БЕКПОШША  АНАНИНГ БОЙЛИКЛАРИ

0
93
марта кўрилган.

Хоразм адабий муҳитида ўтмишда шоиралар кам бўлган. Уллибиби Отаева номини эса 20 аср ўзбек адабиётидаги фахрланарли номлар қаторида қайд этамиз.

Ҳозирда эса вилоятда Гавҳар Ибодуллаева, Сайёра Самандарова, Сайёра Жабборзода, Муҳаббат Сафоева, Шоира Шамс, Насиба Жуматова, Дурпошша, Умида Нурзода сингари  шоираларнинг кўплаб шеърлари, тўпламлари ўз мухлисларини топиб улгурди. Бироқ, ўтмишу бугунда ҳам насрда қалам тебратган, иқтидорини намойиш этаётган  аёл ижодкорлар  кам. 

Сайёра Жабборзоданинг  “Гавҳарафшон” ҳикоялар тўплами, “Қисмат тоши”романининг чоп қилингани   ва  «Тавқи таъзир»  ҳикоясининг  2023 йилда нашр этилган  “ Ўзбек насри антологияси”га киритилгани ва бошқа адибаларнинг ҳам интилишлари Хоразм  адабий муҳитидаги ютуқлардан  албатта. Бироқ, ҳозирги давр ҳануз адибалардан кўра, Хоразм шоираларининг ижоди равнақ топган.

 Ана шундай насрдаги оз бўлсада  изланишлар, сукунат давом этаётган адабий муҳитга эса  тележурналист сифатида танилган Бекпошша Хўжаеванинг ҳикоя, эссе, хотиралари  кириб келди.

Бекпошша опанинг тележурналист сифатида тайёрлаган кўрсатувлари ўз вақтида нафақат Хоразм, балки қўшни Қорақалпоғистон, Тошҳовуз вилоятилик мухлислар  олқишига сазовор бўлган. Шунингдек, улар ичида энг довруқ таратгани “Бир келиб кетинг қишлоғимизга” кўрсатуви  эди. Профессионал журналистика, бироқ ҳар бир қишлоқлик билан содда, самимий кечадиган суҳбатлар орқали, маълум бир ҳудуднинг ўзига хослигини очиб бериш учун ҳам маҳорат керак. Бекпошша Хўжаева шу ва шу сингари кўрсатувларида ўз касбининг устаси сифатида профессионаллик билан бу ишнинг уддасидан чиқди ва кўплаб мухлислар орттирди.

Айнан “Бир келиб кетинг қишлоғимизга” кўрсатуви  шу боисдан ҳам  Хоразмга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар эътиборини ҳам  тортган. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдураҳим Пратов 2002 йилда воҳага қилган ташрифида  ана шу кўрсатувни кўриб ҳайратланган ва “шевада ҳам кўрсатув тайёрласа бўларканда”, дея  ўз фикрини билдирганди. 2023 йилдаги иккинчи ташрифида эса Хоразм ТВни қўйишни сўраб, ўша машҳур кўрсатув ва унинг муаллифини суриштирганди. Бу тарздаги қизиқиш ва  ҳайратларни мен Озарбайжонлик Гулшан Кенгерлинская, Қримлик Зера Бекирова, АҚШлик шарқшунос Азизуллоҳ Орол сингари олиму ижодкорлардан ҳам эшитганман.

 Шунингдек опанинг курсдош дўсти, таниқли адиб, жамоат арбоби ва филология фанлари доктори, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад Тошкентда кўришганимизда, “Бекпошшанинг шевада тайёрлаган кўрсатуви Хоразм воҳасигагина хос ва бу кўрсатувлар вақт ўтиб Хоразм тарихининг ўзига хос жиҳатларини илмий ёритишга асос бўлади”, дегандилар. Ҳа, бу эътирофлар Бекпошша Хўжаеванинг ТВ журналистикада ўзига хос услуб яратганининг далолатидир. Яъниким олиму ижодкорлар, хорижликлар ва табиийки воҳа аҳли  самимийлик ва ғоятда маданиятли ҳолда қишлоқ аҳли билан  шевада қилинган гурунгларни шу боисдан ҳам  ҳануз  хотирлаб туришади….

