Аёлга муносабат – инсонга муносабат

0
37
марта кўрилган.

Ҳадиси шарифларда, «Аёлини эъзозлаган юрт гуллаб-яшнайди, хор қилганлар эса фалокатга учрайди», – дейилган. Аёлини ҳурмат қилганларни  Аллоҳ ўзи ёрлақайди. Ҳикматларда «Аёлга шаҳват билан эмас, шафқат билан қаранг», – дейилган. Биз шарқона урф-одатларга мувофиқ аёлларга ҳамиша ва ҳар жойда меҳр-муҳаббат, мурувват, шафқат кўзи билан муносабатда булиш кераклигини  тарғиб қиламиз. Ҳатто, оилада болалик пайтимизда ҳам ота-оналаримиз ўғил фарзандларига «қиз болани ҳурмат қил, ўғлим, қиз боланинг кўнглини оғритма», – сингари сўзларни кўп гапиришган.

Яқинда танишим Зулфияхон 42 ёшида оламдан ўтди. 3 нафар фарзанди ортидан дод солиб қолаверди. Зулфия бир неча идораларда фаррош бўлиб ишлар ва бўш пайтлари катта йўл бўйига чиқиб, ул-бул сотиб кун кўрарди. Ароқхўр эри эса топган-тутганини маишатдан орттирмасди. Шўрлик аёл жўжабирдек фарзандларини машаққатли меҳнат қилиб боқарди. Йўл ёқасидан ўта туриб, Зулфиядан атайин бирор нарса сотиб олардим. Бир кун унга  «Зулфияжон, савдоингизга барака», – десам, кўзидаги ёшни тутиб туролмай, йиғлаб юборди. Юзига қарамаган эканман. Иккала кўзи  қонталаш бўлиб кетибди. «Йиқилдингизми», – деб сўрадим. Онасининг йиғлаётганини кўриб, ёнида ўтирган 5 яшар  қизчаси ҳам кўз ёш қилди. Зулфияни юпатдим. У бор гапни оқизмай-томизмай гапириб берди. Бу аёлдан беш йилдан бери нарса сотиб оламан. Унинг доимо сўлғин чеҳрасини кўрганимда, бунинг сабабини сўрагим келарди-ю, дилига озор бермаслик учун, индамай ўтиб кетардим.

Ўшанда ароқхўр эр Зулфияни дўппослаб уриб, тишини синдирган экан. Оиладаги доимий нотинчликнинг олдини олиш мақсадида маҳалланинг мутасаддиларига мурожаат қилдим. Унинг ароқхўр эри Шуҳратни даволаш муассасасига олиб кетишди. Шу билан қани эди у тўғри йўлга кириб қолганида…

 Аёл – барибир аёлда, ҳар кун иссиқ овқат пишириб, эрининг ҳолидан хабар олиб турди. (Бунча бағри кенг, кечиримли бўлмаса бу аёллар).

Зулфияхоннинг вафотидан сўнг, ҳар  учала фарзандини ҳам Меҳрибонлик уйига топширишди. Баъзан ўзимга савол бераман: Оиласи тинч бўлганида эҳтимол, Зулфиядек меҳрибон бир она  бу дунёдан эрта кўз юммасмиди? Орадан сал ўтиб, ҳамиша маст аҳволда юрадиган эр ҳам оламдан ўтди. Эшитишимча, уни  ўлик ҳолда кўчадан топиб олишган. Ҳа, жуда аянчли тақдир…

 Яна бир воқеа.  Оёғини бехосдан босиб олган аёл эркакдан узр сўради, бироқ ғазабга минган  эркак аёлни оғзига келган гаплар билан ҳақоратлай кетди. Аёл ерга киргудек бўлиб, ўзини қўярга жой топмай қолди. «Узр, кечирасиз, кўрмай қолибман», – деган гап-сўзлар ҳам эркакнинг қулоғига кирмади. Агар шўрлик аёл оломон ичига кириб, кўздан ғойиб бўлмаганида, бу қўпол ва тарбиясиз  эркак унга мушт тушириши ҳам эҳтимолдан холи эмасди. Аёл жуда фаросатли экан, узр сўради-ю, тез-тез юриб нари кетди.

 Яна бир мисол. Урганч бозорида писта, сақич ва яна бошқа ҳар хил майда-чуйдалар сотиб ўтирган ёши ўтиб қолган аёлнинг тепасига  келган ёшгина нозир йигит унинг нарсаларини тепкилай бошлади.

   – Сизга неча бор айтганман, бу ерда сотиш мумкин эмас, кўтаринг лаш-лушингизни, – писталар сочилиб кетди. Қуёшда  қорайиб кетган аёл, тўкилган писталарни пуф-пуфлаб йиғиштира бошлади.

  – Жон болам, ҳозир кетаман. Бу ерда савдо яхши бўлади, деб ўтирган эдим, – деди йиғлагудек бўлиб.

  – Ҳеч нарсани билмайман, туринг ўрнингиздан ҳозир ёшуллилар келади. Бу ўтиришингизни кўришса, бизга гап тегади. Туринг-туринг, – яна силтай бошлади нозир. Сўнгра дўқ-пўписаси камлик қилгандек, кампирнинг нарсаларини олиб, чор-атрофга сочиб ташлади.  

– Ҳой, укам, илтимос,  етим невараларимнинг ризқини увол қилма. Сенинг ҳам онанг бордир? Етимларимга ёрдам қилмасам, сен ёрдам берармидинг, – онахон дилидагини айта бошлади. – Эй, менинг онам билан нима ишингиз бор,

– деди дағал овози билан нозир ва онахон нарсаларини йиғиштиргунча, унинг ёнидан  кетмасдан, қаққайиб тураверди. Аёл  ер билан битта бўлиб  қоришиб ётган, сақич, писта, сигарет ва бошқа  майда-чуйдаларни йиғиб олиш билан овора  эди.

  Бу воқеага тасодифан гувоҳ бўлиб,  нафақат кекса бир аёлга, балки инсонга бўлган ўта қўпол ва таҳқирли  муносабатдан дилим вайрон бўлди, юрагим туз  сепгандек, ёмон оғриди. Нозирнинг олдига бориб, аёлни, онани ҳурмат қилиш кераклигини тушунтира бошладим. Аммо юраги тош қотган бу йигитга гапларим мутлақо таъсир қилмасди.  Шу пайт унинг сурбетларча ҳиссиз башарасига боплаб  мушт туширишни жуда-жуда хоҳладим. Лекин, шундай бўлса-да, дилимдагини юзига айтдим: «Укам, сен Она туққан инсонга ўхшамайсан, сираям, афсус шундай масъулиятли, мартабали  либосни ҳам иснодга қўйдинг».

Дилбар Бекчанова, журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.