DILBAR BEKCHANOVA: OQIBAT MEHROBI (Qissa) – Чақирув қоғози(davomi)

0
49
марта кўрилган.

Урушнинг учинчи йили охирлаб қизга фронт ортида ишлаш учун чақирув қоғози келди-ю,  раиснинг ҳафсаласи пир бўлди.

– Жамила, бунинг иложини қилмасак бўлмайди. Сени ҳам фронтга юборсак, аҳволимиз буткул чатоқ бўлади. Бир вақтнинг ўзида сен тўртта қишлоқнинг ҳисоб-китоб ишларини қиляпсан. Сендек одамни мен қайдан топаман..

Эртаси куни раис янги гап топиб келди.

– Жамила, сени фронтга юборадиган тентак йўқ. Райкомдагилар билан келишиб келдим, эртадан қўшни қишлоққа ҳисобчи қилиб ишга юбориляпсан. У ёғи Аллоҳга таваккал. Яна кўрамиз.

Қиз эртаси куни «Чоткўпир»  қишлоғига йўл олди. «Чақирув қоғози бу ерга етиб келгунча бир гап бўлар», – деб ўйлаганди раис.

Жамила бу колхозда ҳам узоқ қолмади. Орадан олти ой ўтгандан сўнг, унга яна чақирув қоғози келди. Жамила энди навбатдаги қишлоқлардан бири – «Чондирқиёт»га юборилди.

1944 йилнинг охири. Совет Армияси бирин-кетин ғалабаларни қўлга киритиб, Белоруссия, Украина, Польша ерларини озод қилмоқда эди. Жамила  амакилари ва акаси Раҳимбойдан ҳар гал хат олганида Шукуржон энани, онасини қувонтириб ўқиб берарди. Жамила бошқа қишлоқда иш бошлаган куни Ҳабиб ота фронтдан хат келтирди. Бу хатни уйдаги аёлларнинг  биронтаси ўқишолмади. Араб алифбосида саводи чиққан онахонлар кирил ёзувини билишмасди.  Кечгача Ҳожибойни кутиб, хатни бағрига босиб ўтирган Шукуржон ўғлини кўриб, қувониб кетди. Ҳожибой ҳар гал укалари ва ўғлидан келган хатни ҳаяжонсиз ўқий олмасди. Аскар йигитларнинг кайфиятини уйдагиларга бошқачароқ етказишга ҳаракат қиларди:

«Бугун Днепр дарёсини кечиб ўтдик. Украинанинг шаҳар ва қишлоқлари озод этилмоқда. Халқ бизни ҳаяжон билан кутиб олишди. Бу каби ғалабалардан ҳаммамиз қувончдамиз. Она, ғалаба яқин. Жанг жуда қаттиқ кетаётган бўлса-да аскарларнинг руҳи баланд. Саломатликда кўришиш насиб қилсин. Ўзларингизни эҳтиёт қилинглар…»  

Бу хушхабардан  барчанинг боши осмонга етди.  Фронтдан келган хат ўқилганида пашша учса эшитиладиган даражада жимлик ҳукмрон бўлди. Оила аъзоси борки, уни қунт билан тинглади.

Жамила «Чондирқиёт»га етиб келганида тонг ёриша бошлаганди. Ҳисобчи қизни раиснинг ўзи кутиб олди. Бирпас колхоз идорасида ўтирган эди, хонага хотин-қизлар фаоли, муаллим ва кутубхоначи Авазжон опалар кириб келишди. Раис Авазжонни ҳамма ишнинг уддасидан чиқадиган, абжир қиз, дея таништирди.

– Сизни қизим бугундан бошлаб Авазжон опангизга бириктирамиз. Нима масала бўлса, биргаликда бамаслаҳат  ечаверасизлар, – деди у. – Энг аввало турар жойингизни аниқлаб олайлик.

– Қиз бизникида яшаб туради. Қайнонамни аллақачон рози қилганман.  Энам Жамилани бизникига олиб кел. Мусофир қизга ўзимиз бошпана берамиз, дедилар.