 Ана шундай ҳайратларга, олқишларга сазовор бўлган Бекпошша ана (шевадаги ана адабий тилдаги ая)  гарчи ТВдан нафақага чиққани билан ижоддан тўхтамаганини яна бир бора исботладики, бу аянинг насрдаги ҳикоя, эссе ва хотираларидир

Бекпошша Хўжаеванинг туғилиб ўсган ҳудудига оид, олдин нашр эттирган  “Кўна қаъла” китоби, ундаги воқеликлар тасвири ҳақидаги  тассуротларни ижодкор билан бирга ТВда ишлаган Абдулла Юсупов, Шуҳрат Маткаримовлардан эшитгандим. Китобни яқинда қайта-қайта мутоала қилиб бу қадар воқеликлар, жараёнлар, қаҳрамонларнинг  тасвирланиши, муаллифга хос ёзиш услуби билан, олдинги ТВдаги тасмага муҳрланган тарих энди китоб шаклига келганига амин бўлдим. Ўйлайманки, агарки Урганч тарихи яратилгудек бўлса,  Кўҳна қалъа, ундаги кўчалар, 20 асрнинг 50-80 йиллар манзараси  илмий  асарга асос бўлиб хизмат қилади.

Мана энди эса аянинг ўзи ва замондошлари, шунингдек Кўна Қалъа билан боғлиқ воқеликларини, турли тақдир эгаларининг ҳаёт қувончларию ташвишларини бадиий тасвирлаган  навбатдаги китоби. Тўғриси, яқин орада бу сингари бирдан, завқ ва мушоҳада билан китоб мутоалла қилмагандим. Қаҳрамонлар тасвири, уларнинг феъл атворини очиб берувчи сўзлар ифодаси, ёзиш услуби фақат Бекпошша опага хос самимийлик ила  битилган. Гўёки бир пайтлари донг қозонган, тасмаларга муҳрланиб қолган “Бир келиб кетинг қишлоғимизга” кўрсатувининг китоб вариантидек самимий, очиқкўнгиллик уфуриб туради саҳифалардан.

 Айниқса Кўна қалъанинг давоми сифатида битилган хотиралари тарихчи бўлганим учун менда қизиқиш уйғотди. Менимча Урганчнинг яқин ўтмишига бефарқ бўлмаган инсонлар  учун Бекпошша аянинг  бу битиклари ниҳоятда қадрлидир.

Шу ўринда мен Бекпошша аянинг ёзиш услуби, иқтидорини англаган ҳолда, қолаверса кўп йиллик тажрибасини ҳисобга олиб, умри давомида учрашган даврдошлари ҳақида мемуар ёзса, Хоразм тарихининг сўнгги ярим асри тарих саҳифаларига кўчган ва бу ўтмишни ўрганишда ниҳоятда катта бир манбага айланган бўлишини  таъкидлагим келади.

 Шунингдек, нафақадаги сокинликдан фойдаланиб ижодни яна давом этдиришини, адабий муҳитни ўзининг янги асарлари билан  бойитишини  истаб қолардим. Табиийки бу битиклар вақт ўтиб келгуси авлодга Бекпошша аядан қоладиган ғоятда бой маънавий мерос, бойликка айланади. Шу ниятда Бекпошша ая Хўжаевага соғлиқ, хонадонига ризқу барака тилаган ҳолда  янги асарларни кутиб қоламиз.

 Умид Бекмуҳаммад, Хоразм Маъмун академиясининг катта илмий ходими,  тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,  доцент,  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби

Сувратда: Б. Хўжаева Тошкентда таҳсил олган синфдошлари даврасида (1968 йил, чапдан иккинчи).

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.