Давлатимиз рамзларидан бири – байроқ

0
211
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизнинг мустақил тараққиёти учун ҳуқуқий замин яратди, шу билан бирга демократик ривожланишнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётган давлатимиз, миллатимиз тимсолидир. Бош қонунимиз давлатимиз, миллатимиз, халқимиз ва юртимизнинг бугуни ва келажагининг ифодачисидир.

Конституциямизда белгиланган Давлатимиз рамзларидан бири – байроқ. Конституциямизнинг 5-моддасида шундай дейилади: Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган ўзбек давлат рамзлари-байроғи, герби ва мадҳиясига эга”. Байроғи, герби, мадҳияси каби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам давлатимиз, миллатимиз, халқимиз ва юртимизнинг бугуни ва келажагининг кўзгуси, тимсолидир.

Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари ўтказилган VIII сессиясида 1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган эди. Мана шунга ҳам ўттиз бир йил тўлди.

Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи бугунги Ўзбекистон сарҳадини қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзидир. Бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шухрат ва садоқатни билдиради. Амир Темур давлатининг байроғи ҳам мовий рангда бўлган.

Оқ ранг муқаддас тинчликни ифодалайди, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг поклик, беғуборлик, софликни ҳамда ички гўзалликка интилишни ҳам ўзида ифодалайди.

Яшил ранг-табиатнинг янгиланиши рамзи. У умид, навқиронлик ва шодумонлик тимсолидир.

Қизил чизиқлар вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.

Навқирон ярим ой тасвири бизниг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни кунда қўлга киритилган мустаққиллигимиз рамзидир.

Юлдузлар барча учун руҳий қувват, илоҳий тимсол ҳисобланади. Байроғимиздаги 12та юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги қуёш йилномамизга бевосита алоқадордир. Бизнинг 12 юлдузга бўлган эътиборимиз мамлакатимиз сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида”Нужум илми” тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади. Шунингдек, у ўзбек халқи маданияти қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушиниш лозим.

Байроғимиз халқаро ташкилот БМТи биносида ҳилпираганда, расмий учрашувларда, спорт майдонларида баланд кўтарилганда қалбимизни фахр туйғуси қамраб олиши ана шундандир.

Раъно Зарипова, Республикада хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.