Жамила дарров ишга киришди. Колхознинг анчадан  бери йиғилиб  ётган қоғозларини, ҳисоб-китобларини бир-бир кўздан кечирди.

– Ҳисобчингиз жуда пухта ишлаган экан, – деди раисга.

– Ҳа, Сапарбой  ишига пухта, тоза ишларди. Райкомдагилар унинг ишидан мамнун эдилар. Аммо бояқишни 19 ёшга кириб-кирмасдан урушга олиб кетишди. Қийналиб қолдик. Икки йилдан бери сарсонмиз. Ҳисоботларни кимларгадир илтимос қилиб жойи-жойига қўяпмиз. Бироқ ишнинг устаси қилгани бошқача бўлади. Кутилмаганда, яқинда Сапарбойдан қора хат келди. Муштипар онанинг кўз ёшларига тоқат қилолмай қолдим. Қизим, сизнинг келишингизни эшитиб хурсанд бўлдик.

– Сапарбой менга ҳам бегона эмас эди. У турмуш ўртоғимни  амакисининг ўғли эди. Бир уйда  яшардик, худди ўз укамдек бўлиб қолган эди. Ҳисоб-китобни  жуда қисқа муддатда ўрганиб олди, – деди Авазжон опа куюниб. – Неварасининг ўлимидан сўнг энам ҳам қаттиқ  мусибатда қолдилар. Ҳарна сиз келиб, кўнгли ёришса, дейман.

Жамила ҳужжатлар билан танишиб, ҳаммасини бирма-бир расамади билан тахлаб бўлгач, Авазжон опадан кутубхонани сўради.

– Опажон, кутубхоначилик ҳам қилаётган экансиз. Менга кутубхонангизни кўрсата оласизми?

– Албатта, мана идоранинг ёнбошидаги хона кутубхонамиз.

– Китоб ўқишяптими?

– Аввалгидек эмас, лекин бирон кунини китобсиз тасаввур қилмайдиган китобхонларимиз ҳам  бор. Улар вақт топди дегунча шу ерга келишади. Урушга кетганлар ҳисобига китобхонларимиз камайиб кетди.

Жамила кутубхонани кўриб, кўнгли яйраб кетди. Ўзига керак Қодирийнинг «Ўткан кунлар»  китобини сўраганида, Авазжон ўйлангандек,  жимиб қолди.

Кейин бир қарорга келди, шекилли: – Сенга бошқа жойдан топиб бераман, – деди. Жамила гўзал муҳаббат қиссаси баён этилган бу китобни илгари ҳам ўқиган эди-ю, аммо яна ўқигиси келди. Ўшанда синфдошлар уни бир-бир ўқиб, қўлдан ўтказишганди. Яшириб, албатта.

Авазжон опа Жамиладан 2–3 ёш каттароқ эди. У холасининг ўғлига турмушга чиққан ва 3 йилдан бери фарзандлари ҳам бўлмаётган эди. Тракторчи бўлиб ишлаётган эри бир йили қиш қаттиқ келиб, чўлда совуқда қолиб кетган ва қаттиқ бетоб бўлиб қолган эди. Оёғини босолмай икки йил ҳассада юрди. Яқинда ҳарбий тиббий экспертиза уни урушга яроқли деб топди ва унга ҳам чақирув қоғози юборди. Наилож…

Опа-сингил тутинишган Аважон ва Жамила эртаси куни Ҳайитбой акани урушга кузатиб қолишди. Декабрнинг сўнгги кунлари қаттиқ изғирин бошланди. Авазжон кўзларидан оқаётган ёшни совуқдан қотиб қолаётганини сезмади ҳам. Жамила ҳам опасига қўшилиб юм-юм йиғлади. Ниҳолжон эна урушга учинчи ўғлини кузатар экан, йиғламади, йиғлай олмади.  Бир ўғли ва икки нафар невараси доғида йиғлай-йиғлай, кўз ёшлар ҳам адо бўлганди. Бироқ ўғли билан  хайрлашар экан, шундай бир қаътиятли ният билдирди:

– Ўғлим, душманни янчиб, юртимизда тинчликни ўрнатиб  қайтишингга ишонаман. Ўша кун келишидан умидворман. Сени Аллоҳга омонат қилдим. Ой бориб, омон қайт!

Эна шу гапларни айтиб, кафтини юзига тортди.

Арава қўзғалиши билан аёлларнинг йиғиси авжига чиқди. Жамила ва Авазжон фойтунда Амударё бўйигача Ҳайитбойни кузатиб боришди. Амударё бўйига етганларида йигитларни махсус йиғма кўприкдан бир-бир олиб ўтишди. Авазжон эрининг қучоғига сўнгги бор отиларкан, йиғидан ўзини тута олмади. Кемага ўтирганларни кузатишга чиққан аёлу бола-бақралар яна йиғини бошлашди. Улар орасида бир-иккитагина  эркаклар бўлиб, улар ҳам мункиллаган чоллар эди, холос. Кимдир лаънати Гитлерни, яна биров немисни, яна бири отинг ўчгур урушни қарғай бошлади. Бу йиғи-сиғилар,  изғиринли кунда жуда хунук ва аянчли манзара касб этди. Кемага беш юздан ортиқ йигитлар жойлашиб олишгандан сўнг, лангарлар олиниб, улкан кема айиқ юриш билан аста-секин жойидан қўзғала бошлаганида атрофни тағин, аввалгидан ҳам баландроқ  қий-чув босиб кетди. Энди ҳамма йиғларди. Болакай ҳам, қария ҳам.

Жамила опасини қаттиқ ушлаганича, ўзига тортди. Уни тинчлантирмоқчи бўлди. Бироқ шу пайт у бағридан сидирилиб чиқиб кетиб, Ҳайитбойга етиб олди. Йигитлар орасида йиқилиб қолмаслиги учун Ҳайитбой уни четга чиқишини тайинлади, юпатди.

– Авазжон, чеккага чиқ, қўй, сен йиғлама, мен, албатта қайтаман. Энамнинг дуолари беиз кетмайди. Иншааллоҳ, – деди. Авазжон эса тинмай йиғларди. Жамила бу тўс-тўполонда опасини йўқотиб қўйди ва хавотирга тушди. Кема тўлиқ дарёга чиқиб олиб, равон сузиб кета бошлаганидагина, одамлар орасидан опасини топди.

– Опажон, бу нима қилганингиз, менга ўрнак бўлиш ўрнига, ёш болага ўхшаб йиғлаганингизни қаранг.

– Жамила, юрагим тўлиб кетяпти. Ўтган йили икки акамдан жудо бўлдик. Урушдан қайтиб келишмади, бу йил онам мусибатга чидолмай оламдан ўтдилар. Нуроний дуогўйим отам бетоб бўлиб, ётиб қолди. Бу не қисмат экан, бу не балолар экан бошимизга бирин-бирин тушаётган, нима қилай ахир, мен йиғламай, ким йиғласин?!

Бу гаплардан сўнг Жамила ҳам ўзини тутиб тура олмади. Энди  Жамиланинг ҳам кўнгли вайрон, дили хуфтон бўлиб, урушда қолиб кетган амакиси, тоғасини айтиб-айтиб йиғлай бошлади.

Қизлар йиғи-сиғидан, изтироблардан толиқишди. Энди уларга изғирин совуқ ҳам ўз таъсирини кўрсата бошлаган эди.

– Опа, юринг уйга етиб олишимиз керак. Ҳадемай кун ҳам ботади. Кетамиз, – деди Жамила ҳолдан тойган Авазжонни фойтунга ўтқазаркан..

