Биринчи китоб – бу муаллифнинг халққа берадиган “ваъдаси”!

0
665
марта кўрилган.

 “INFOLIB UZBEKISTAN-2019” VIII Миллий ахбороткутубхона ҳафталиги доирасида  Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ваТуронкутубхонаси ҳамкорлигида «Биринчи китобим» рукнида чоп этилган асарларнинг тақдимоти ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Нодир Жонузоқ, таниқли шоир Азиз Саид, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов ва таниқли хонанда Шуҳрат Дарёлар иштирок этиб, янги китоблар ҳақида ўзларининг қимматли фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан 19 номда 10 минг ададда чоп этилган биринчи китоблар муаллифларининг ижоди тенглари аро ўзига хослиги, айтар сўзи бор экани устозлар томонидан эътироф этилди,

Тадбир давомида бу йилги муаллифларнинг кўп сонли ижодкор ёшлар орасидан танланишидаги мезонлар аввалгиларига қараганда кучлироқ бўлиб, ҳар бир китоб қўлёзмаси танқидий назар билан ўқилгани, бадиий саёз асарлар қайта ишлашга берилгани, муаллифлар билан китоб муҳаррирлари юзма-юз ўтириб, ҳар бир ижодий иш таҳлил қилинганига алоҳида урғу берилди. Дарҳақиқат, бу йилги нашр қилинган китоблар ҳам мазмун, ҳам сифат жиҳатдан аввалгилардан фарқ қилади. Муаллифлар орасида турли матбуот нашрларида ўз асарлари билан қатнашиб, устоз ижодкорлар назарига тушган ёшларнинг борлиги қувонарли ҳол.

 Деярли барча қўлёзмаларни ўқиб, ўз тавсияларини билдирган шоир Азиз Саид ҳозирги ёшлар ижоди ҳақида батафсил тўхталиб, бугунги ёшларда ижодий таъсирлар, тақлидлар камайиб, янги сўз айтиш, образ яратишда айрича уринишлар бўлаётганлигини қайд этди.

 Адабиётшунос Баҳодир Каримов эса китоб муаллифларининг ижодий салоҳиятлари, машаққатли йўлдаги илдам қадамларини эътироф этар экан “Биринчи китоб – бу муаллифнинг халққа берадиган “ваъдаси” ва у унга ўз ижоди билан “вафо” қилиши шарт!” дея таъкидлади. Шунингдек, у бугунги кунда назмда Башорат Отажонова, Нозима Ҳабибуллаева,  Дадахон Муҳаммадиев, Муслим Мусалламларни, насрда Байрам Айтмуродов, Жавлон Жовлиев, болалар адабиётида Азамат Худойберганов, Моҳидил Абдуллаева, публицистикада Ҳусан Мақсуд, драматургияда Обиджон Рўзибоев, Шавкат Дўстмуҳаммадларнинг ўзига хос “овози” борлигини айтиб, уларни ўз устида янада кўпроқ ишлашга, ўзбек адабиётини дунёга танитишга чорлади.

Мухтасар айтганда, адабий кеча расмийликдан холи тарзда анча эркин, назм ва навога уйғунлашган тарзда ўтди. Ёш ижодкорлар томонидан шеърлар ўқилди, Кечанинг давоми хуш наволарга уланди.

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлими

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.