Америкалик шоира Сара ТИСДЭЙЛ шеъриятининг аслиятидан Карим БАҲРИЕВ таржималари

0
174
марта кўрилган.

Нью-Йоркда яшаган америкалик шоира 1918 йилда «Love Songs» шеърий китоби учун Пулитцер мукофотига сазовор бўлган. 1933 йилда сўнгги шеърий тўплами «Ғалати ғалаба» (инглизча – “Strange Victory”) номи остида чоп этилган. Сара Тревор Тисдэйл 1884 йилда бой америкалик оилада туғилган. 1933 йилда бевақт оламдан ўтган. Унинг шеъриятига бокира тўкислик, аниқ мусиқийлик хосдир. Сара Тисдэйл шеъриятидаги фожиали мусиқавийликни муқобил таржима этиш имконсиз, таржима фақат тимсоллар ва мазмун-моҳиятни бера олади, холос.

ҚАРЗ

Мен сендан қарздорман, ёрим, билиб қўй,
Адоқсиз армоним, ҳасратим учун?!

Йўқ, сен юрагимга солганинг йўқ куй,
Сен мен-ла осмонга чиқмадинг учиб.

Лек мен сени дилдан севдим-ку, ахир,
Гарчанд ҳеч вақт мени сен севмадинг чин.

Мен сендан қарздорман, сен берган севги
Мени аршга олиб кетгани учун…

МЕНГА БАРИБИР…

Ўлар бўлсам бир кун, апрель ёмғири
Совуқ вужудимни ювса бесабр,
Сен менинг тепамда турсанг қайғуда,
Мен парво қилмасман,
Менга барибир…

Мен тинчиб қоларман ёмғирда ивиб,
Ерга эгилган ҳўл новдадай сабил.
Бағритош, бераҳм бўларман у кун,
Сен мен билан бугун бўлганинг каби…

ТАБИБЛАРИМ

Кечалари уйқу билмасман,
Тўшак бўлди тун-кун ҳабибим.
Ҳамширамдир тепамда оғриқ,
Ўлим менинг содиқ табибим.

Жуда нафис уларнинг тили,
Ҳал этарлар тақдирим бу кун.
Оғриқ айтар: кесмоқлик керак.
Ўлим дейди: шошмоқлик нечун…

Мен бир одми аёлман сокин,
Лек қувончга тўлмоқда дилим —
Қандай содиқ дўстларим бордир,
Бири – Оғриқ, бириси – Ўлим…

ҚАҲРАТОН ТУНИ

Деразамни безар изғирин,
Ташқарида совуқ шу чоғда –
Қаҳратон қиш, шамол йиғлатар.
Кўзларингни кесар пичоқдай.

Ўтинаман, Тангрим, шафқат қил
Кўчадаги дайди, юпунга.
Раҳм қилгин, Тангрим, совуқда
Қор остида юрган ҳар кимга.

Менинг уйим иссиқ ва гўзал,
Дарпардалар тафти кифтимда.
Лекин гоҳо юрагим йиғлар,
Ташқарида қолган етимдай…

ТУН

Олтин гулга ўхшар кўкда ой,
Атрофида кўк чамбараги.
Само – гулнинг новдаси гўё.
Ёндош — худди сен ва мен каби.

Эндиги ой – новдасиз гулдир,
Кўк – юлдузлар ёритган маҳзан.
Ой – асрлар бўйи хушбахтдир,
Менинг сен-ла бахтим – бир лаҳза…

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.