DILBAR BEKCHANOVA: OQIBAT MEHROBI (Qissa) – Айбсиз айбдорлар (davomi)

0
64
марта кўрилган.

– Пошшажон, синглим, қизлик бўлганимизни отасига етказиш керак. Бунинг иложи бормикан? – деди опаси ўзига келгач.

– Опажон, мен буни ўйлагандим, орқаваротдан  суриштирсам, жуда мушкул дейишяпти. Ҳозир «гужумнинг тагига»  (халқ орасида НКВД қамоқхонасини шундай аташарди) бориб ҳам бўлмас экан. Борганларни ҳам олиб кетишаётганмиш. Бироқ мен жимгина  ўтирмайман. Бунинг иложини топиш учун яна сўраб-суриштираман, изланаман. Сиз кўпам ўйламанг. Ҳали ҳаммаси жойига тушади.  Ахир уларнинг ҳечам гуноҳи йўқ-ку. Ўғирлик қилишмаган, бировни ўлдиришмаган бўлишса. Қўлимиздаги ҳамма нарсамиз ҳалол меҳнатимиз ортидан келган эди-ку.

– Сен шундай дейсан-да. Ҳозир ҳамма бойларнинг уйларини, мол-мулкини тортиб олиб, ўзларини Сибирга олиб кетишаётганмиш. Бунга нима дейсан? Кеча Нури эна: «Кўҳна қалъалик барча бойларни терговдан ўтказиб, бир жойга олиб кетишармиш», – деди. Бу ўша Сибирь деган жой бўлса керак. Ҳамма нарсамизни олиб бўлишди. Уларга яна нима керак экан ўзи?

– Билмадим, опажон, билмадим. Жуда таҳликали замон бўлиб қолди. Терговлар ҳам узоқ давом этармиш, – Пошшажон бироз  ўйланиб турди-да, кўнглидаги гапни опасига айтгиси келди. – Опа, бир гап айтсам, ҳозирча уни  ҳеч кимга билдирмай тура оласизми?

– Майли, сингилжоним, айтақол. Шу пайтгача ўртамиздаги  бирон сирни бировга айтибмидим, айланиб кетай. Бахтимга сен бор экансан. Ҳамиша ёнимдасан.

– Поччам билан Рўзматбойни олиб кетишаётганидаги воқеа эсингиздами?

– Юрагим қон бўлди-ку. Айтсанг-чи?! Нима эди? Қайси бири?

– Рўзматбой мени бағрига босган бўлиб, қулоғимга нимадир деганини, англадингизми?

– Йўқ, сингилжоним, англамадим.

– Бу гапни сизга ҳам айтишга қўрқяпман.

– Қўрқадиган яна нима бор? Тезроқ айтсанг-чи. Энди баттар қўрқитдинг. Ўзи шундоқ ҳам икки кўзим эшикда, болаларим билан бизни ҳам олиб кетишмасайди, деган хавотирдаман.

– Секинроқ гапиринг, опажон, секинроқ. Деворнинг ҳам қулоғи бор. Замон нотинч. Оғзингдан чиққан гапни дарров етказадиганлар бор. Ҳозир арзимаган «деди-деди», «айтди-айтдилар»  билан ҳам қамоққа  тиқишаётганмиш.

– Вой, мени қўрқитма, айт, айтақол энди…

– Опажон, бу гап фақат иккимизнинг орамизда қолиши керак. –  Бикажон анчагина ғўр ва ҳаммага ишонувчан бўлгани учун Пошшажон опасига қайта-қайта уқдирди. Бу ҳақида ҳеч кимга айтмаслиги юзасидан ваъдасини олди.

Асрнинг энг даҳшатли фожиаси – қама-қамаларга рўпара келган опа-сингилларнинг шундоқ ҳам қўрқувдан юраклари зада эди. Уйидан, мол-мулкидан маҳрум этилган, хўрланган ва таҳқирланган, камситилган, бир зумда таъна ва дашномларнинг гирдобида қолган аёллар  кўча-кўйда тугул ўз уйларида ҳам  оғиз очишга  ботинишолмасди.

– Болаларимизга бир нима деёлмаяпмиз-у, сингилжоним. Хато гаплаб қўймаслик учун қўрқиб, фақат жим ўтиряпман. Кимгадир айтишимни энди қўявер. Ташқарига ҳам чиқмаяпман.

– Опажон, куёвингиз қўлида ишлаётган аравачи Қосим орқали танга ва олтинларни чиқариб юборганини айтди, – деди аста шивирлаб. – Лекин ҳозир мавриди эмас. Изимизда одам бўлиши мумкин. Ҳозирча жим ўтиришимиз керак. Бу ҳақида ҳеч кимга чурқ ҳам этмаймиз.

