Инсонлар ўз насибаларини, ризқларини ҳар хил топадилар. Оллоҳ уларга орзу-интилишлари, ният ва амалларига қараб ризқ тақсимлаган. Кимдир шифокор, педагог, журналист, қурувчи, оддий ишчи ва ҳоказо сифатида меҳнат қилиб, ўз насибасини йиғади.
Баъзан тақдир инсон бошига қаттиқ қийинчиликларни солади. Ана шу синовлар олдида довдираб қолмаслик учун ҳаракат қиламиз. Оиламиз, бола-чақамизни боқиш учун кунни тунга улаймиз. Рўзғор ташвиши ҳеч бир инсонга бегона эмас.
Чиройли хулқи, хатти-ҳаракатлари билан инсон кўп нарсага эришади, аксинча ёмон амаллари билан анчайин нарсаларни йўқотади ҳам. Буни сезмаслигингиз мумкин эмас. Ҳаётингизни яхшилаб таҳлил қилиб кўринг. Нималарга эришдингиз-у, нималарни бой бердингиз?!
Бизнинг ҳайвонлардан фарқимиз ҳис-туйғуларимизни, майллар ва хирсимизни жиловлай олишимизда. Оллоҳ бизни қобилиятли мавжудот қилиб яратган экан, албатта инсонийлик бурчларимизни адо қилишимиз керак. Гўзал хулқ эгаси бўлмоқлик – улкан саодат. Чиройли яшаш учун эса энг аввало одамийлик устувор бўлиши лозим.
Мен ҳеч кимга ўргатмоқчи эмасман. Ҳаётни кўрган, турмуш ташвишлари ва рўзғорнинг оғир юкини кўтарган аёл сифатида фикр билдиришни бурчим, деб билдим холос.
Маданиятли, одобли ва хаёли бўлишга, ҳар бир кунга шукроналик қилиб, гўзал хулқ эгаси бўлишга нима етибди. Ўзбекона ҳаё, миллий қадриятлар, урф-одатларимизга амал қилиш бурчимиз.
Ризқу насибамизни топишимиз учун шарт-шароитлар бор. Инсонлар бир-бири билан муросага келиб яшасалар, юрт тинч бўлади. Юрт эгаси шу кунларда бошқа мамлакатлар билан ҳам дипломатик алоқалар ўрнатиш, ўртада ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустақкамлаш устида бош қотириб, елиб-югуриб юрган бир пайтда муомалали, чиройли хулққа эга ва гўзал сифатли инсонлар бўлайлик.
Орамизда китоб ўқишни ўзининг ҳаёт мазмуни деб биладиган кишилар жуда кўп. Яқинда бозорга борсам, картошка сотаётган аёл китоб ўқиб ўтирибди. Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи. Картошканинг пулини сўрадим. Дарров китобни қўйиб, хушмуомалалик билан, “Келинг опажон, вақтлироқ уйга кетмоқчиман. Ҳаммасини олсангиз арзон бераман”, деди. Ўлчадик, тўрт ярим кило чиқди. Фариштали, хушмуомала бу қиздан қолган картошкаларини сотиб олдим.
Жаҳлдор, қовоғи осилган сотувчининг олдига бормасликка ҳаракат қиламиз. Ҳаммамиз шундай.
Дунё – бир бозор. Ҳар хил одамлар яшайди, ишлайди, меҳнат қилади. Ризқ топиш ҳам осон эмас. Чаққон, абжир бўлмасангиз оғзингиздагини олиб кетишади. Бармоқлар ҳам бир хил бўлмаганидек, Оллоҳ инсонларни ҳам ҳар хил қилиб яратган.
Жаҳон маркетологларининг таъкидлашларича, бизнес ривожида 80-90 фоизни дипломатия, яъни муомала маданияти ташкил қиларкан. Яхши гап билан илон инидан чиқади, дейди доно халқимиз. Ўзаро хушмуомалаликда гап кўп. Харидорга ҳам, ён қўшнингиз, ҳамкасбингизга ҳам хушмуомала бўлинг.
