Абдулла Авлоний: Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойнаси, ҳаёти – тили ва адабиётидир.

0
78
марта кўрилган.

 Хоразмнинг севимли қизи, шоира Уллибиби Отаева ҳақида хотиралар ёзиш осон эмас. Негаки, унинг беназир ижоди, гўзал асарлари ҳақида айтиш учун, Уллибиби опа бўлиб билиш керак. Бироқ унинг барчага ибратли ҳаёти, дарёдиллиги, инсонийлик сифатлари тўғрисида айтиш қийин эмас. Шунинг учун азиз ўқувчига устоз ҳақида ҳечам оширмасдан, қандай бўлса шундай ёзишга қарор қилдим.

Уллибиби опа билан “Хоразм ҳақиқати” вилоят газетасида тўққиз йил бирга ишлаган пайтларимни ҳаётимнинг энг мазмунли даври деб биламан. У билан суҳбатлашиб, деярли ҳар куни ундан  жуда бўлмаганда битта маъноли сўз, ҳикмат ўрганиб олишга ҳаракат қилардим. Устоз сўзга жуда бой инсон эди. Ўзимни уларга шогирд билсам, Уллибиби опа мени ўзларига жуда яқин дугона, сирдош билардилар. У инсоннинг суҳбатларидан баҳра олардим, ўзини, суҳбатларини жуда соғинардим. Бир куни Уллибиби опа:

– Дилбаржон, керак бўлса, мен сиздан ҳам ўрганаман, – дедилар. Мен кулдим.

– Уллибиби опа, қўйсангиз-чи, ҳазилингизни, – дедим.

– Мен ҳатто ўз болаларимдан ҳам ўрганаман. Гоҳо уларнинг оғзидан тушган сўзларни ёзиб олишга улгурмай қоламан. 

Уллибиби опа қаҳ-қаҳ отиб кулдилар. – Кеча Умида қизим қўғирчоғига кўйлак тикиш учун роса уринди. Индамасдан қараб турдим, жиғи-бийрони чиқиб, “Ойи, мен Зумрадга ўхшагим келади”, деб йиғлаб юборди. Боланинг юрагидан нималар ўтаётганини англаш қийин эмас. Эшитинг, қизимнинг дил изтиробларини шу тариқа қоғозга туширдим.

Менинг Зумрад бўлгим бор,

Қиммат бўлгим йўқ…

Уллибиби опанинг ҳар бир фикри, ҳатти-ҳаракатлари мени ҳаяжонга солиши баробарида, ҳаётнинг ўзидан кўпроқ ўрганишга, таҳлил қилиш ва хулосалар чиқаришга, изланишга даъват қиларди.

– Қўлимдан ҳеч тикиш келмайди. Сизга ҳавас қиламан. Жуда бўлмаганда қизимга қўғирчоғи учун кўйлак тикишни ўргатмоқчиман, – дедилар бир кун.

Қўлимдан унма-мунча тикиш келгани учун шу ерда Уллибиби опага устозлик қилдим.

– Дилбаржон сиз доносиз, ҳар бир ишни ақл билан қиласиз. уддабуронлик бор сизда, – деди-да сумкасидан мато олиб стол устига қўйдилар: 

– Буни Одилбек оғангиз Туркияга борганларида олиб келган эдилар. Ўзиям беш йил бўлди. Тиктириб кийишга вақт эмас, ҳафсала топмадим. Маслаҳат беринг, биронта фасон танлаб, тикувчига бориб буюртма берсак, нима дейсиз?

Опа шоҳона кийим, тақинчоғ-у зеб-зийнатларга қизиқмас эдилар. Ўзим ҳам шу тоифа кишиси бўлсам-да, устозга тинмасдан  маслаҳат берардим. Зеб-зийнатларни ўз ўрнида тақиб юриш аёлнинг кўркига кўрк, ҳуснига ҳусн қўшиши ҳақида кўп гапирганман. Опа тез-тез телевидение орқали чиқиш қилиб, ўз шеърларидан намуналар ўқиб берганларида, чиройли либосларда ва сочларини гўзал турмаклашларини истардим.

– Уллибиби опа, мен танлаган фасон сизга ёқармикан?

Устозга ярашадиган беш-олтита фасонда кўйлак чизиб бердим. Устоз улардан иккитасини танлади. Сўнгра биргалашиб чеварга бордик. Мен тикувчига батафсил тушунтирдим. Нархини сўраганимизда оғзини тўлдириб, фалон пулни айтди. Кўзим чаноғидан чиқиб кетай деди. Пулини устоз тўласалар-да, мен рози бўлмадим.

– Уллибиби опа, қўйинг, кетдик, агар йўқ демасангиз, менга ишонсангиз, ўзим тикиб бераман, – дедим.

Устоз хижолат бўлдилар, мен эса опамни рози қилганимга хурсанд эдим. Ишқилиб, кўйлакни ўзим тикиб берадиган бўлдим. Устозни хурсанд қилиш учун бироз тер тўкишимга тўғри келди. Биринчи куни “ўлчам”, иккинчи куни кўйлак тайёр бўлди. Устоз ўзида йўқ мамнун бўлдилар. Мен эса шоира опамга тиккан кўйлагим ёққани ва ярашиб тушгани учун ҳурсанд эдим.

Уллибиби опам билан ўтказган унутилмас кунларимиз жуда кўп бўлган. Тақдир менга ана шундай инсон билан бирга ёнма-ён ишлаш насиб қилганидан бахтиёрман. Иккаламиз, Уллибиби Отаева – таниқли шоира, мен эса “Хоразм ҳақиқати” мухбири сифатида вилоят хотин-қизлар кенгаши аъзоси таркибида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатардик. Бизга вилоятда тадбиркор аёллар уюшмаси Низомини ишлаб чиқиш ва таҳрир қилиш вазифаси юклатилди. Уллибиби опа уюшмага чиройли ном бериш лозимлигини айтди. Узоқ вақт бош қотирдик. Бир куни эрталаб опа кабинетга шошиб кирдилар-да, қувончини яширолмай,

– Мен топдим, мансура қўямиз, – дедилар.

– Мансура – жуда чиройли. Аммо унинг маъноси нима?

– Арабча сўз. Мансура – сочилган, таралган маъносини англатади. Оллоҳнинг нури сочилсин, ҳар бир аёл тадбиркор бўлсин. Бугун давр шуни тақозо этяпти. Эътибор беряпсизми, бугун аёллар ҳам эркаклар билан ёнма-ён туриб, тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўймоқдалар. Бу ҳаракатлардан ҳали шундай замонлар келадики, ҳаммамиз баҳраманд бўламиз, ҳаётимиз, турмушимиз бундан-да гўзал бўлади, – деди. – Тўмарис даврида Мансура жанговар аёллар гуруҳи бўлган, қолаверса, Тўмарисдек буюк зотларнинг руҳи биздан рози бўлсин. Ўша 1992 йилда “Мансура” тадбиркор аёллар уюшмасига шу ном берилган эди.

Афсуски, орадан йиллар ўтиб, “Мансура” сўзини унутишди. Мен аёллар маркази очиш тараддудини кўраётган эдим. Муносиброқ бирон ном тополмай узоқ изладим. Ялт этиб, миямга келган фикрдан ўзим ҳам қувониб кетдим. Шу номни марказга қўйиш лозим. Шу тариқа “Мансура” аёллар маркази ташкил топди. Мени ва мен каби атрофимдаги яхши ниятли аёлларни Оллоҳнинг ўзи қўллаб-қувватласин. Уллибиби опамнинг руҳи биздан рози бўлсин. Жойлари жаннатдан бўлсин.

Уллибиби опамнинг самимий чеҳраси, нурдек оппоқ ниятлари, “Хоразм ҳақиқати” газетасидаги меҳнатлари, гўзал ва бетакрор шоира, ҳалол ва меҳрибон она, вафодор турмуш ўртоқ, жафокаш  аёл сифатидаги фазилатлари менинг хотирамда абадий қолди. 

Устоз ўз тилини, миллатини, адабиётни, китобни яхши кўрадиган инсон эдилар. Абдулла Авлоний таъкидлаганларидек, “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсата дурган ойнаси ҳаёти тили ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир”. Устоз ўз тилини эъзозлаган, ардоқлаган инсон эдилар. 

ДИЛБАР БЕКЧАНОВА, журналист 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.