– Аллоҳга шукур. Энди кунимизни қандай кўрамиз, деб хавотирда эдим, – Бикажон гўдагини бағрига босди.

– Опа, кутишимизга тўғри келади. Зарифбой отасининг дўстлари ёрдамида этикчилик қилиб  турса, мен жубба, яктак тикиб сотаман. Бир кунимизни кўрамиз.

– Пошшажон, борингга шукур. Сен бўлмасанг, кўчада қолиб, ўлиб кетардик. Шунча камситилишлардан сўнг, эзилиб кетдим. Болаларга қара, уларнинг кўзларида қувончдан асар ҳам йўқ, улар болалигини йўқотишди. – Шу гапларни айтаркан опаси ўзини йиғидан тия олмади. Кейин онасига қўшилиб йиғлай бошлаган  чақалоққа кўкрагини тутди.

– Кўп қисинманг, йиғламанг, сутингиз  кетиб қолади.

Табиатан бўш ва ювош опа синглисининг шижоатига, оқила ва зийраклигига шукурлар айтиб, уни ҳам бағрига босди. Бикажон асосан уй юмушлари билан банд бўлиб, фарзандлар тарбияси билан шуғулланарди. Пошшажон бойнинг хотини бўлса-да,  онасидан қолган ҳунарини ишга солиб, уйда болалар учун турли кийим-кечакларни тикиб, бозорга топширарди. Сотувчи аёл тез-тез келиб, ундан тайёр кийимларни мақтаб-мақтаб олиб кетар, Пошшажон ҳам ишидан мамнун бўлиб, у кейинги гал келгунича яна кийимлар тикиб қўярди.

  • Опа, яхши ният қилинг.

– Аллоҳимга шукур, оталаримиз ҳам соғ-саломат қайтиб келишсин. Болалари билан дийдорлашсинлар, уларга ўзлари бош бўлсинлар, илоҳим.

– Шундай, опажон шундай. – Пошшажон чуқур ўйга толди.

Юртда алғов-далғов бошланган кунлари Рўзматбой аравачига  тиллаларни омонат қилиб, қайтариб бериш шарти билан заводдан чиқарганди.  Аёллар ўзларига тегишли бўлган мол-дунёни  тили ожиз ҳолда Қосим аравачидан сўрашга ҳадиксирашди. Кимдир эшитиб қолса, уларни ҳам олиб кетишларидан қўрқишди.

Зарифбой пойабзал тикиб, Пошшажон кийим тикиб, болаларни очликдан,  юпунчиликдан олиб чиқишди. Етти нафар ўғил-қиз ва икки аёл масжидда узоқ қолишмади. Юрт бироз тинчигач, икки йилдан сўнг ўзларига тегишли бўлган уйнинг бир хонасини сотиб олишди. Болалар яна ўз уйларига, гарчи, битта хонасига бўлса-да, жойлашиб олганларидан жуда хурсанд эдилар.

1941 йилнинг  май ойида  Сапабой қамоқдан озод қилинди. Бироқ у уйига жуда нимжон, касалманд ҳолда қайтди. Азоблар, очлик ва тинимсиз сўроқлар уни ниҳоятда ҳолдан тойдирган эди.

– Худога шукур, ҳар куни дуода бўлдик. Аллоҳимнинг раҳмидан умидворман, – деди Бикажон  болаларининг отаси кириб келганидан қувониб. Отаси озод бўлиб, уйига қайтганида, масжидда дунёга келган Гавҳаржон уч ёшга қадам қўйган эди.

– Бикажон, Пошшажон келинглар, сизларга бир омонат гапни айтайин, – деди базўр нафас олаётган Сапабой.

– Почча, сиз ҳозир яхшилаб дам олинг. Сизга деб, қорин-туёқ осдик. Қувватга кирасиз.

– Йўқ, бу гапларни дарров айтмасам бўлмайди.

– Отаси, келинг, уст-бошингизни алмаштириб олинг. Қўлларингизни ювинг.

– Йўқ, йўқ. Ҳозир айтмасам кейин кеч бўлиб қолиши мумкин.

– Нима гап?

