Бутун умр журналистика соҳасида, янада аниқроғи радио ва телеведение йўналишида жавлон урган Анбара Отамуродова яқинда қутлуғ саксон ёшини нишонлади. Ижодкор улуғвор давондан туриб, “Радио ва телевидение– тафаккур гултожи” асарини нашрдан чиқартирди.
Ўзбек радио ва телевидениеси тарихи, унинг кадр ортидаги заҳматкаш ходимлари ҳақидаги хотиралар, суҳбат ва мақолалардан иборат бу китоб қизи Мадина Бегалиева билан ҳамкорликда битилган. Ҳамкорлик ҳам бежиз эмас. Мадина ҳали ўқувчилик йиллариданоқ она изидан бориб, «Ўзбекистон» радиоканалида бошловчи сифатида фаолият кўрсатган. Айни кунда «Ўзбекистон» телеканалида санъатшунослик йўналишида муҳаррир бўлиб ишламоқда. Ушбу китоб “Истиқлол” нашриётида чоп этилган.
Анбара опанинг қутлуғ давонда туриб, нашрдан чиқарган иккинчи китоби – “Хива элчилари” деб номланади. «Tafakkur qanoti» нашриётида чоп этилган тарихий асарни Анбара опа турмуш ўртоғи Олланазар Абдураҳимов билан ҳамкорликда ёзган. Унга «Антик дунё» Халкаро илмий академияси академиги, филология фанлари номзоди Раҳимбой Жуманиёзов муҳаррирлик қилган.
Ушбу асарда 1700-1920 йиллар мобайнида Хива ва Петербург ўртасидаги ижгимоий-сиёсий, маданий ва савдо-сотиқ соҳаларидаги дипломатак муносабатлар тўғрисида сўз юритилади. Бу китоб тарих, географик ҳудудлар харитаси, қадимда ўтган элчилар ҳаёти билан қизиқувчи кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.