ФАРИДА АФРУЗ шеъри: ИҚРОР

0
191
марта кўрилган.

Дунёда яхши одамлар жуда кўп. Улар умрингни мазмунли қилади, ҳаётингни безайди. Инсонийлик ойнасини юзингга тутади. Қандай яшаш андозасини қўлингга беради. Эплолмаган, англолмаган, тахликада қолган пайтларингда ўзингни ўзингга уялтиради…

Аммо яна бир бўхрон борки, унинг қаршисида лолсан, карахтсан! У- ЯХШИЛАРНИНГ ЯХШИСИ!
ЯХШИЛАРНИНГ ЯХШИСИ бўлмоқ учун жазирамада соя, қаҳратонда бир ўчоқ олов бўлишинг керак. Чумолини босмай ўтишинг, қушларга увоқ тутишинг, тоғнинг уввиллашини, ёмғирнинг шивирини эшитишинг керак.
Дардманд олдида ўзингнинг дардингни унутишинг, бахтлилар олдида ундан-да бахтироқ, чорасизга чора, юпинга чопон бўлишинг керак.

Ҳаёт марафонида ҳориб, чўк тушиб қолганингда, олдингга тушиб мадад берадиган кишидир – ЯХШИЛАРНИНГ ЯХШИСИ!
Сенга тош отилаётганда, қўлларни тутиб қолувчи билакдир – ЯХШИЛАРНИНГ ЯХШИСИ!
Шонингдан қувонадиган, қадрингдан қадрланадиган фахрдир – ЯХШИЛАРНИНГ ЯХШИСИ!
ХУРШИД ДЎСТМУҲАММАД – шундай инсон!

У адибликда – ХУРШИД – ҚУЁШ, Ёрликда – ДЎСТ, одамийликда – МУҲАММАДдир! Бундай инсоннинг ёнида туриш, яшаш, суҳбатдош, нигоҳдош бўлиш қанчалар МУКОФОТ эканлигини билсак эди, биз ғофиллар?! 

Қани эди, унинг шу заковот ёшида ҳеч ким ва ҳеч нарса халақит бермаса-да, ёзаверса, ёзаверса… Биз эса, ўқийверсак, ўқийверсак…Агарки, ғафлатда қолмасак, агарки, уйқудан уйғонолсак!?… Дарвоқе, ижодкорнинг умри ёзганларида узаяди.Чунки, у яратданидагина яшайди..!
Азиз УСТОЗ, Илоё, умрингиз ОРЗУларингизга етсин!

ИҚРОР
Устоз Хуршид Дўстмуҳаммадга

Йўлингга чироқлар тутади,
Келмасинг билса ҳам кутади,
Қадрсиз, қадрингга етади,
Дунёнинг энг яхши одами.

У борки, қоматинг кўркамдир,
У борки, ҳар кунинг кўкламдир,
Дарбадар кемангга елкандир,
Дунёнинг энг яхши одами.

Йўғингдан борлиқлар ясайди,
Шонингга ёрлиқлар тўшайди,
Қараши отангга ўхшайди,
Дунёнинг энг яхши одами.

Шамолда тебранган анордек,
Ёрилиб тинглайди ёрондек,
Сояси минг йиллик чинордек,
Дунёнинг энг яхши одами.

Юрганда майсалар куларлар,
Сўз айтса, қумрилар тинарлар,
Кўксига ин қурган турналар,
Дунёнинг энг яхши одами.

Дарё у – ирмоқлар шошгувчи,
Тўлқиндир қирғоқдан тошгувчи,
У ишқдир – ҳаддидан ошгувчи,
Дунёнинг энг яхши одами.

Руҳингга қувват ҳам ўшадир,
Энг жонон суҳбат ҳам ўшадир,
Топганинг ҳикмат ҳам ўшадир,
Дунёнинг энг яхши одами.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.