– Бикажон, Пошшажон мен бу озодликка ўз-ўзидан чиққаним йўқ. Аҳволим яхши эмас, оғир касалга, дарди бедавога йўлиқдим.  Рўзматбой акам билан бир йилга яқин бир турмада бўлдик. Терговчига «Заводнинг ҳамма бойлиги  меники эди. Ишчиларга ҳам ўзим иш буюрар эдим. Сапабой ҳам қўлимда оддий ёлланма ишчи бўлган. Унинг ҳеч вақоси йўқ. Хотин, бола-чақасидан бошқа нимаси ҳам бор унинг», – дея кўрсатма берди. Аммо НКВД чилар бу гап ёлғон, унга тайинли  асосинг йўқ, деб туриб олишди. Роса қийноқ ва азоблар, очлик ҳар иккаламизнинг ҳам тинкамизни қуритди. Рўзматбой акам охиригача шу гапни такрорлади: «Сапабой менинг қўлимда ишлайди. У камбағал йигит. Уни қўйиб юборинглар. Ҳамма бойлик меники эди», – деди. Бир куни, «Ака, нега бундай деб кўрсатма беряпсиз», – деб сўрадим.  Шунда: «Бунинг сабаби бор. Иккаламиз ҳам бирданига кетиб қолсак, оиламизнинг тақдири нима бўлади. Мен анча қариб қолганман. Сенинг болаларинг бир талай. Бикажон еттинчи фарзандингни ҳам аллақачон дунёга келтиргандир. Бирон йил ётиб, озод бўлиб чиқасан, иншааллоҳ. Менда сеникидек катта рўзғор бўлмаса. Пошшажонга келсак, ундан рози эканлигимни айт. Бирон марта юзимга тик боқмади, фақат ерга қараб гапирарди. Ҳурматимни қилди. Аммо, фарзандлик бўлолмадик. Тақдир экан-да. Жуда-жуда болали бўлишни хоҳларди», – деди.

Пошшажон, бу гаплардан бехабар. Умид билан кутган эрининг фироғида ҳўнграб узоқ йиғлади.

– Акам сизларни менга омонат топширди. Қосим аравачи орқали тиллоларни чиқарганини қайта-қайта таъкидлади. Бу ҳақида Пошшажонга кетар чоғи айтиб улгурган экан.

– Ҳа, отаси, хабаримиз бор, – деди Бикажон тўлиб-тўлиб йиғлаётган синглисини  қучоқлаб. Бир олам орзу-умидлар, тотли ҳислар ниятида яшаб келаётган Пошшажонни кўриб, Бикажон ҳам  йиғлади. Қалби вайрона бўлган икки аёл хўрлик ва зўрликнинг қурбони бўлиб, анчагача аччиқ кўз ёшларини тўкишди.

 Ўшанда ЎзССР Олий суди ҳайъати қарори билан Сапабойга икки ярим йил қамоқ жазоси тайинланган, Рўзматбой эса бир умрлик Сибирга сургун қилинганди…

Қамоқда ўтириб, Рўзматбой ўзига ҳукм чиқарганди. Орадан кўп ўтмай уни Сибирга жўнатишди. Оиласи билан охирги марта учрашишга, хайрлашишга ҳам рухсат беришмади. Суд залидан тўппа-тўғри олиб чиқиб кетилди. Ёши олтмишдан ошиб  қолган Рўзматбой Сибирга ҳам етмай йўлда вафот этди. Сибирга сургун қилинган ва манзилига  етиб борган кишиларнинг хабарига кўра, Рўзматбой Чоржўй ялангликларида касаллик ва очликдан дунёдан ўтган экан.

Сапабой ҳам турмадан қайтиб,  ўзига келолмади. Узоқ бетобликдан сўнг 1941 йилнинг июнь ойида – Иккинчи жаҳон уруши бошланган машъум ўша  кунда бу ёруғ оламни тарк этди. 

Ўз замонасининг ишбилармон, тадбиркор кишилари – қиёматли ака-ука тутинган Рўзматбой ва Сапабойларнинг  қисмати, умр йўллари шу янглиғ ўта аянчли бир тарзда ниҳоясига етган эди.

Ўша машъум қатағон йиллари қишлоқларда ва шаҳарларда  қулоқлаштириш сиёсати ортидан худди улар каби яна минглаб кишилар ҳалол меҳнати, манглай тери билан топган мол-дунёси, уй-жойларидан маҳрум қилиниб, узоқ ва олис ўлкаларга қул сифатида кўчириб юборилганди. Ҳатто, ерли-сувли оддий деҳқонлар ҳам ушбу  даҳшатли тақдир гирдобига  тушиб қолдилар. Қатағон қилинган жабрдийдаларнинг фожиали тақдирлари жуда ҳам оғир ва машаққатли  кечганлигини бугунга келиб, мустақиллик туфайли очиқлаганидан сўнггина, яъни сўз айтиш имкониятлари яратилганидан кейингина чуқурроқ ва атрофлича  билиб олдик…

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.