўрайди” деганига ишониб, ҳадяга олганимга кулгим келди. Бирор киши 10 кун давомида ҳеч нарса сўрамади. Бир томондан зарурат бўлмасада олиб борганимдан хурсанд бўлдим. Барини аста-секин ҳадя сифатида тарқатдим. Ҳадя тарқатишни ҳам зиёратчиларнинг ўзидан ўргандим. Улар намоз ўқигач ёки тиловат килгач ҳадя улашар эканлар. Мадина-ю Маккаю мунаварада ҳам зиёратгоҳнинг ёнгинасидаги меҳмонхонада турдик. Беш маҳал чиқиб намоз ўқиб келишга ҳам, уч маҳал тамаддихонага келиб кетишга ҳам имкон бўлди. Бир сўз билан айтганда зиёратчиларга яратилган шароитлардан барча хурсанд бўлди, деб ўйлайман.
Равзага кириш учун навбат кутиб турар эканмиз, гуруҳимизни кузатаман: эллик киши ипга тизилган оппоқ маржонлардек тизилиб туришибди. Ён атрофимни кузатаман. Турфа миллат, турли ирқ кишилари, бири бирига ўхшамайди. Бироқ, бир-бирини самимий кўз қарашлари билан тушинишади. Улуғвор миноралар-у муқаддас даргоҳнинг савлати босиб келаётгандек барча жим. Улар ҳам тартиб билан сим ёғочдаги қушлардек тизилиб туришибди.
Беихтиёр “Қисаси Рабғузий” асаридаги сатрлар хаёлимдан ўтади: Оллои Таола Одам Атони яратмоқ истаганида Жаброил фариштага хитоб келди: “Борғил Ер юзидан бир ҳовуч тупроқ келтиргил”. Жаброил фаришта тупроқ олмоқчи бўлса, ер кўксимни бузмагил дея ялинди. У раҳм қилди. Сўнгра Исрофил фаришта юборилди. У ҳам тупроқ ололмади. Мекоил фаришта ҳам қуруқ қайтди. Охирида Азроил фаришта жўнатилди. Тупроқ унга ҳам ялинди. “Сенинг илтижоларингдан кўра Мавло Таолонинг буйруғи азизроқ” дея жавоб берганида, Яратгандан хитоб келди: “Эй, Азроил, ниҳоятда қаттиқ кўнгилли экансан тақдир бўлдиким, барча танлиларнинг жонини сенга олдурғайман”…
“У тупроқнинг суви турфа рангли, турли таъмли бўлиб, аччиқ-чучук, сариқ-яшил, қизил-кўк, қаттиқ-юмшоқ, ҳидли–ҳидсиз барча хусусиятлар мавжуд эди. Шунинг учун ҳам Одам Ато фарзандлари бир-бирига менгзамаслар: мулойим-у қўпол, оқу қора, сариғ-у буғдой ранг, хушсуврат-у бадхунук…”
Дарҳақиқат, бу ерда турфа миллат-у турли ирқ бироқ, одамлар бир-бирини кўз қарашидан тушинишади. Барчанинг юзу кўзида самимийлик. Ён-атроф гавжум миллионлаб кишилар бўлсада, ҳудудни осойишталик қамраб олган. Зеро, мақсад битта, эзгу тилак битта: Аллоҳнинг марҳаматига эришиш.
Равзанинг қайси эшигидан кирманг, одам гавжум. Бироқ, тиқ этган товуш эшитилмаяпти. Токчаларга қатор терилган Қуръони каримни олишга ва қўйишга ўрнидан турганларнигина кузатиш мумкин. Улуғвор-улуғвор залларда кимдир намоз ўқияпти, кимдир кўзларини юмиб, ёддан тиловат қилиб, Аллоҳнинг муққаддас даргоҳига етказганига шукрона бағишлаяпти. Қуръони каримни ўқиб, тиловат қилаётганлар ҳам талайгина…. Минглаб киши ўтирган зал озода, осойишта, ҳозиргина супир-сидир қилингандек. Зиёратчиларнинг қалбини гўзал ва оромбахш бир сукунат қамраб олган. Айтишларича, араб бойваччалари кечаси келиб савоб учун ўз қўллари билан муқаддас даргоҳни супириб сидиришар экан. Равза эшикларининг атрофида ҳам кенг майдон бўлиб, аёллар ва эркакларга алоҳида жойлар панжаралар билан ажратилган. Ана шундай осойишталикни бу ерда ҳам кузатиш мумкин. Гўё самодан фаришталар тушган-у ҳар бир зиёратчининг елкасига қўнгандек…
Беихтиёр “Қисаси Рабғузий” асаридаги сатрлар хаёлимдан кечади. Оллои таоло фаришталарни оловнинг ёруғидан нурдан яратди. Париларни ўтнинг ёлинидан яратди. Уларнинг асли битта, бироқ уч нарса билан бир-биридан фарқланадилар. Биринчи фарқи-фаришталар нурдан, парилар ёлқиндан яралди. Иккинчи фарқи-фаришталар малак дейилади, парилар –жин. Учинчи фарқи-фаришталар улуғвор самода, парилар ерда бўлади.
Бу ердагидек самимий қарашлар, бир-бирига бўлган мулозаматли ҳолатлар бутун дунёни қамраб олганида эди, деган фикрлар хаёлдан кечади беихтиёр. Урушлар, тўполанлар, талон- тарожлар бўлмасмиди дея шивирлайди лабларим. Наҳотки, инсон ташқи дунёда ҳам ана шундай яшаши мумкин эмас деб ҳайқиргим келади. Бироқ, Қуръони каримни жавондан оҳиста оламан-да мутола учун ўтираман. Эзгу амал-у ниятларимизни, дуоларимизни Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилишини илтижо қиламан!
Қадрдон юртдошлар, қутлуғ рамазон айёми ва яқинлашаётган ҳайит байрами қутлуғ бўлсин. Дуоларимизни, илтижоларимизни Аллоҳим ижобат айласин.
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист