Ўша йилларда шўролар давлатида ҳар хил баҳоналар билан айбсиз кишиларни қатағон ва қирғин қилиш бошланганди. Халқни ўз ортидан эргаштира оладиган кучли, маърифатли, зиёли инсонлар қаторида тадбиркор, ишбилармон ва қўли гул кишилар ҳам «халқ душмани» , «миллатчи» деган тамға билан қамалиб, олис ўлкаларга сургун қилинаётган эди.
Эри ва акасини олиб кетишганда Бикажон еттинчи фарзандига ҳомиладор эди. Синглиси Пошшажон «дод» дея эрининг бағрига отилди. «Эримнинг не гуноҳи бор? Нимага олиб кетяпсизлар», – дея олди у. Рўзматбой бир зум хотинини бағрига босаркан, қулоғига шивирлади. Бу гапни фақат иккаласигина эшитишди…
– Нима деясиз, нималар бўляпти? – Пошшажон НКВД ходимларининг қўлига ёпишди ва шу саволлардан нарига ўтолмади. Хотини эри қулоғига шипшиган гапларни таҳлил қилиб кўришга ҳам улгурмасдан ҳарбийча кийинган кишилар ака-укаларнинг қўлларига кишан солишди.
– Мумкин эмас, мумкин эмас, юр, чиқ, тезроқ, – дея НКВД чилар уларнинг қўлларини орқасига қайириб, кишанбанд қилишди.
Орадан бироз вақт ўтар-ўтмас, уйни тинтув қилишга тушдилар. Юк машинасида келиб, хонадондаги сандиқ, тоза кийим-кечаклар, рўзғор буюмларини ҳам буткул йиғиштириб олишди. Уй шип-шийдам, энди болаларнинг эски кийимлари ва унниқиб қолган идиш-товоқлар ва йиртиқ кўрпачалардан бошқа нарса қолмаганди.
Опа-сингиллар нафас олишга ҳам қўрқиб қолишди. Кейин бирор кун ўтар-ўтмас уларни уйдан чиқариш жараёнлари бошланди.
– Уйни бўшатиб қўйишингиз керак, зудлик билан, топшириқ шу, акс ҳолда, сизларни ҳам авахтага олиб кетишга тўғри келади, – шундай деб, қуролланган икки киши аёллар ўтирган хонага киришди ҳамда болаларнинг қий-чувига ҳам қулоқ солиб ўтирмасдан дўқ-пўписага ўтишди.
– Тезроқ бўлинглар, бўшатинглар уйни. Муҳрлашимиз керак.
Қўрқувдан дир-дир титраган аёллар болаларининг ҳар ерда сочилиб ётган кийимларини йиғиб олишга уринишарди холос.
– Энди нимамиз қолди? Қаерга борамиз? Ақалли эски кийимларимизни олишга рухсат беринглар, – Пошшажон опаси ва жигарларининг зарур нарсаларини йиғиштира бошлади. Бикажоннинг эса гапиришга ҳам ҳоли-мадори қолмаганди. Бояқиш оиласини ўз уйларидан зўравонларча ҳайдаб чиқаришаётганидан даҳшатга тушиб, буткул довдираб, эсанкираб қолганди. Шундай эрса-да, оёғини аранг судраб болаларининг қошига келди. Пошшажон эса бир томонда болалар, бир ёқда оғироёқ опаси – жигаргўшалари билан овора эди.
Катта қизи Тўпажон 16 ёшда, ўғли Зарифбой 14 ёшда, кейингилари – Ражаббой, Раҳимбой, Жумабой, Хўжабойларнинг фарқлари бир-икки ёш.
– Хола, юкларнинг оғирини менга беринг, – кичкинтой укасини орқасига опичлаб олган Зарифбой иккала қўлига ҳам сиғгудек юкларни олди. Болалар эски бўлса-да, ўзларига тегишли бўлган нарсаларнинг бирортасини ҳам ташлаб чиққиси келмасди.
– Тўпажон, сен онангнинг ёнида бўл, – деди базўр тугунчаларини қўлига ушлаган опасига қараб, Пошшажон. Болаларнинг барчаси қўлида юк билан, хомуш ва мунғайган бир ҳолатда ўз уйларини тарк этишди.
Кичкинтой Хўжаёз, Жумаёзлар эса уйларидан нима учун чиқиб кетишаётганини унчалик англашмасалар-да, бу ҳолатдан норози кайфиятда чинқириб йиғлаб юборишди. Бу армонли кўчиш, иссиққина хонадонни ташлаб чиқиш ҳар бир оила аъзосини юрагини ларзага келтирган эди.
Зарифбойнинг бўйи анча чўзилиб, мўйлаби сабза урган, энди-энди кучга тўлиб, ишга яраб қолган эди. Шу боис отаси касбини пухта ўрганиб, рўзғорга яраётганди. Заводга янги келган ишчилар билан ёнма-ён ишлаб, оталарига яқиндан кўмакчи бўлди. Энг муҳими, отасининг касбу корини пухта ўрганиб олганди.
– Опажон, қўлингиздаги юкларни беринг болаларга, ўзимиз кўтариб оламиз. Сиз эҳтиёт бўлинг, – оғироёқ опасининг кўнглидан нималар ўтаётганини Пошшажон жуда яхши биларди. Ҳали вақти бор. Ишқилиб, бемаҳал туғиб қўймасин-да. Ҳар гал опасининг ҳаракатларини кузатар экан, синглисининг кўнглидан шулар ўтаверарди.
Зарифбой қаердандир топиб келган ғалтак аравага юкларни жойлаштирди. Араванинг ғилдираклари темирдан бўлиб, уни тортишнинг ўзи азоб эди. Боядан бери елкасидан опичлаб олган Хўжаёз аравага минаман, дея тихирлик қилаётгани учун уни ўтқазиб, қўлига тугунчани берди. Кичкинтой аравага ўтирганидан қувониб, акаларига жилмайиб қаради. Зарифбой араванинг икки узун таёқдан ишланган дастаклари орасига кириб, худди аравага қўшилган отдек уни торта бошлади. Юк ортилган темир арава базўр ўрнидан силжиди. Зарифбой уни бор кучи билан торта бошлади.
– Тўхта ўғлим, уни арқон билан маҳкамлаб олмасак, ҳамма нарсамиз тушиб қолади-ку, – Пошшажон анча тадбирли аёл бўлгани учун арқоннинг ғамини ҳам еб қўйган эди. Зарифбой ўзининг бу антиқа «улов»ига нарсаларни тартиб билан жойлаштирди. Холаси унинг пишиқ-пухталигини кўриб, қувонди. «Жияним ёш бўлса-да, жуда тартибли, пухта, ақлли йигит бўлибди», хаёлидан ўтказди у.
Не бахтки, бу оламда ҳамиша яхши инсонлар топилади. Масжидга етиб олган «кичик карвон» ни кўриб, масжид имомининг хотини уларга пешвоз югуриб чиқди. Пошшажон чаққонлик қилиб, олдиндан Нури эна билан ишни пишитиб кетган эди.
– Нури эна, биз келдик, – Бикажон хўнграб йиғлаб юборди. – Пешонамизда бу кўргиликлар ҳам бор экан, эна, нима қилайлик. Юзимиз қора бўлиб қолди. Биз бой хотинларнинг яхши яшашга, ўйнаб-кулишга ҳаққимиз йўқ экан. Биз «ўғри, каззоб, муттаҳам» эмишмиз. Ғинг десак, бу кунимизни ҳам кўрмас эканмиз.
– Она, ҳалиги бадбашара одамлар нега отамизни олиб кетишди? – қизиқиб сўради Ражаббой. Бикажон чурқ этмади. Нимадир деса, болаларига ёмон бўлишини билгандек, синглисига қаради. – «Деворнинг ҳам қулоғи бор», – аста шивирлади. Кейин эса оғзидан чиқиб кетган гапидан ўзи ҳам қўрқиб кетди.
– Ўғлим, катта бўлиб олайлик, ҳамма нарсани ўрганамиз. Қани келинглар. Нарсаларимизни жойлаштирамиз, – деди холаси уларга жавобан. Бир кундамас, бир соатнинг ўзида «Шўролар» ҳукумати, «НКВД чилар» каби сўзларни ишлатишга қўрқиб қолган аёллар болаларини барча хавф-хатарлардан ҳимоя қилишга тайёр эдилар. Болаларнинг олдида нимадир деб қўйишдан ўзларини тийишга қанчалик ҳаракат қилишмасин, гоҳо дилидагилар бехосдан чиқиб кетаверарди.
Бикажон шу икки кун ичида азбаройи изтиробнинг зўридан, озиб-тўзиб кетди. Юрагининг уриши ўзига эшитилаётган қўрқинчли кечаларда синглиси ва болаларини бағрига босиб, тунларни уйқусиз ўтказди. Эшик тиқ этса, қўрқиб қолган опа-сингиллар тақдирнинг ҳар қандай аянчли қисматига матонат билан дош беришга ҳаракат қилишарди. Негаки, ортида фарзандлари бор. Улар учун яшашда давом этиш керак.
Эртасига Бикажон еттинчи фарзанди – қизини кечаси оиласи билан келиб жойлашган масжидда дунёга келтирди. Пошшажон опасига ўзи доялик қилди. Нури эна унга кўмакчи бўлди. Қизчанинг исмини Гавҳаржон деб қўйишди. Топганимиз гавҳар бўлсин, қадами қутлуғ бўлсин дея, ниятни яхши қилишди.