Жамила Ниҳолжон энанинг хонадонида бир йилдан ортиқ яшади.  Онадек меҳрибонлик кўрсатган Ниҳолжон эна Жамилани ўз қизидек яхши кўрди. Урушда фарзандларини йўқотган она учун ҳаёт нақадар оғир эканлигини Жамила ҳам яхши тушунарди. Ниҳолжон эна келини Авазжонга қандай меҳр кўрсатса, Жамилани ҳам худди шундай ардоқлади. У ҳам энага қаттиқ боғланиб қолди. Ушбу меҳр-муҳаббат ришталари кейин ҳам бу икки оила аъзоларини худди оҳанрабодек бир-бирига тортиб турди. Жамила ушбу қишлоқдаги ишини тугатиб, уйига қайтаркан, бошпана бериб, қизидек эъзозлаган энасига миннатдорлик билдирди. Уларнинг иссиқ бағридан чиқиб кетаётганидан ўксинди. Жамила бу хонадонда ўтган қисқа давр ичида шундай чексиз меҳр-оқибат, ҳурмат ва эътибор кўрган эди-ки, буларни умри давомида унутмаслиги тайин. Ниҳолжон энанинг опаси Гулжон эна, келинлари Авазжон, Малика, Онабиби ва қизлари Нуқулжон, Дурпошшалар билан ҳам худди опа-сингилдек бўлиб кетишганди. Дўстлар бошга кулфат тушганда билинаркан.

Жамила бошга қийинчилик ёки мусибат тушганида  инсонлар бир-бирини нақадар қаттиқ ардоқлаши, қадрлаши лозимлигини, «инсон тафтини инсон олади» , деган сўзларнинг асл моҳиятини Ниҳолжон эна хонадонида кўрди, ўрганди. Дилидан чуқур жой олган бу меҳридарё, қалби оқ, самимий инсонлар билан хайрлашиш унга осон бўлмади. Аммо наилож…

Шу орада уруш ҳам тугаб, йигитлар бирин-кетин юртига қайтиб кела бошлади. Лекин уларнинг кўпчилиги саломатлигини йўқотишган. Уч-тўрт йил ичида тамоман  қари чолларга  айланиб қолишгандек эдилар. Бу ҳам етмагандек кимдир оёғидан, кимдир қўлидан айрилган ҳолда уйига қайтарди. Бироқ ота-оналар, уларнинг фарзандлари шунга ҳам шукроналар айтишиб, хурсандчиликдан бошлари осмонга етарди… Илло, қирғинбарот жангу жадалдан қайтмаганлар, олис юртларда мангуга  қолиб кетган жону жигарларимиз қанча…

 1945 йилнинг 9 май куни радио карнайларидан немис фашист босқинчилари устидан қозонилган ғалаба эълон қилинди. Берлингача оловли йўлни босиб ўтган Ҳайитбой ака ҳам бир қўлидан айрилиб, шу йилнинг охирларида уйига кириб келди. Урушдан қайтган аскарларни бутун қишлоқ тантана билан кутиб олишарди. Ниҳолжон эна ва Авазжон ҳам бу қувончли хабарни эшитиб, Аллоҳга шукроналар айтишди. Урушдан кейин Аллоҳнинг инояти билан Ҳайитбой ака ва Авазжон опаларнинг бир-биридан ширин-шакар фарзандлари дунёга келди. Жамила опасининг ана шу қувончли кунларида ёнида бўлди.

 Юртимизда энди тинч ва осойишта ҳаёт бошланган эди. Аммо уруш ҳамма жойда ўз асоратларини кўрсатди. Юртга келган очарчилик, йўқчилик халқнинг тинка-мадорини қуритмоқда эди. Бироқ меҳнаткаш ва ҳамиша сабр-тоқатли халқимиз бу қийинчиликларни ҳам енгиб ўтиш учун  ўзида куч, матонат ва бардош  топа олди.   

Ҳайитбой аканинг урушдан қайтганини эшитган Жамила ҳам энасининг ва опажонисининг ёнида уларнинг хурсандчилигига шерик бўлди.

Davomi bor.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.