Дуоларимизни Оллоҳнинг ўзи ижобат қилсин!

0
293
марта кўрилган.

Интернетни титкилаб, дўстларим жўнатган коронавирус тарихи ва бугуни ҳақидаги  хабарларни ўқиб, таъбим хира тортиб ўтиргандим. Давронбек ўғлим телефон қилиб, “Опажон бугун дам олиш, Паркент томонларга бир айлантириб, мадор сўмсалар  билан меҳмон қилиб келсам, вақтингиз борми, бугунга режалаштирган ишларингиз йўқми?” деб сўраб қолди.

 “Тўғри қиласан ўғлим, дунёнинг ваҳималаридан воз кечиб, борлиқнинг гўзаллигидан баҳра олишга нима етсин”  дедим. “Ҳозир ярим соатда борамиз, кийиниб туринг”, дея гўшакни қўйди. Спорт кийимларимни кияр эканман, бугун ўқиганларим хаёлимдан кетмасди:

10 февраль куни коронавирус тарихида энг ёмон кун бўлибди. Ўша куни Хитойда 108 киши коронавирусдан ўлибди, уларнинг барчаси 60 ёшдан юқори экан.  Иккинчи мақола: ЛЕКИН ўша куни … Жаҳонда 26 мингдан ортиқ киши ракдан, 24 мингдан кўп киши юрак хуружидан, 4300 киши қандли диабетдан ўлибди. 3000 киши ўз жонига қасд қилибди. Ер юзидаги ўртача қотиллик кунига 1300 киши ёстиғини қуритар экан. Илон чақишидан эса  ер юзида кунига 150 нафарга яқин  одам бу оламни тарк этар экан.

Учинчи ҳабарни  хаёлимдан ўтказаман: Халқимизнинг  ажойиб матали бор: “Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади”. Шунинг учун, азизлар, ўзингизни эҳтиёт қилинг, шахсий гигиенага алоҳида эьтибор беринг, қўлларингизни тез-тез совунлаб ювинг. Лекин ҳа деб ваҳима чиқараверманг.

Турфа феълли турли одамларнинг хабарларини йўлга тушганимизда унитдим.

Паркент туманига кириб  Сўқоққа қараб йўл олар эканмиз. Баҳор нафаси, майсаларнинг ифори думоққа урилди. Тоғнинг мусаффо ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олдим. Йўл ёқасидаги  тандирхоналарни ва унинг атрофидаги ўзбекона супаларда дам олиб,  баҳор неъматидан танаввул қилиб ўтирган кишиларни кўриб, қалбимга осойишталик энди, дилим яйради.

 “Адажон, қаранг, ўтган  йили варрак учирган жойимизга экинлар экишибди,– деб қолди невараларим. “Ҳали варрак учирадиган жой кўп чиқади, аввалига  сизларни мадор самса, шашлик билан сийлай”, жавоб қилди ўғлим.

Ўғлим таъкидлаганидек тоғ адирларида варрак учираётган  майдонлар бирам кўп эканки,  гўё бутун  Тошкент аҳли  варрак учиришга оилавий кўчиб чиққандек эди. Одамларнинг оилавий дам олишларини, осмон узра парвоз қилаётган варракларнинг мафтункорлиги ва жозибасига маҳлиё бўлиб турсам, “бувижон сиз ҳам варрак учирасизми” деб қолди Дилнура қизим.  У мени варракларга суқланиб тикилаётганимга хурсанд бўлиб, ўз варрагини бергиси келиб кетди. Меҳрибонлигидан, сергирлигидан  хурсанд бўлдим.   Эзгу тилаклар ила дуо қилиб қўйдим. Эрталабки, интернетнинг нохуш хабарлари ҳам кўнглимдан кўтарилди. Олам гўзаллигидан баҳра олиб, дилим равшанлашди.

Шу пайт телефоним жиринглаб қолди: “Опа, қаердасиз ёнингизга ўтмоқчи эдим” қизимнинг қўнғироқдек овози жаранглади. “Укангни оиласи билан Паркентдамиз”, жавоб қиламан унга. “Опа, ўзларингизни асранг. Бош вазир йиғилиш ўтказяпти. Таълим- тарбия муассасалари эртадан  карантинга бекилади. Талабаларимизга бир-бир телефон қилиб ўтирибмиз. Эҳтиёт бўлинглар”.

Хабарни эшитиб, Ё, Раббим! Шундай гўзал бўстонларингни, ўзинг берган навқирон авлодларимизни ўзинг асра. Илк яратувчи – Фотир ўзингсан, еру кўкка Султон ўзингсан, ҳар ишга қодиру ҳозир ўзингсан! Касалликдан, ожизликдан ўзинг асра. Ҳеч кимдан кам айлама, ҳеч кимга хор айлама! Юртим тинчлигини, гўзаллигини ўзинг асра дея беихтиёр шивирлади, лабларим.  Онаманда… Бувиманда…

Дарҳақиқат, бугун  мактаб, боғчалар ишламаётгани учун анҳор бўйларига  невараларимни етаклаб чиқсам, ҳамиша гавжум шаршара бўйларида одам кам. Хаёлимни неварамнинг овози бўлди. “Бувижон қаранг, бизнинг тоғ олчамиз гуллабди”, дея хурсанд бўлди Юсуфбек. Анҳор бўйида бодом, ўриклар гуллаган эди. Бугун эса тоғ олчаси қийғос гуллаб, неварамни қувонтирди. Невараларим билан уни тўйиб-тўйиб ҳидладик. Неварам тоғ олчанинг нишона-мевасини кўрганида  ана шундай хурсанд бўлган эди. Дарахтнинг мева тугишини у ўшанда, ўтган йили онгида биринчи марта  кашф қилган эди.  Шунинг учун “бу олча уники бўлиб қолган”.

 Азизларим бир нарсани унитманг, агар Оллоҳ ўз паноҳига олса, одамизотга тикон ҳам кирмайди. Аллоҳга таваккал қилайлик дуоларимизда тезроқ бу вирусни йўқ бўлиб кетишини  Яратган эгамдан сўрайлик. Соғлом турмуш тарзига риоя қилайлик. Ҳар биримизни, фарзандларимизни, невараларимизни, эл-у юртимизни Яратган эгам ўз паноҳида асрасин. Дуоларимизни Оллоҳнинг ўзи ижобат қилсин. Омин!

Раъно ЗАРИПОВА

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.