Эл дардида юрган кишини фаришталар қўриқлайди, дерди фронт орқасида ишлаган онам Жамила момо Ҳажиева

0
344
марта кўрилган.

Онам  қутлуғ 94 ёшида боқий оламга рихлат қилди (Жойи жаннатдан бўлсин). Ўн бир фарзандни тарбиялаб, элнинг юкини тортишга ўргатган волидамнинг саъй-ҳаракатларида, туриш-турмушида бугунги ёшларга намуна қилса арзийдиган улуғворлик бор эди. Юрагининг туб-тубида иродасини тамомила енгиб бўлмайдиган куч-қудрат, сир-синоат, чексиз туйғу бор эди. Аслида у бутун миллатга, ўзбек аёлларига хос фазилатлардир. У муҳаббат! У садоқат! У самимият! У шижоат! У элга меҳр! Ана шу кенгликни, чексизликни онагинамнинг ҳикояларида ҳис этардим. Хотираси олдида таъзим қиламан.

Онам ҳикояларидан: Уруш бошланган йили мактабни тугатдим. Ҳамма эркаклар урушга кетиб ҳисоб-китобни биладиганлар қолмади. Мактабни аъло баҳоларга битказганим учун мени колхозга ҳисобчиликка қабул қилишди. Шаҳарда бир ойгина малака ошириш курсида ўқитишди. Колхозда ҳисобчи, омбор мудири ва табелчи бўлиб ишлай бошладим.  Кундузи далада, кечаси бухалтерия ишлари билан идорада бўлардим. Ярим тунда уйга кириб келардим. Дугонам Бибижон ҳам, шунингдек, бошқа хотин-қизлар ҳам ана шундай 2-3 эркак киши ишини бажаришар эди. «Ўзим учун ва ўша йигит учун», «Ҳамма нарса фронт учун» деган шиорлар бор эди ўша пайтлар.

Москва остонасида қизғин жанглар бўлаётган бир пайтда колхозимиз аҳли фронт учун ёрдам пули тўплашди. Кимдир пул берди, кимдир қимматбаҳо тақинчоқлар, кимдир ўз қўли билан тўқилган иссиқ кийимлар, хуллас имкониятига қараб, жангчилар учун, қурол-аслаҳа учун армуғон қилди. Қишлоқдошларим ҳамма пул-у тақинчоқларни санашди. Муҳр уришди. Йиғилган жамғармани чакида халтага(сузма сузиладиган халта)га солишди. Оғзини боғлаб менга шаҳарга етказ, дейишди.

Отамнинг севимли юввош оти бор эди. Бўйим паканароқ бўлиб, от тушовига оёғим етмасди. Отам кўтариб отга миндирди. Чакида тўрвани қўлимга тутқазиб, ”Ўзинг билган банкка қараб отни чоптир”деди. Шаҳарга банк бекилиши арафасида етиб келдим. Қаҳри қаттиқ кунлар эди у пайтлар. ”Илоҳим, тут пишиғига эсон-омон етиб олайлик”, дея халқимизнинг Оллоҳга тинмай нола қилаётган кунлари эди. Нафси ҳакалак отганлар ҳам йўқ эмасди. Ана шундай пайтда қишлоқдошларим асраб- авайлаб қўйганларини чиқарди. Турмуш оғир, бир бурда нон ҳам азиз. Ҳамманинг дўпписи тор келган пайтда мен қишлоқдошларимнинг бойлиги билан ёлғиз кетаётган эдим. Тинимсиз Оллоҳдан мадад сўрардим.

Намозшомда уйга қайтдим. Ота-онам қишлоқдан чиқаверишда кутиб туришган экан. Мени кўришди-ю иккаласининг ҳам чиройи очилди. Гўё булут тарқалиб, қуёш чиққандай бўлди.

–Элнинг иши учун, эзгулик учун юрган кишини Худонинг ўзи паноҳида асрайди, қўллаб қувватлайди,– дедилар отам. Мени отдан тушириб олар экан, пешонамдан ўпиб қўйдилар. Шу-шу отда юришни ҳам ўрганиб олдим.

Ҳаракатда-баракат! Баъзан эртанги кун илинжида оромингни йўқотасан. Бошланадиган ҳодисани кутиб дил ҳаприқади. Унга ҳам жисмонан ҳам руҳан тайёргарлик кўра бошлайсан.

Иккинчи жаҳон урушининг қаттол кунлари. Баҳор келиб, экин –тикин кунлари яқинлашган пайт.  Бироқ, колхоз далаларига экишга уруғлик йўқ.  Ғалабани кутиб, ғалаба илинжида ҳамма нарса фронтга бериб юборилган. Давлат заҳирасида ҳам колхоз заҳирасида ҳам уруғлик йўқ. Колхоз раҳбари олдига ташаббус билан кирдим: Ерларни оилаларга уруш тугагунча қарор чиқариб бўлиб берайлик, ана шунда уруғликни ўзлари топади дедим. Раисимиз кекса киши эди. Сапчиб тушди.  Давлат ерларини хусусийлаштириш, яна қарор билан–а! Ниҳоят гапимга кўнди, ўзингни ташаббусинг, туман ва вилоят раҳбарларига ўзинг тушинтириб келасан деди. Раҳбарлар олдидан ҳам ўтдик, ерни бўлиб бердик. Уруғлик топилди, ўша йили ҳосил мўл бўлди. Маълум фоизини оилаларнинг ўзларига қолдириб, давлат планини ҳам бажардик, фронтга ҳам қўшимча маҳсулот жўнатдик. Давлат ерини бўлиб бериш у пайтларда жиноят эди. Оғир йилларда, уруш йилларида қўллаган тадбиримиз, мустақиллик шарофати билан қайта  амалга оширилди. Ҳозир ерларни эллик йилга хусусийлаштирилиб берилаётганини эшитганимда, уруш йилларида вазиятдан чиқиш учун тўғри йўл танлаганимизни яна бир карра ҳис қилдим. Ҳар бир ишда элнинг манфаатини ўйлаб иш қилиш Оллоҳга ҳам, бандасига ҳам хуш келади, болаларим.

Муаллиф хулосаси: 9 Май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маросимдаги мамлакатимиз Президенти  маърузасини телевизордан тингладим. “Уруш йилларидаги ҳалқимизнинг жасоратини қайта-қайта ёзиб, тинчликнинг қадр-қимматини ёшларнинг онг-шуурига сингдириш керак”, деган сўзлари мени онам ҳикояларини қоғозга туширишга ундади. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, шунингдек, фронт орқасида Ватан учун жонбозлик кўрсатиб ишлаган  ҳар бир кишининг хотираси олдида таъзим қиламиз!

Раъно Зарипова,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.