Фарида Афрўз: Ижод – йўргакдан аввал теккан дарддир

0
1019
марта кўрилган.

Ҳақиқий ижодкор адабиётга эмас, адабий бир шавқ ижодкорнинг қонига кириб келгачгина сўзнинг таъсирига тушади. У энди ўз хаёлларини ато қилинган сўз қудратига таслим қилади. Ёхуд ато қилинган илоҳий қудратнинг ўзи уни бошқара бошлайди.

Бир учлигимда: “Ижод – йўргакдан аввал теккан дарддир”, дегандим.
Дарҳақиқат, Яратгувчи сўз ошиғига у ҳали бу дунёга келмай турибоқ “шоир” дея тақдири азалга рақам чекади. Бу гап қанчалик баландпарвоз туюлмасин, адабиёт ҳақидаги ўй-тушунчаларнинг негизи шунга бориб тақалади.
Сўз, шеър, шавқ. Шоир мана шу уччала қудрат билан тирик. Ўз сўзи фақат ўзиники бўлган СЎЗ эгаларигина – ШОИР.
Шеър – фақат ўз ҳоли билан, ўзининг ташбиҳлари билан оқиб келадиган пўртана оқим.
Шавқ – бу неъмат. У тилаб олинмайди, талаб қилиб ҳам. Шавқ ато этилади, яъни чинакам шоирга шавқ шавқларнинг яратгувчиси томонидан илтифот қилинади. Бу уччала бирлик шоирнинг “мен”ини ташкил этиб беради.

Фарида Афрўз

Опа, она бўлолмадинг, онамдан кейин,
Юкундим, югурдим, чопдим ёнингга.
Сен эса рўзғорнинг лойига ботдинг,
Ўз болаларинг жон бўлди, жонингга.

Гарчи, меҳрибонсан, беадад, беҳад,,
Менга тикан кирса, жонларинг халак.
Қуш сайраса, ногахон, синглим келар деб,
Жиззали нон ёпиб, кутарсан илҳақ.

Ака, ота бўлолмадинг, отамдан кейин,
Изладим, бўзладим, ёнингга чопдим.
Сен эса, рўзғорим, ўғлим, қизим деб,
Сўраб борсам, доим меҳнатдан топдим.

Гарчи, қалқонимсан, темирдай қўрғон,
Шаънимга ҳимоят, қиличнинг дами.
Яқин кел,суянчим – узоқдаги тоғ,
Сен борсан, ҳеч гапмас, дунёнинг ғами.

Майли, бу таънамас, минг бора узр,
Юрагим ўртанди, ўкиндим бир оз.
Мен-да, қиз бўлмадим, иккингизга ҳам,
Отамни, Онамни соғиндим холос…

* * *

Аёлни сев,
аёлга ёлбор,
Минг бир кеча эртакларинг айт,
Алпомишлар туғиб беради.

Аёлни сев,
остонасин ўп,
Қаср қурма, кўнглини сўра.
Бало келса, туриб беради.

Аёлни сев,
ўламан дегил,
Ишқ яратган парвардигордан,
Сенга умр сўраб беради.

* * *

Юрагимнинг қаеридир куяди,
Симиллайди,
чарсиллар, санчар,
Гўё минг йил юраксиз яшаб.
Бир қадоқ оғриққа куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Кўзимда дарёлар жимирлар аста,
Уфуради,
буғланар, тошар,
Гўё минг йил тошқинсиз яшаб,
Бир томчи иқрорга куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Ҳушёр тортар руҳим — имтиҳон берар,
Қалтирайди,
дилдирар, титрар,
Гўё минг йил кўнгилсиз яшаб,
Бир аҳмоқ ақлга куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Деразамни ёпаман, этим учади,
Жондан ўтар
изғирин, шамол.
Гўё минг йил қуёшсиз яшаб
Бир нуқра чўғингта куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Сени соғинганман,
оҳ, нима қилай,
Нима қилай, ахир, айт, нима?!
Гўё минг йил сенингсиз яшаб,
Бир ютим ажалга куним қолгандай…

Сени соғинганман…!

* * *

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.