Инсонлар ўз насибаларини, ризқларини ҳар хил топадилар. Шукур қилинг! Эҳтимол, сиз ҳам ёшлигингизда қайсидир касбга ёки ҳунарга астойдил қизиқиб, унинг этагидан маҳкам ушлаганингизда, балки бугун бозорда эмас, битта столда, соя-салқинда ўтириб, ризқингизни топармидингиз. Аммо олий маълумотли, олим, профессор бўлиш муҳим эмас, муҳими одамийлик, инсонийлик фазилатлари билан гўзал ҳаёт кечириш. Баракасини берсин.
Онамнинг уруғи қишлоқда яшайди. Тоғамнинг қизи ўз оиласи билан мўъжазгина, шифер қилинмаган уйда камтарона ҳаёт кечиради. Бироқ бирон марта ҳам нолиганини эшитмаганман. Томорқаси, 2-3 та моли, сигири, товуқ ва жўжалари бор. Уларни ўзи кўпайтирган. Оила аъзолари билан далага ишга чиқади. Келинойисининг вафотидан кейин икки нафар қизини қарамоғида олиб, уларга ҳам меҳрибонлик қилди, бошини силади, аммо нолимади. Ўғлининг икки нафар фарзанди бор, жами етти киши бир оилада тинчгина яшашади. “Бир бурда нон билан қорнимиз тўяди, шукур, ҳамма нарсамиз бор”, дейди ҳамиша. Ўтган йили Қурбон ҳайити куни қўй сўйиб, қурбонлик қилиб, шу оилага олиб борсам, эртасига ўша юборган гўштдан маҳалладаги ночор оилаларни чақириб, ўтган ота-боболари руҳига Қуръон тиловат қилдириб, садақа қилибди. Жиянимнинг кенглигига қаранг… Бундай одамлар, шукурки орамизда жуда кўп. Сиз ҳам ана шундай инсонсиз. Ризқу насиба топаётган экансиз, баракасини берсин. Озига шукур қилинг, жаҳлга эрк берманг. Ота-онанинг ҳар бир хатти-ҳаракати фарзандларда ўз аксини топади, буни ҳам унутманг. Эртага – қариганимизда болаларимиз бизни боқадиган бўлиши учун бугундан тайёргарлик кўрайлик.
Инсонлар ўз насибаларини, ризқларини ҳар хил топадилар. Мустақилликнинг илк кунлари – мамлакатимизда озиқ-овқат заҳираси тугаб, ишлаб чиқариш корхоналари ёппасига тўхтаб қолган йиллар эди. Кўпчилик ризқу насибасини топиши учун чет элларга ишлашга мажбур бўлишганди. Мен ҳам шулар орасида бўлдим. Қўлимда дипломим бор, мутахассисман, аммо илож йўқ, элга келган тўй. Таътил пайтларида ёки ўз ҳисобимдан таътил олиб Россия Федерациясига ва Қозоғистонга қатнадим. У пайтлари 4-5 кун, узоғи борса 15 кун ичида тижорат ишларини қилиб, яна қайтиб келардик. Шу билан уй қурдик, томини бостирдик, пол қоқиб, аста-секин бир хонани таъмирлаб кўчиб ўтдик. Жанжаллашиб эмас, доимо муроса билан, атрофдагиларга жаҳл қилмасдан ишладик. Ўзга юртда ризқимизни топишга мажбур бўлдик. Ҳозир ҳаётимиз тинч, ақлимизни, мутахассислигимизни ишга солиб, меҳнат қиладиган даврлар келди, шукур.
Инсонлар ўз насибаларини, ризқларини ҳар хил топадилар. Раҳматлик онам 93 ёшда оламдан ўтдилар. Ҳамиша “ақлингга иш буюр, қизим”, дердилар. Буни ёшлигимда тушунмасдим. Кейин тушундим. “Оёғинг билан эмас, аввал ақлинг билан югур, етти ўлчаб бир кес, ҳар бир ишни чуқур ўйлаб, кейин бажар”, деганлари экан.
Оиланинг устуни бўлган ота-онанинг насиҳати, танбеҳини эшитиб, унга амалга қилган кам бўлмайди. Хатти-ҳаракатимизни созлашимиз, тўғри йўлдан адашмаслигимиз керак. Она-она фарзанди учун жон куйдиради. Ақлга иш буюрайлик. Ақл билан меҳнат қилсак, насибамизни осон топамиз.
Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист